Logo

Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар қайта йўлга қўйилиши мумкин

«Умра плюс» доирасида Жакарта–Самарқанд–Жидда–Жакарта ҳамда Жакарта–Бухоро–Жидда–Жакарта каби йўналишлар таклиф этилмоқда.

Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар қайта йўлга қўйилиши мумкин © gov.uz

Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди. Бу ташаббус икки давлат ўртасида зиёрат туризми ва туристик алмашинувни кенгайтириш режалари доирасида кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, қўмита раиси Абдулазиз Оққулов Индонезия Республикаси Ҳаж ва Умра вазири Муҳаммад Ирфан Юсуф билан учрашувда Тошкент ва Жакартани, шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларини Индонезия билан тўғридан-тўғри боғлайдиган авиақатновларни йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилган.

Учрашувда туристик алмашинувни кенгайтириш, зиёрат туризмини ривожлантириш ва икки мамлакат туроператорлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилган.

Қўмита маълумотига кўра, янги авиақатновларни субсидиялаш бўйича давлат томонидан илгари сурилган механизмлардан фойдаланиш имконияти ҳам муҳокама қилинган. Индонезиядан турист олиб келадиган маҳаллий туроператорларга ҳар бир сайёҳ учун 100 доллар миқдорида субсидия ажратилиши таъкидланган.

Самарқанд ва Бухоро Индонезия бозорига чиқарилади

Таъкидланишича, Индонезия Ҳаж ва Умра вазирининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Самарқанд ва Бухородаги зиёрат масканлари билан танишув ташкил этилган.

Томонлар Бухоро ва Самарқандни Индонезия бозорида зиёрат туризми йўналишлари сифатида тарғиб қилиш, махсус туристик пакетлар ишлаб чиқиш ва Ҳаж ҳамда Умра операторлари билан B2B учрашувлар ўтказиш бўйича келишиб олган.

Индонезиялик инвесторлар иштирокида Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида «Hadith Hotel» беш юлдузли меҳмонхонасининг ишга туширилиши ҳам икки давлат ўртасидаги туризм ҳамкорлигининг амалий натижаларидан бири сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон томони Индонезия бозори учун «Умра плюс» дастурини ҳам ривожлантирмоқда. Унда Индонезиядан келган зиёратчиларнинг Саудия Арабистонига Умра сафари билан бирга Ўзбекистоннинг тарихий ва диний масканларига ташриф буюриши кўзда тутилади.

Нега Индонезия бозори муҳим?

Индонезияда ҳар йили 2 миллиондан ортиқ киши Ҳаж ва Умра зиёратига йўл олади. Мамлакатда дунёдаги энг катта мусулмон аҳолиларидан бири истиқомат қилади.

Ўзбекистон эса Индонезиялик зиёратчилар учун Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд билан боғлиқ масканларни таклиф қилмоқда. Мамлакатда 1 200 дан зиёд зиёрат туризми объекти мавжуд.

Шу нуқтаи назардан тўғридан-тўғри авиақатновлар «Умра плюс» дастурини ривожлантиришда муҳим омиллардан бири бўлиши мумкин. Айни пайтда Жакартадан Тошкентга тўғридан-тўғри парвоз мавжуд эмас, шу сабабли икки мамлакат ўртасидаги сафарлар, асосан, учинчи давлатлардаги транзит орқали амалга оширилади.

Рейслар аввал ҳам амалга оширилган

Тошкент–Жакарта тўғридан-тўғри авиақатновлари аввал ҳам мавжуд бўлган. Uzbekistan Airways 2023 йил 26 апрелдан ушбу йўналишдаги рейсларни узоқ танаффусдан сўнг қайта тиклаган. Рейслар ҳафтасига бир марта Boeing 787 Dreamliner самолётларида амалга оширилган.

Кейинчалик йўналиш яна тўхтатилган. Шу боис ҳозир муҳокама қилинаётган ташаббус янги йўналиш очишдан кўра, аввал амалга оширилган тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклашни англатади.

Туристик оқим ҳозирча катта эмас

Индонезия ҳозирча Ўзбекистонга туристлар етказиб берувчи асосий бозорлар қаторига кирмайди. 2025 йилда Ўзбекистонга туристик мақсадларда 11,7 миллион нафар хорижий фуқаро ташриф буюрган. Асосий оқим қўшни давлатлар ҳисобига тўғри келган, Индонезия эса туристлар сони бўйича мамлакатнинг TOP-10 бозорлари қаторида бўлмаган.

Шу билан бирга, Индонезиялик туроператорларнинг Ўзбекистонга қизиқиши мавжуд. Улар Самарқанд, Бухоро ва Термизни зиёрат туризми учун истиқболли йўналишлар сифатида баҳоламоқда.

Ўзбекистон 2026–2027 йилларда Малайзия ва Индонезиядан жами 100 минг нафар турист жалб қилишни мақсад қилган. Бунинг учун маҳаллий туроператорларга олиб келинган ҳар бир турист учун 100 доллардан субсидия бериш механизми қўлланмоқда.

«Умра плюс» доирасида Жакарта–Самарқанд–Жидда–Жакарта ҳамда Жакарта–Бухоро–Жидда–Жакарта каби йўналишлар ҳам таклиф этилмоқда.

Индонезиянинг Саудия Арабистони билан туристик алоқалари

Индонезиянинг Ҳаж ва Умра бозори ҳажмини Саудия Арабистонига бораётган сайёҳлар оқими ҳам кўрсатади. 2024 йилда Саудия Арабистонига Индонезиядан 1,856 миллион турист ташрифи қайд этилган.

Ўзбекистон «Умра плюс» дастури орқали ушбу оқимнинг бир қисмини мамлакатга жалб қилишни кўзламоқда. Бунда Индонезиядан Саудия Арабистонига йўл олаётган зиёратчилар учун Ўзбекистонни қўшимча йўналиш сифатида таклиф қилиш назарда тутилмоқда.

Индонезиянинг ўзи ҳам йирик туристик бозор ҳисобланади. 2025 йилда мамлакатга 15,39 миллион нафар халқаро турист ташриф буюрган. Шунингдек, мамлакат фуқароларининг ички туристик сафарлари сони қарийб 1,2 миллиардни ташкил этган.

Тўғридан-тўғри авиақатновларни тиклаш ташаббуси Индонезия томонидан ҳам билдирилган. 2026 йил июнь ойида Индонезия МПР раҳбари Аҳмад Музани Жакарта ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш зарурлигини айтган. Унинг таъкидлашича, бундай қатновлар индонезияликларга Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш ва кейинчалик Умра учун Саудия Арабистонига бориш имкониятини осонлаштириши мумкин.

2026 йил апрел ойида эса Ўзбекистон Туризм қўмитаси Индонезиянинг EGI Resources компанияси билан Индонезиядан Самарқанд ва Бухорога тўғридан-тўғри авиақатновларни ташкил этиш масаласини муҳокама қилган.

Шу тариқа, икки давлат ўртасидаги авиақатновларни тиклаш масаласи нафақат транспорт алоқаларини яхшилаш, балки Индонезиядан Ўзбекистонга зиёрат туризми оқимини ошириш режалари билан ҳам боғлиқ.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар қайта йўлга қўйилиши мумкин | Vaqt.uz