2,6 квадриллион сўм ва 5 етакчи соҳа: Ўзбекистоннинг 10 йиллик инвестиция таҳлили
Ўзбекистонда 2016–2025 йилларда асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми бир неча баравар ошди, хусусан, ишлаб чиқариш саноати ва энергетика каби айрим тармоқларга инвестициялар 18–29 бараваргача юқорилаган. Vaqt.uz сўнгги ўн йилликда қайси соҳалар ривожлантирилгани ва инвестиция оқими қандай ўзгарганини таҳлил қилди.

Vaqt.uz ҳисоб-китобларига кўра, 2016–2025 йилларда Ўзбекистонга 2,6 квадриллион (ёки 2 614,2 трлн) сўмлик инвестиция ўзлаштирилган. Йиллар кесимида инвестициялар ҳажми 2016 йилдаги 51,2 трлн сўмдан 2025 йилда 591,1 трлн сўмгача ошган, яъни 9 йиллик ўсиш 11,5 бараварни ташкил этди. Инвестициялар энг кўп киритилган ТОП-5 соҳаларда қуйидаги тармоқлар етакчилик қилди:
Ишлаб чиқариш саноати: инвестициялар 18 баравар ошди
Ишлаб чиқариш саноати 2016–2025 йилларда инвестициялар энг тез кўпайган йўналишлардан бирига айланди. 2016 йилда соҳага 8,99 трлн сўм асосий капиталга инвестиция киритилган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 163,1 трлн сўмга етди.

Айниқса 2018–2019 йилларда ишлаб чиқариш саноатига инвестициялар деярли икки баравар — 98 фоизга ошди. Ҳажм 25,7 трлн сўмдан 51 трлн сўмгача кўтарилди. 2021 йилдаги қисқа пасайишдан кейин эса ўсиш яна тезлашиб, 2025 йилда 163,1 трлн сўмга етган.Ишлаб чиқариш саноатига киритилган инвестициялар ҳажмининг ошиши маҳаллийлаштириш жараёнларининг кенгайиши билан бирга кечмоқда. Хусусан, 2017 йилда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 9,9 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ушбу маҳсулотларнинг 512 млн долларлиги экспорт қилинган, импорт эса 353 млн долларга қисқарган.
2024 йилга келиб эса кўлам анча кенгайиб, 2 минг 270 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси доирасида 109 трлн сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилган. Натижада илгари четдан олиб келинган 8,5 млрд долларлик маҳсулотларнинг бир қисмини мамлакат ичида ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Янги ишлаб чиқариш қувватлари пайдо бўлиши маҳаллий маҳсулотлар турини кенгайтирса, маҳаллийлаштиришнинг кучайиши эса импортга қарамликни камайтиришга хизмат қилади.
Электрга талаб ошгани сари инвестициялар ҳам кўпайди
Энергетика ҳам инвестициялар энг тез кўпайган соҳалардан бири бўлди. 2016 йилда электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш соҳасига 2,7 трлн сўм асосий капиталга инвестиция киритилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 78,3 трлн сўмга етди. Яъни ўн йил ичида инвестициялар қарийб 29 баравар ошган.

Графикдаги энг якқол бурилиш 2022–2024 йилларда кўринади. Бу даврда соҳага йўналтирилган инвестициялар ҳажми 19,9 трлн сўмдан 73 трлн сўмга етди ва фақат икки йил ичида 267 фоизга ўсди.
Мамлакатда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш ва энергетика бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Invest Uzbekistan маълумотларига кўра, 2025 йилнинг ўзида мамлакатда 42 та янги энергетика объекти ишга туширилган.
Тоғ-кон саноатида инвестициялар 8 баравар ошди
Тоғ-кон саноати ҳам 2016–2025 йилларда Ўзбекистонда инвестиция энг кўп йўналтирилган тармоқлар қаторида бўлди. 2016 йилда соҳага 7,2 трлн сўм асосий капиталга инвестиция киритилган бўлса, 2025 йилга келиб қиймат 58,8 трлн сўмни ташкил этди. Шу тариқа, ўн йил ичида тоғ-кон саноатига киритилган инвестициялар қарийб 8,2 бараварга ошган. 2025 йилда жами инвестициялар 9,9 фоизини ташкил қилган:

Графикдан кўриниб турибдики, энг катта сакраш 2023–2024 йилларда қайд этилди: инвестициялар 36,4 трлн сўмдан 61,8 трлн сўмга, яъни бир йил ичида қарийб 70 фоизга ошди. 2025 йилда эса қиймат 58,8 трлн сўмгача 4,8 фоизга камайди.
Тоғ-кон саноати ва геология-қидирув ишларини ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар соҳада туб бурилиш ясади. Жумладан, биргина 2020 йилнинг ўзида соҳага ажратилган 3,4 триллион сўмлик сармоя эвазига 150 та янги кон давлат ҳисобига киритилди (шундан Бухоро ва Навоийда 3 та олтин, Самарқанд ва Жиззахда 2 та уран кони). Умуман олганда, 2016–2025 йилларда соҳани молиялаштиришга йўналтирилган 1,7 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар ҳисобига мамлакатимизда 1 минг 900 дан зиёд янги кон очилди ҳамда ураннинг тасдиқланган захиралари 44 фоизга кўпайди.
Қишлоқ хўжалигига инвестициялар 5 баравар ошди
Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигига йўналтирилган инвестициялар ҳам сўнгги йилларда сезиларли кўпайди. Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2016 йилда соҳага 4,75 трлн сўм асосий капиталга инвестиция киритилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 24,1 трлн сўмга етган. Демак, саккиз йил ичида инвестициялар қарийб 5,1 бараварга ошган.

