50 йиллик солиқ имтиёзлари: кимлар Тошкент халқаро молия маркази иштирокчиси бўла олади?
25-июлдан кучга кирадиган қонун билан Тошкент халқаро молия маркази учун алоҳида ҳуқуқий режим жорий этилади. Марказ иштирокчилари 2076-йилгача солиқ имтиёзларидан фойдаланиши, капитални чекловларсиз олиб чиқиши ҳамда инглиз ҳуқуқи асосида фаолият юритиши мумкин бўлади.

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Тошкент халқаро молия марказини (ТХММ) ташкил этмоқда. Бу ҳақдаги қонун 25-июлдан эътиборан кучга киради. Хўш, ҳужжат билан қандай талаблар кучга киритилмоқда?
Қонунга кўра, ТХММ бошқаруви уч поғонали тизим асосида ташкил этилади. Ҳар бир орган алоҳида ваколат ва функцияга эга:
● ТХММ кенгаши — марказнинг олий бошқарув органи бўлиб, унинг ривожланиш стратегиясини белгилайди ҳамда ТХММ фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳужжатларни қабул қилади.
● ТХММ маъмурияти — марказнинг ижро этувчи органи ҳисобланади. У кундалик фаолиятни ташкил этиш, лойиҳаларни амалга ошириш ва ТХММ экотизимини ривожлантириш билан шуғулланади.
● Молиявий хизматлар департаменти — молиявий бозорни тартибга солувчи мустақил регулятор сифатида лицензиялаш, назорат ва қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлайди.
Қонунда ушбу бошқарув модели давлат ижро ҳокимияти органларидан институционал мустақиллик асосида фаолият юритиши белгиланган. Бу эса молиявий марказ фаолиятига сиёсий ва маъмурий аралашувни чеклайди.
Кимлар ТХММ иштирокчилари бўлиши мумкин?
Марказдаги иштирокчиларга махсус идентификация рақами берилиб, бу мақом Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб тан олинади.
Шунингдек, қуйидагилар марказ иштирокчисига айланиши мумкин:
● ТХММда рўйхатдан ўтган ёки тан олинган юридик шахслар;
● марказ иштирокчиларида ва унинг органларида ишловчи ходимлар;
● инвестиция мезонларига жавоб берадиган солиқ резидентлари;
● уларнинг турмуш ўртоқлари ва 18 ёшгача бўлган фарзандлари.
Бундан ташқари, 13-моддада Тошкент халқаро молия марказида (ТХММ) "инвестициявий солиқ резиденти" мақомини бериш тартиби белгиланган. Унга кўра, белгиланган миқдор ва тартибда инвестиция киритган жисмоний шахслар ҳамда уларнинг оила аъзолари ушбу мақомни олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур дастур шартлари давлат хавфсизлиги, ички ишлар, иқтисодиёт ва молия соҳасидаги ваколатли органлар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади.
Қонунга кўра, инвестициявий солиқ резиденти мақомини олган шахслар бир қатор ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлади. Жумладан, улар:
● 18-моддада назарда тутилган солиқ имтиёзларидан фойдаланиши;
● 20-моддага мувофиқ соддалаштирилган виза тартибидан фойдаланиши;
● 29-модда асосида Тошкент халқаро тижорат судига (TICC) мурожаат қилиши ҳамда васиятномалар реестридан фойдаланиши мумкин.
Қонунда ушбу мақомдан солиқ мажбуриятларини камайтириш воситаси сифатида фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган қатор талаблар ҳам белгиланган.
Хусусан, ариза берувчи:
● ариза топширишдан олдинги уч йил давомида Ўзбекистоннинг солиқ резиденти бўлмаган бўлиши;
● ариза топширишдан олдинги ўн йил давомида Ўзбекистон фуқароси бўлмаган бўлиши керак.
Шунингдек, агар ваколатли органлар шахснинг дастурдаги асосий мақсади Ўзбекистондаги даромадлари бўйича солиқларни камайтириш ёки улардан қочиш эканини аниқласа, унга инвестициявий солиқ резиденти мақоми берилмайди.
Мақомни олиш учун мурожаат қилган шахслардан мол-мулки ва маблағларининг келиб чиқиши, солиқ тарихи, халқаро санкциялар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳамда бенефициар эгалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш талаб қилиниши мумкин.
Бу талаблар инвестиция манбаларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда дастурдан ноқонуний мақсадларда фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган.
2076-йилгача амал қиладиган солиқ имтиёзлари
ТХММ иштирокчиларини жалб қилиш мақсадида қонуннинг 18-моддаси билан 2076-йил 1-январгача амал қиладиган махсус солиқ режими жорий этилади. Ҳужжатда қайд этилишича, 50 йилга мўлжалланган ушбу имтиёзлар узоқ муддатли инвестициялар учун барқарор ва олдиндан прогноз қилинадиган шароит яратишга қаратилган.
