Энергия тарифлари ошиши: ваъдалар, вариантлар ва таклифлар
Ижтимоий тармоқлар ва иқтисодий доираларда 2026-йил 15-майдан эътиборан электр энергияси ва табиий газ тарифлари оширилиши ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Гарчи расмий идоралар ҳозирча сукут сақлаётган бўлса-да, «шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди».

Ўзбекистонда энергия тарифларининг навбатдаги трансформацияси ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Ишончли манбалардан олинган маълумотларга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда тарифларни қайта кўриб чиқиш бўйича махсус идоралараро ҳужжат лойиҳасини якунлаган. Эътиборлиси шундаки, мазкур ҳужжат лойиҳаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ҳам концептуал жиҳатдан маъқуллангани айтилмоқда. Бу эса нархларнинг ошиши шунчаки вақт масаласи эканидан далолат беради.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда ижтимоий ҳимояга йўналтирилган табақалаштирилган тарифлар амал қилмоқда. Электр энергияси учун 200 kWhгача бўлган ижтимоий меъёр доирасида 1 kWh учун 600 сўм, кейинги босқичларда эса мос равишда 800 ва 1000 сўм ва ҳ.к. нархлар белгиланган. Табиий газ таъминотида эса 100 метр кубгача (қиш мавсумида 500 метр кубгача) бўлган ҳажм учун 1000 сўм, ундан юқори истеъмол учун 1800 сўм тўланмоқда.
Аммо кутилаётган 10 фоизлик ошиш мазкур мувозанатни ўзгартириб юборади.
Агар прогнозлар тасдиқланса, энг паст ижтимоий меъёр ичидаги электр энергияси 660 сўмга, табиий газ эса 1100 сўмга кўтарилади. Бир қарашда 60 ёки 100 сўмлик фарқ арзимасдек туюлиши мумкин, бироқ бу рақамлар занжирли реакциянинг «детонатори» ҳисобланади. Энергия ресурслари таннархининг ошиши ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги харажатларни ўстиради.
Натижада, нондан тортиб транспорт харажатларигача бўлган барча соҳаларда нарх-навонинг инфляцион босими сезила бошлайди. Бу эса ижтимоий меъёр доирасида яшаётган аҳоли қатламининг харид қобилиятига зарба бўлади ва кундалик истеъмол саватининг қимматлашувига олиб келади.
Унутилган «уч йиллик» барқарорлик
Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ва тарифларни эркинлаштириш сиёсати илк бор кун тартибига чиққанда, ҳукумат ва тегишли мутасаддилар томонидан жамиятга жуда муҳим бир ваъда берилган эди: нархлар бир марта бозор тамойилларига мослаштирилгач, камида уч йил давомида ўзгаришсиз қолади.
Бу ваъда нафақат аҳолининг ижтимоий хотиржамлигини таъминлаши, балки тадбиркорлик субъектлари учун узоқ муддатли бизнес-режаларни тузишда пойдевор бўлиши кўзда тутилганди. Бироқ, амалдаги воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги учун «ҳар йили тарифларни ошириш» аллақачон канда қилиб бўлмайдиган анъанага айланиб қолди.
Бугунги кунда тарифларни ошириш бўйича олиб борилаётган ҳаракатлар аввалги ваъдаларнинг «унутилганидан» далолат беради. Таассуфки, берилган кафолатлар бюджет дефицитини ёпиш, иқтисодий кўрсаткичлардаги камчиликларни тўлдириш ва энергетика тизимидаги самарасиз бошқарув харажатларини қоплаш мақсадида қурбон қилинмоқда. Тизим ичидаги йўқотишларни камайтириш ёки коррупцион омилларни бартараф этиш ўрнига, энг осон йўл — истеъмолчи ҳамёнига қўл солиш танланмоқда.
Дарвоқе, янги қарорда ҳам 2026 йилдан тарифлар уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилиши белгиланмоқда.
Тўрт йўл чорраҳасида: Қайси вариант жамият манфаатларига мос?
Айни пайтда мутасаддилар ва экспертлар доирасида муҳокама қилинаётган дастлабки икки вариант турлича таъсир қудратига эга.
Биринчи вариант — барча тарифларни бир текисда, камида 10 фоиз миқдорда ошириш бўлиб, уни шартли равишда жамият учун «шок терапияси» деб аташ мумкин. Бундай ёндашув кичик ва ўрта бизнесдан тортиб, оддий уй хўжаликларигача бўлган барча қатламга иқтисодий босим беради. Нархларнинг кўтарилиши норозиликни ва негатив резонансга сабаб бўлиши кундек равшан, чунки унда инсон омили ва аҳолининг тўлов қобилияти инобатга олинмайди.
Иккинчи вариант эса «ижтимоий адолат тамойили»га асосланган бўлиб, унда амалдаги ижтимоий меъёрларга (200 kWh ва 100 куб метр) тегинмасдан, янгиланган тарифларни фақат ушбу лимитдан ошган қисмларга татбиқ этиш назарда тутилади. Бу вариант нафақат мантиқий, балки стратегик жиҳатдан ҳам тўғрироқдир.
Маълумки, аҳолининг катта қисми ҳозирча белгиланган меъёр доирасида қолишга ҳаракат қилмоқда. Бундай қарор энергия ресурсларини тежайдиган ва кам таъминланган истеъмолчиларга нисбатан давлатнинг ўзига хос «мукофоти» ва далдаси бўлар эди.
Бунда асосий иқтисодий юк энергияни ҳаддан ташқари кўп исроф қиладиган ва бунга моддий имконияти етадиган қатлам зиммасига тушади. Шу йўл билан давлат ҳам ижтимоий ҳимояни таъминлайди, ҳам энергия тежамкорлигини рағбатлантиради.