Рақамлар қишлоқ хўжалигига инвестициялар бир маромда ошмаганини кўрсатади. 2016 йилдаги 4,75 трлн сўмлик кўрсаткич 2020 йилга келиб 14 трлн сўмдан ошди. Кейинги йилларда ўсиш бироз секинлашган бўлса, 2024 йилда яна тезлашиш кузатилиб, инвестициялар 25,7 трлн сўмгача етди.
Нега қишлоқ хўжалигига инвестиция кўпайди? Бунинг сабабларидан бири — қишлоқ хўжалигида оддий хомашё етиштиришдан кўра замонавий технологиялар ва қайта ишлашга кўпроқ маблағ талаб қилинадиган тизимга ўтиш билан боғлиқ. Масалан, 2024 йилда киритилган 25,7 трлн сўмлик сармоянинг 12,8 трлн сўми хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобидан молиялаштирилган. Бу жами инвестицияларнинг қарийб 50 фоизига тенг.
Бундан ташқари, 2019 йилда қабул қилинган 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияда асосий эътибор ҳосилдорликни ошириш, ер ва сув ресурсларидан самаралироқ фойдаланиш, фермерларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш ҳамда қишлоқ хўжалигини бозор тамойиллари асосида ривожлантиришга қаратилган . Бу эса соҳага янги техника, суғориш тизимларига маблағ киритиш эҳтиёжини оширди. Сув тежовчи технологияларни жорий қилган хўжаликларни субсидиялаш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам давлат дастурлари амалга оширилди.
Ташиш ва сақлаш: инвестициялар 2016–2024 йилларда 4,3 баравар ошди
Миллий статистика қўмитаси SIAT маълумотларига кўра, 2016 йилда унга 5,79 трлн сўм асосий капиталга инвестиция киритилган. 2024 йилга келиб эса бу қиймат 25,11 трлн сўмни ташкил этган. Демак, саккиз йил ичида инвестициялар 4,3 бараварга кўтарилган.

Энг сезиларли бурилиш 2019 йилда кузатилиб, инвестициялар ҳажми 2018 йилдаги 8,49 трлн сўмдан 14,05 трлн сўмга, яъни бир йил ичида қарийб 66 фоизга ошган. 2020 йилда ўсиш деярли тўхтаб, кўрсаткич 14,13 трлн сўм бўлган. Кейинги даврда, хусусан, 2021 йилда 16,01 трлн, 2022 йилда 20,60 трлн ва 2023 йилда 25,30 трлн сўмга етган. 2024 йилда эса деярли ўзгармай, 25,11 трлн сўмни ташкил қилган.
Транспорт ва сақлаш соҳасига йўналтирилган инвестицияларни фақат янги автомобил йўллари ёки темирйўл линияларининг қурилишидан ташқари, логистика хизматларини ҳам қамраб олади. Бу соҳа иқтисодиётда юк ва йўловчиларни ташиш билан бирга, сақлаш ҳамда транспорт фаолиятига ёрдамчи хизматларни ҳам қамраб олади.
Соҳага йўналтирилган инвестициялар транспорт хизматлари ҳажми ошишига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2016–2025 йилларда мамлакатда транспорт хизматлари ҳажми 30,6 трлн сўмдан 188,3 трлн сўмга (6,2 баробар) ўсди. Унинг таркибида автотранспорт хизматлари 19,2 трлн сўмдан 95,9 трлн сўмга (қарийб 5 баробар), темирйўл транспорти хизматлари эса 2,8 трлн сўмдан 15,3 трлн сўмга етди.
2026 йилнинг биринчи ярмида инвестициялар қайси соҳаларга йўналтирилди?
Январ–июн ойларида мамлакатда 338,9 трлн сўмлик асосий капиталга инвестиция ўзлаштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,5 фоизга кўп.

Иқтисодий фаолият турлари кесимида энг катта маблағ яна ишлаб чиқариш саноатига йўналтирилмоқда — 100,5 трлн сўм, яъни жами инвестицияларнинг қарийб 29,6 фоизи айнан шу соҳага тўғри келган.
Иккинчи ўринда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги турибди, бу йўналишга 32,9 трлн сўм маблағ жалб қилинган. Қурилиш соҳаси ҳам етакчи йўналишлардан бири бўлиб, унга 32,5 трлн сўм инвестиция киритилди.
Бешликнинг қолган икки поғонасини электр энергияси, газ, буғ ва ҳавони кондициялаш хизматлари йўналиши (29,9 трлн сўм) ва турар жой қурилиши (27,3 трлн сўм) эгаллаган. Таққослаш учун, тоғ-кон саноатига 21,8 трлн сўм инвестиция киритилган. Яъни бу соҳа инвестиция ҳажми бўйича энг кўп маблағ ажратилган бешта соҳадан кейинги ўринда туради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, 2016–2025 йиллардаги инвестиция харитаси Ўзбекистоннинг хомашё экспорт қилувчи мамлакатдан саноатлашган ва муқобил энергетикага таянадиган иқтисодиётга ўтишга уринаётганини кўрсатади.
Кўрсаткичларнинг 11,5 бараварга ошиши замирида ҳам катта ислоҳотлар ва хорижий капиталнинг ишончи ётади. Эндиги муҳим вазифа эса миллиардлаб сўмлик бу ресурсларни ҳар бир ватандошнинг фаровонлиги, барқарор иш ўринлари ва миллий валютанинг барқарорлигида аниқ сезилишини таъминлашдан иборат.
Муаллиф: Диёра Хабибуллаева





