Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўлини 2030 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда

Янги темир йўл лойиҳаси Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини ошириб, юк ташиш муддатини қисқартиради ва иқтисодий ўсишни тезлаштиради.

Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўлини 2030 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг маълум қилишича, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлининг ишга туширилиши тахминан 2030 йилга мўлжалланмоқда. Ушбу стратегик магистрал Марказий Осиёнинг транспорт харитасида муҳим бурилиш ясаши кутилмоқда.

Унинг таъкидлашича, ҳозиргача Қирғизистон географик жиҳатдан «боши берк» ҳудуд ҳисобланиб келган бўлса, янги темирйўл ишга тушгач, мамлакат транзит давлатга айланади. Бу эса бутун минтақа учун иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилади.

Лойиҳа халқаро савдо йўналишларини диверсификация қилишга ёрдам беради. Юкларни етказиб бериш вақти сезиларли қисқаради, бу эса экспортчилар ва логистика компаниялари учун янги имкониятлар очади. Шу билан бирга, йўл бўйлаб савдо-логистика марказларини ташкил этиш режалаштирилган.

Темирйўл қурилиши

Темирйўл қурилиши 2024 йил 27 декабрда бошланган. 2025 йил декабрида Бишкек шаҳрида лойиҳани молиялаштириш бўйича кредит битими имзоланган. Умумий қиймати 4,7 миллиард долларга тенг бўлган ушбу ташаббус уч давлат иштирокида амалга оширилмоқда.

Маблағнинг қарийб ярми — 2,3 миллиард доллари Хитой томонидан 35 йиллик кредит сифатида ажратилган. Қолган қисми эса қўшма компания устав капиталига киритилади. Унда Хитой 51 фоиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса 24,5 фоиздан улушга эга.

2030 йилда темирйўл орқали 8 миллион тонна юк ташиш кутилмоқда. Бу кўрсаткич 2040 йилга бориб 10 миллион, 2050 йилда эса 13,5 миллион тоннага етади. Қирғизистон ҳукумати лойиҳа 30–40 йил ичида ўзини тўлиқ қоплашини маълум қилган.

Teglar

Mavzuga oid