Учинчи вариант сифатида биз «инфляция билан мутаносиблик» моделини таклиф этамиз. Агар иқтисодий конъюнктура ва соҳадаги тақчиллик туфайли тарифларни ошириш муқаррар ва қайтариб бўлмас жараён бўлса, у ҳолда кескин сакрашлардан воз кечиш лозим. Бунинг ўрнига нарх ўсишини мамлакатдаги расмий инфляция даражаси — тахминан 7 фоиз атрофида жиловлаш мақсадга мувофиқдир.
Бундай ёндашув иқтисодий жиҳатдан асосланган бўлиб, истеъмолчиларнинг чўнтагига кескин зарба бермайди. Нархларнинг инфляция даражасида индексация қилиниши жамият томонидан иқтисодий жараёнларнинг табиий оқими сифатида нисбатан хотиржам қабул қилинади.
Тўртинчи ва энг халқчил йўл эса — тарифларга мораторий эълон қилиш, яъни нархларни умуман оширмасликдир. Бугунги кунда энергия нархлари амалдаги ҳолатида ҳам аҳолининг катта қисми, айниқса, бюджет ташкилотлари ходимлари ва нафақахўрлар учун сезиларли «оғирлик» қилмоқда.
Олдимизда аномал иссиқ келиши кутилаётган жазирама ёз фасли турибди. Бу даврда совитиш тизимлари, кондиционерлар ва суғориш насосларининг ишлаши туфайли электр энергиясига бўлган талаб бир неча баробар ортади.
Энергия ресурслари фақат товар эмас, балки стратегик ижтимоий неъматдир. Шу сабабли, ҳукумат қарор қабул қилишда фақат рақамлар ва молиявий ҳисоботларга эмас, балки ҳар бир хонадоннинг чироғи ва оилавий бюджетига кириб борадиган ижтимоий масъулиятга таяниши ҳам керак. Энг тўғри танлов — халқнинг бугунги иқтисодий ҳолатини инобатга олган ҳолда, тарифларни барқарор сақлаб қолишдир.
Нега ҳозир тарифларни ошириш мавриди эмас?
Энергетика соҳасидаги ислоҳотларнинг муваффақияти фақатгина тарифларни бозор нархларига яқинлаштириш ёки нархларни ошириш билан ўлчанмаслиги керак. Бугунги кунда истеъмолчилар ҳақли равишда бир саволни ўртага ташламоқда: «Тўловлар миқдори ошяпти, аммо кўрсатилаётган хизмат сифати қачон яхшиланади?».
Афсуски, тарифларнинг мунтазам ўсиши фонида тармоқлардаги техник ҳолат ҳамон ачинарлилигича қолмоқда. Эскирган трансформаторлар, кучланишнинг пастлиги ва кутилмаган авариявий узилишлар тизимли муаммо бўлиб қолмоқда. Ислоҳотлар аввало тизимдаги технологик йўқотишларни камайтириш ва бошқарувдаги коррупцион омилларни жиловлашдан бошланиши лозим эди. Нархларни ошириш орқали самарасиз тизимни молиялаштириш — муаммони ечиш эмас, балки уни вақтинча хаспўшлашдир.
Бундан ташқари, энергия ресурслари нархининг кўтарилиши иқтисодиётда «занжирли таъсир» (multiplier effect) бериши исботланган ҳақиқатдир. Электр ва газ нархининг ҳар бир фоизга ўсиши автоматик тарзда озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва кундалик хизматлар таннархини юқорига итаради. Бу эса мамлакатда инфляцияни жиловлаш ва аҳолининг реал даромадларини ошириш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатига мутлақо зиддир. Айниқса, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш устувор вазифа этиб белгиланган бир пайтда, энергия нархларининг оширилиши аҳолининг эҳтиёжманд қатлами учун оғир иқтисодий юк бўлади.
Иқтисодиёт халқ манфаатларига хизмат қилиши керак
Энергия тарифларини ошириш — бюджет дефицитини ёпиш ва соҳадаги молиявий бўшлиқларни тўлдиришнинг энг осон йўли. Аммо халқнинг ижтимоий ҳимояси, аҳолининг ислоҳотларга бўлган ишончи ва берилган ваъдаларга содиқлик ҳар қандай иқтисодий кўрсаткичдан устувор бўлиши шарт. Ислоҳотларнинг муваффақияти рақамларда эмас, балки одамларнинг турмуш даражаси ва розилигида акс этиши лозим.
Агар тарифларни ўзгартириш бўйича ҳужжат ҳақиқатдан ҳам имзоланиш арафасида бўлса, биз ҳукуматни ижтимоий адолат тамойилларидан келиб чиқиб, иккинчи ёки учинчи вариантларга устуворлик беришга ундаймиз. Яъни, ижтимоий меъёрни ўзгаришсиз қолдириш ёки ошириш даражасини расмий инфляция чегарасидан ўтказмаслик энг мақбул муроса йўлидир.
Бироқ, энг идеал ва халқчил ечим — олдинда турган жазирама ёз мавсуми ва аҳолининг ҳозирги тўлов қобилиятини инобатга олган ҳолда, нархларни оширмаслик ҳақида сиёсий ирода кўрсатишдир.
Зеро, иқтисодиёт халқ учун, унинг фаровонлиги учун хизмат қилиши керак. Халқ эса энергетика тизимидаги самарасиз бошқарув, технологик қолоқлик ёки иқтисодий режалаштиришдаги камчиликларни ўз ҳамёни ҳисобидан ёпиб берувчи манба бўлиб қолмаслиги лозим.





