Қайси банклар ходимларига кўпроқ пул беради?
«Агробанк» ходимларга пул сарфлашда етакчи бўлсада, фойда олиш бўйича 23 ўринда турибди. Давлат банклари хусусий банкларга нисбатан ишчиларига кўпроқ тўламоқда.
© Vaqt.uzЎзбекистондаги банклар 2026-йилнинг I чорагида ходимларига иш ҳақи ва бошқа харажатлар учун 4 трлн 438 млрд сўм сарфлади. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,8 фоизга кўпроқ.
Мамлакатдаги фақатгина 3 та банкда ходимлар учун харажатлар 2025 йил I чораги билан солиштирилганда камайган — «Капиталбанк», «Инфинбанк» ва «Авобанк».
«Капиталбанк» ўтган йили ходимларига 275,9 млрд сўм сарфлаган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 2,2 фоизга пасайиб, 269,8 млрд сўмни ташкил қилди.
«Инфинбанк» ходимлар харажатларини энг кескин қисқартирган банклардан бири бўлди — кўрсаткич 16,3 фоизга камайиб, 78,4 млрд сўмга тушди. «Авобанк»да эса пасайиш 7 фоизни ташкил қилди ва харажатлар 14,6 млрд сўм бўлди.
Банк ходимлари учун маош ва бошқа харажатлар сарфини энг кўп оширган банк «Ҳаёт банк» бўлди — +85,3 фоиз. Уч ойда банк ўз ишчиларига 41,7 млрд сўм тўлаган.
Кейинги ўринларда 70 фоиз билан «Узум банк» (34,7 млрд сўм сарфлаган), 49,3 фоиз билан «Анорбанк» (85,7 млрд сўм) ва 48,7 фоиз билан «МКБанк» (188 млрд сўм) бормоқда.
Энг кўп пул бераётган банклар
Ходимлари учун иш ҳақи ва бошқа харажатлар учун энг кўп пул ажратган банк — «Агробанк» бўлиб турибди. I чоракда банк ишчиларига 522,2 млрд сўм (+36,2 фоиз) тўлаб берилган.

Кучли учликдан 373,2 млрд сўм билан «Миллий банк», 371,1 млрд сўм билан «Ипотека банк» жой олди. Бу иккита банкда ўсиш кўрсаткичи мос равишда 31,1 фоиз ва 33,4 фоизни ташкил қилган.
9 та давлат банкидан 5 таси TOP-10 ликдан ўрин олди. Бу давлат банкларида ходимларга кўпроқ маош ва бошқа тўловлар тўланаётганини билдиради.
Банклар фойдаси қандай бўляпти?
I чоракда Ўзбекистон банклари 5,5 трлн сўм соф фойда олди. Бу 2025-йил мос даврига нисбатан 2,2 трлн сўмга ёки 61,6 фоизга кўпроқ.

«Агробанк» ходимларга пул сарфлашда етакчи бўлсада, фойда олиш бўйича атиги 23 ўринни эгаллади. Банк ходимларига 522,2 млрд сўм пул бериб, 35,9 млрд сўм соф фойда олган.
«Ипотека банк» эса сарфлаганига нисбатан анча кўпроқ фойда олишга эришди — 846,4 млрд сўм.
Аксарият банклар ходимлар сони кўплиги учун ҳам бошқа банкларга нисбатан кўпроқ пул сарфлаган бўлиши мумкин.
Teglar