Қонунга кўра, ТХММ иштирокчилари тартибга солинадиган фаолият бўйича:
● фойда солиғидан;
● ижтимоий солиқдан озод этилади.
Бундан ташқари, марказ ходимлари ҳамда инвестиция солиқ резиденти мақомига эга шахслар:
● иш ҳақидан олинадиган даромад солиғидан;
● шахсий инвестиция даромадларидан олинадиган солиқдан озод қилинади.
Шу билан бирга, мазкур имтиёзлар барча компанияларга татбиқ этилмайди. Агар компания йиллик консолидациялашган даромади 750 млн евро ва ундан ортиқ бўлган трансмиллий корпоратив гуруҳ таркибига кирса, унга ушбу солиқ преференциялари қўлланилмайди.
Қонуннинг 17-моддаси эса ТХММ иштирокчиларига капитал ва фойдани исталган хорижий валютада ҳеч қандай чекловсиз олиб чиқиш ҳуқуқини беради.
Қайси молиявий хизматларга рухсат берилади?
Қонуннинг 7 ва 38-моддаларига кўра, ТХММ қуйидаги йўналишларда фаолият юритади:
Йўналиш | ТХММ доирасида рухсат этилган фаолиятлар |
Анъанавий молиявий хизматлар | • Инвестиция банки • Тижорат банки • Суғурта ва қайта суғурталаш • Брокерлик хизматлари • Активларни бошқариш |
Ислом молияси | • Ислом банкчилиги • Нобанк молиявий хизматлари • Сукук чиқариш ва уларнинг муомаласини ташкил этиш |
Рақамли активлар ва FinTech | • Рақамли активларни чиқариш, сақлаш ва улар билан савдо қилиш • Молиявий технологияларни синовдан ўтказиш учун махсус тартибга солиш майдони (Regulatory Sandbox) |
Инвесторлар учун қандай кафолатлар берилади?
Қонуннинг 6, 17 ва 20-моддаларида инвесторлар фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган асосий кафолатлар белгиланган. Улар, аввало, мулк дахлсизлиги, капитал ҳаракати эркинлиги ҳамда хорижий мутахассислар учун қулай шароит яратишга қаратилган.
Хусусан, марказ иштирокчиларининг мол-мулки ва активлари миллийлаштирилиши ёки олиб қўйилишидан ҳимоя қилинади. Шунингдек, ТХММ активларига оид Тошкент халқаро тижорат суди (ТХТС) қарорлари миллий судлар томонидан бекор қилиниши мумкин эмас.
Бундан ташқари, иштирокчиларга капитал ва олинган фойдани исталган хорижий валютада мажбурий конвертациясиз ҳамда давлат аралашувисиз эркин олиб чиқиш ҳуқуқи ҳам кафолатланади.
Қонуннинг 20-моддаси марказ иштирокчилари учун яна бир қулайликни назарда тутади. Унга мувофиқ, марказ иштирокчилари ва улар билан боғлиқ шахслар учун беш йилгача амал қиладиган соддалаштирилган визасиз тартиб жорий этилади. Бу эса хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистонда фаолият юритишини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Инглиз ҳуқуқи ва халқаро тижорат суди
ТХММ доирасидаги энг муҳим ислоҳотлардан бири — Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқи (Common Law) тамойилларининг қўлланилиши ҳисобланади. Қонуннинг 8-моддасига кўра, агар марказ ҳужжатларида муайян масала тартибга солинмаган бўлса, уни ҳал этишда Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқининг принциплари ва қоидалари қўлланилиши мумкин.
Мазкур ҳуқуқий тизимнинг ишлашини таъминлаш мақсадида Тошкент халқаро тижорат суди (ТХТС) ташкил этилади. Қонуннинг 29 ва 41-моддаларига мувофиқ, суд икки инстанциядан — биринчи инстанция ва апелляция босқичидан иборат бўлади ҳамда мустақил фаолият юритади.
Шунингдек, ҳужжатга кўра, марказ бош судяси суднинг ташкилий тузилмаси ва бюджети бўйича таклифларни Адлия вазирлигидан мустақил равишда киритиш ваколатига эга.
Қонуннинг 42-моддасида ТХТС кўриб чиқадиган низолар доираси ҳам белгиланган. Хусусан, суд:
● ТХММ иштирокчилари ўртасидаги фуқаролик ва тижорат низолари;
● ТХММ ходимлари билан боғлиқ меҳнат низолари;
● ТХММ ҳужжатларини талқин қилиш юзасидан келиб чиқадиган низолар;
● томонлар ёзма равишда ТХТС юрисдикциясига розилик билдирган бошқа низоларни кўриб чиқади.
Ҳужжатда қайд этилишича, инглиз умумий ҳуқуқи тамойилларининг қўлланилиши ва мустақил халқаро суднинг ташкил этилиши инвесторлар учун ҳуқуқий муҳитнинг барқарорлиги ҳамда низоларни халқаро амалиётга мос тартибда кўриб чиқишни таъминлашга қаратилган.
