«Андижон полкаси» Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди
Бугун 20 минг нафар иштирокчи «Андижон полкаси»га рақсга тушган.
© Foto: uznews.uzАндижон вилояти марказида 20 минг нафар иштирокчи бир вақтнинг ўзида «Андижон полькаси»га рақсга тушиб, Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги маълум қилди.
«Ушбу кенг кўламли ташаббусдан кўзланган асосий мақсад – ўзбек миллий рақс санъатини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда ушбу кўрсаткич билан Гиннеснинг рекордлар китобига киришдан иборат. Мазкур маҳобатли тадбир Андижон шаҳрининг 2026 йилда “Турк дунёсининг маданий пойтахти” деб эълон қилиниши доирасида ўтказилди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, рекорд ўрнатилиши муносабати билан шаҳар марказий майдони ва унга туташ ҳудудлар анъанавий миллий куй-наволар, ранг-баранг жозибадор либослар ҳамда махсус саҳналаштирилган маданий чиқишлар билан байрамона тус олгани билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Намангандаги гуллар фестивали «Гиннесснинг рекордлар китоби»га расман киритилгани ҳақида хабар берилган эди. Фестивал доирасида китоб вакиллари бир ой давомида Наманган шаҳри аҳолиси томонидан 29 миллиондан зиёд гул кўчати қўлда экилиши жараёнини кузатган. Натижада жаҳон рекорди қайд этилди.


