Ўзбекистон ярим йилдан бери олтин сотмаяпти
Олтин сотуви амалга оширмагани сабаб экспорт қарийб 30 фоизга пасайиб кетди. Бунақаси 2023-йилдан бери биринчи марта кузатилди.

2026-йилнинг I чорагида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 18 млрд долларни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 фоизга кўпайди.
Бироқ, ташқи савдода экспорт ҳажми 29,3 фоизга пасайиб, 5,8 млрд долларга тушиб кетди. Импорт эса уч ойда аксинча, 30,8 фоизга ўсиб, 12,2 млрд долларга етди.
Хитой биринчи ўринни мустаҳкамламоқда
Мамлакат ташқи савдосида Хитойнинг етакчилиги тобора кучайиб бормоқда. I чоракда икки мамлакат ўртасидаги савдо 4,6 млрд доллар бўлди. Бу ташқи савдонинг тўртдан бирини ташкил қилади.
Иккинчи ўринда ҳамон Россия бормоқда — уч ойда 3,3 млрд доллар. Кучли учликни 1,3 млрд доллар билан Қозоғистон эгаллаб турибди.
Асосий 20 та савдо ҳамкорларининг барчаси билан Ўзбекистон ташқи савдоси 2025-йилга нисбатан ўсиш қайд этди.
Ярим йилдан бери олтин сотилмаяпти
Ўзбекистон март ойида ҳам олтин экспортини амалга оширмади. Охирги марта олтин 2025-йилнинг сентябрь ойида экспорт қилинган эди.
2025-йилнинг I чорагида аллақачон 3,6 млрд доллар олтин сотилганди. Бу 2026-йилда экспортни камроқ шаклланишига сабаб бўлди.
Март ойида олтин нархлари сотув учун жозибадор бўлмаганди. Ой давомида нархлар унция учун 5 300 долларга яқин кўрсаткичдан, 4 400 долларгача тушиб кетди.
Бироқ, аввалги ойларда олтин нархи тарихий рекорд даражада бўлиб, сотиш учун қулай нархда эди.
Марказий банк олтин сотилмаётганини сотувлар олтин захираларига таъсир қилиши, ҳозирда захираларни юқори кўрсаткичларда ушлаб туриш муҳим экани билан изоҳлади.