ТХММ қарорлари қандай кучга киради?
Қонунга мувофиқ, ТХММнинг ҳеч бир қарори расмий реестрда эълон қилинмагунча юридик кучга эга бўлмайди. Агар ҳужжатнинг ўзида бошқа сана кўрсатилмаган бўлса, у расмий реестрга жойлаштирилган кундан бошлаб кучга киради.
Марказ маъмурияти барча учун очиқ бўлган электрон реестрни юритади. Ушбу реестр ТХММнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади ва мунтазам янгиланиб борилади.
Реестрда қуйидаги маълумотлар эълон қилинади:
● ҳужжатнинг дастлаб қабул қилинган матни;
● унга киритилган барча ўзгартиришларни ўз ичига олган амалдаги таҳрир;
● ҳужжатнинг қабул қилинган, кучга кирган ва ўзгартирилган саналари.
ТХММнинг расмий реестри инглиз тилида юритилади. Қарорларнинг ўзбек ёки бошқа тиллардаги расмий таржималари эълон қилиниши мумкин, бироқ ҳуқуқий кучга эга бўлган асосий матн инглиз тилидаги нусха ҳисобланади.
Агар ТХММ қарори расмий реестрда инглиз тилида эълон қилинмаган бўлса, у юридик кучга эга бўлмайди ва марказ иштирокчилари учун мажбурий ҳисобланмайди.
Муҳим қарорлар аввал жамоатчилик муҳокамасига қўйилади
Қонуннинг 10-моддасига кўра, Тошкент халқаро молия маркази (ТХММ) жиддий таъсирга эга бўлган норматив ҳужжатларни қабул қилишдан олдин уларни мажбурий равишда жамоатчилик муҳокамасига қўйиши керак.
Муҳокамага чиқарилган ҳужжатда қарорнинг ҳуқуқий асослари, тартибга солиниши кўзда тутилаётган асосий масалалар ҳамда муҳокама қанча муддат давом этиши очиқ кўрсатилиши лозим.
Шунингдек, муҳокама давомида фуқаролар, инвесторлар ва бошқа манфаатдор томонлардан келиб тушган барча таклиф ва эътирозлар кўриб чиқилади. Муҳокама якунида ТХММ қайси таклифлар қабул қилингани, қайсилари рад этилгани ҳамда бунинг сабаблари юзасидан алоҳида ҳисобот эълон қилиши шарт.
Қонун айрим фавқулодда ҳолатлар учун истисноларни ҳам назарда тутади. Агар қарорни зудлик билан қабул қилиш зарурати туғилса, у жамоатчилик муҳокамасисиз тасдиқланиши мумкин.
Бироқ бундай қарор ҳам қабул қилинган кундан бошлаб 60 кун ичида жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши шарт. Муҳокама якунларига кўра, зарурат туғилса, унга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Аммо қонун кучга кирган кундан бошлаб дастлабки 12 ой ичида ТХММ томонидан қабул қилинадиган қарорларга жамоатчилик муҳокамаси талаби татбиқ этилмайди.
Бу норма молия маркази фаолиятини илк босқичда тезроқ йўлга қўйиш ва зарур ҳуқуқий базани қисқа муддатда шакллантириш имконини беради.
ТХММ қандай молиялаштирилади ва унинг маблағлари ким томонидан назорат қилинади?
Қонуннинг 23-моддаси Тошкент халқаро молия маркази (ТХММ) фаолиятини молиялаштириш манбалари, молия йилини юритиш тартиби ҳамда маблағлардан фойдаланиш устидан назорат механизмларини белгилайди.
ТХММнинг илк молия йили марказ расман фаолият бошлаган кундан жорий йилнинг 31-декабрига қадар давом этади.
Шундан сўнг барча кейинги молия йиллари одатий календарь йилига мос равишда 1-январдан 31-декабргача ҳисобланади. Ушбу тартиб марказнинг барча органлари учун бир хил амал қилади.
Марказнинг молиявий ресурслари бир неча манбадан шакллантирилади.
Жумладан:
● Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
● иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш, лицензия ва рухсатномалар бериш, шунингдек бошқа хизматлар кўрсатишдан тушадиган йиғим ва тўловлар;
● ТХММ кенгаши рухсат берган, марказ фаолиятига хизмат қиладиган бошқа маблағлар.
Қонун марказ молиявий фаолиятининг мустақил аудитдан ўтказилишини ҳам назарда тутади.
Бунга кўра, ТХММ кенгаши марказ ва унинг органлари молиявий ҳисоботларини текшириш учун Ўзбекистонда ҳамда халқаро миқёсда эътироф этилган мустақил аудиторларни тайинлайди.
Шунингдек, марказ органларининг консолидациялашган йиллик бюджети ва молиявий ҳисоботлари аввало ТХММ кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, тасдиқланади. Шундан сўнг улар амалдаги бюджет қонунчилиги талабларига мувофиқ тақдим этилади.





