Жанубий Корея Ўзбекистон IT-таълими учун 14 млн доллар грант ажратади

Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) Ўзбекистонда IT-таълим экотизимини такомиллаштиришга қаратилган янги грант лойиҳасини молиялаштиради.

Жанубий Корея Ўзбекистон IT-таълими учун 14 млн доллар грант ажратади © Raqamli texnologiyalar vazirligi

Ўзбекистон ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини ривожлантириш учун Жанубий Кореядан 14 миллион долларлик грант олади. Лойиҳа доирасида Нукус ва Қаршида IT-хаблар ташкил этилиб, рақамли касблар бўйича мутахассислар тайёрланади. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги маълум қилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 14 миллион долларни ташкил этади ва барча харажатлар Жанубий Корея томонидан қопланади. Ташаббуснинг асосий мақсади ёшлар бандлиги ва технологик тадбиркорликни қўллаб-қувватлашдан иборат.

14 та IT-марказ ишга туширилади

Лойиҳа доирасида Нукус ва Қарши шаҳарларида замонавий IT-хаблар ташкил этиш, шунингдек етти туманда жами 14 та IT-марказни ишга тушириш режалаштирилган. Қурилиш ва жиҳозлаш ишлари 2026 йилдан 2032 йилгача босқичма-босқич амалга оширилади.

Таълим дастури орқали ёшлар сунъий интеллект, промпт-инжиниринг, дастурлаш, нарсалар интернети (IoT) ва онлайн-маркетинг йўналишларида билим олади. Тўрт йиллик дастур доирасида 500 нафар мутахассис ва ўқитувчи тайёрланиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, кореялик экспертлар стартаплар учун инкубация дастурларини йўлга қўйишда ҳам амалий ёрдам беради. Лойиҳа Ўзбекистон таълим тизимини модернизация қилиш, инновацион бизнесни мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг рақамли иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid