
АҚШ Хитойга қарши блок тузяпти
АҚШ Хитойнинг муҳим минераллар соҳасидаги устунлигига қарши режасини ишга туширди. Вашингтондаги йиғилишда 55 давлат қатнашди. Ўзбекистон ҳам шу ерда АҚШ билан меморандум имзолади.


АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс 4 феврал куни муҳим минераллар бўйича имтиёзли савдо блокини шакллантириш режаларини эълон қилди. Ушбу ташаббус доирасида Вашингтон иттифоқчиларини бирлаштириб, нархлар бўйича мувофиқлаштирилган минимал чегараларни жорий этишни таклиф этмоқда. Бу орқали АҚШ илғор ишлаб чиқариш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга материаллар соҳасида Хитойнинг устунлигини сусайтиришга уринаётгани айтилади.
Хитой кўплаб минералларни қайта ишлаш соҳасидаги деярли тўлиқ назоратидан геоиқтисодий босим воситаси сифатида фойдаланиб келмоқда. Айрим ҳолларда у экспортни чеклаган, нархларни сунъий равишда пасайтирган ва яримўтказгичлар, электр автомобиллари ҳамда замонавий қурол-яроғ ишлаб чиқаришда қўлланадиган материаллар манбаларини диверсификация қилиш имкониятларини бошқа мамлакатлар учун чеклаб қўйган.
«Биз бозорларимизни арзон муҳим минераллар билан тўлдириб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни сиқиб чиқараётган ҳолатларга барҳам беришни истаймиз. Биз муҳим минераллар учун ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичида эталон нархларни белгилаймиз. Имтиёзли зона аъзолари учун ушбу эталон нархлар мослашувчан тарифлар орқали қўллаб-қувватланадиган минимал нарх сифатида хизмат қилади ва нархлар яхлитлигини таъминлайди», – деди Вэнс Вашингтонга ташриф буюрган вазирлар йиғилишида Хитой номини тилга олмасдан.
Йиғилишда жами 55 та давлат қатнашди


АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Хитой ўтган йили АҚШ автомобилсозлари ва бошқа саноат ишлаб чиқарувчилари учун зарур бўлган нодир ер элементларини етказиб беришни чеклаб, юқори лавозимли расмийлар ва глобал бозорларни хавотирга солганидан сўнг, АҚШнинг муҳим минераллар таъминоти бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирди. 2 феврал куни Трамп «Project Vault» деб номланган АҚШнинг муҳим минераллар бўйича стратегик захирасини ишга туширди. Лойиҳа АҚШ Экспорт-импорт банки томонидан ажратилган 10 миллиард долларлик бошланғич маблағ ва хусусий сектордан 2 миллиард доллар инвестиция билан қўллаб-қувватланади.
Давлат котиби Марко Рубио Вашингтонда бўлиб ўтган музокараларда 55 та давлат иштирок этганини маълум қилди. Улар орасида Жанубий Корея, Ҳиндистон, Таиланд, Япония, Германия, Австралия, Конго Демократик Республикаси ва Ўзбекистон ҳам бор бўлиб, ушбу мамлакатлар қазиб олиш ёки қайта ишлаш имкониятларига эга.

Рубио ҳам Хитойни тилга олмасдан, муҳим минераллар «деярли бир давлат қўлида жамлангани», бу ҳолат геосиёсатда «босим воситаси»га айланганини қўшимча қилди. Йиғилиш давомида АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир Мексика билан икки томонлама режа ҳамда Европа Иттифоқи ва Япония билан уч томонлама келишувни эълон қилди. Ушбу келишувлар муҳим минераллар етказиб бериш занжирларини мустаҳкамлаш ва бошқа иттифоқчилар билан кенгроқ келишувлар учун замин яратишни кўзда тутади.
Режалар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида нархларни қўллаб-қувватлаш, бозор стандартлари, субсидиялар ва кафолатланган харидлар каби аниқ чораларни ўрганишни назарда тутади. АҚШ, Европа Иттифоқи ва Япония, шунингдек, «G7» гуруҳи ва «Minerals Security Partnership» доирасида ҳам муҳокамаларни давом эттиришини билдирди.
Аргентина Ташқи ишлар вазирлиги эса алоҳида равишда АҚШ билан таъминот занжирларини мустаҳкамлаш ва диверсификация қилиш бўйича асосий келишувга эришилганини маълум қилди. Бу Жанубий Америка давлати мис ва литий экспортини оширишни режалаштирмоқда.


Кеча Ресурслар Геостратегик Ҳамкорлик Форумининг (FORGE) ишга туширилиши муносабати билан тадбир ҳам ўтказилди. Бу ташаббуслар АҚШ ва унинг тўққиз «Pax Silica» ҳамкори ўртасида глобал технология етказиб бериш занжирларини стратегик жиҳатдан таъминлаш бўйича ҳамкорлик билан қўллаб-қувватланмоқда. Шунингдек, АҚШ Аргентина, Кук ороллари, Эквадор, Гвинея, Марокаш, Парагвай, Перу, Филиппин, БАА ва Ўзбекистон каби давлатлар билан ўн битта янги икки томонлама муҳим минераллар тузилмалари ёки англашув мемарандумларга имзо чекди. Шунингдек, АҚШ сўнгги беш ой ичида яна ўнта муҳим минераллар тузилмалари ёки англашув мемарандумларига имзо чекди ва ўн еттита бошқа давлат билан бундай келишувлар бўйича музокараларни якунлади.
Давлат котиби Рубио «FORGE» ташкил этилишини «MSP» (Minerals Security Partnership)нинг давоми сифатида эълон қилди. «FORGE», июн ойигача Жанубий Корея раислигида бўлиб, глобал муҳим минераллар бозоридаги давом этаётган муаммоларни ҳал қилиш учун қатъий ва фаол ҳаракатларни олиб боради.
Ўзбекистон АҚШ билан меморандум имзолади


Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ўртасида муҳим фойдали қазилмалар ва нодир ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида таъминот барқарорлиги тўғрисида англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатга кеча, 4 феврал куни Вашингтонда бўлиб ўтган Ўта муҳим минераллар бўйича вазирлар йиғилиши доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау қўл қўйди.
«Биз ўта муҳим минералларни нафақат иқтисодий имконият, балки масъулиятли ҳамкорлик ва узоқ муддатли барқарор ривожланиш учун муҳим йўналиш сифатида кўрамиз», – деб ёзди Бахтиёр Саидов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Кристофер Ландау ва Бахтиёр Саидов муҳим минералларнинг иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашдаги асосий ўрнини таъкидлаган.
«Дўстим, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашувни юқори баҳоладим. Учрашувда энергия хавфсизлигини ва иқтисодий имкониятларни ривожлантириш мақсадида муҳим минералларни қидиришда икки мамлакат ҳамкорлигининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди», – деб ёзди АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари.


Ўзбекистон ушбу соҳада салмоқли салоҳиятга эга экаи, ўз саноатини халқаро энг юқори стандартлар – шаффофлик, экологик масъулият ва қўшимча қиймат яратишга йўналтирилган ишлаб чиқариш тамойиллари асосида ривожлантиришга қатъий интилишини таъкидлаган Бахтиёр Саидов Тошкентнинг халқаро шериклар билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, илғор технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, таъминот занжирларининг барқарорлигини мустаҳкамлаш ва тоза энергетикага ўтишни қўллаб-қувватлашга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.


У АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан гаплашди. Мулоқотда икки томонлама кун тартибигина эмас, балки глобал миқёсдаги энг долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.


«Яқинда ташкил этилган Тинчлик кенгаши можаролардан жабр кўрган ҳудудларда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилувчи самарали платформага айланиб бораётгани, миллионлаб инсонларга янада хавфсиз ва муносиб келажак сари умид бағишлаётганини алоҳида таъкидладик», – дейди Саидов.


Ўзбекистон ташқи ишлар вазири АҚШ савдо вакили Жамисон Грир ҳамда АҚШ Экспорт-импорт банки президенти ва раиси Жон Йованович билан ҳам мулоқот қилди. Суҳбат давомида икки томонлама савдо-иқтисодий кун тартибининг асосий устувор йўналишлари, жумладан, бозорларга киришни кенгайтириш, инвестиция ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва устувор тармоқларда қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳокама қилинди. Савдони осонлаштириш ва барқарор иқтисодий ўсишни рағбатлантиришнинг амалий механизмларига алоҳида эътибор қаратилган.
Минерал компаниялар акциялари қулади
Муҳим минераллар учун минимал нархлар (price floor) белгилашга қаратилган кўп мамлакатли ташаббус Трамп маъмуриятининг хусусий бизнес устидан назоратни кучайтиришга қаратилган сўнгги қадами ҳисобланади. Оқ уй бир қатор минерал компанияларда, шунингдек чип ишлаб чиқарувчи «Intel» (INTC.O) компаниясида улушлар сотиб олган, шунингдек, дори ишлаб чиқарувчилар билан нархларни пасайтириш бўйича келишувлар тузган.
Савдо блоки ҳақидаги хабарлар ортидан минерал компаниялар акциялари кескин арзонлади. «MP Materials» (MP.N), «Critical Metals» (CRML.O), «NioCorp Developments» (NB.O) ва «USA Rare Earth» (USAR.O) акциялари 6 фоиздан 14 фоизгача қиймат йўқотди.

Мувофиқлаштирилган савдо қоидалари орқали минимал нархларни кафолатлаш Вашингтонга арзон хитой таъминоти билан рақобатлаша олмай келган кончилик ва қайта ишлаш лойиҳаларига хусусий инвестицияларни жалб қилиш имконини бериши кутилмоқда. Маъмурият расмийлари яқинда саноат вакилларига АҚШ алоҳида миллий лойиҳалар учун нарх кафолатларини беришдан воз кечиб, глобал ечим сари ҳаракат қилаётганини маълум қилди. Бу ёндашув электр автомобиллари, яримўтказгичлар ва мудофаа тизимлари учун зарур материалларнинг глобал таъминот занжирларини қайта шакллантириши мумкин. Бироқ қисқа муддатда ишлаб чиқарувчилар учун харажатлар ошиши ва Пекин билан савдо кескинлиги кучайиши эҳтимоли бор.
«Хитой узоқ вақт давомида муҳим минералларнинг глобал саноат ва таъминот занжирларини хавфсиз ва барқарор сақлашда муҳим ва конструктив рол ўйнаб келган ва бу борада фаол саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёр», – деган Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси «Reuters» агентлигининг изоҳ бериш сўровига жавобан.
Ўтган йили Хитой нодир ер элементлари экспортига қўшимча назорат чораларини жорий этгани Европа ва АҚШдаги автомобил ишлаб чиқарувчилар учун ишлаб чиқариш кечикишлари ва вақтинчалик тўхташларга сабаб бўлди. Шу билан бирга, Хитой томонидан яратилган литийнинг ортиқча таклифи АҚШда ишлаб чиқаришни кенгайтириш режаларини секинлаштирди.
Бундай қарамлик Вашингтон ва унинг ҳамкорларини жиддий ташвишга солиб келмоқда. Улар литий, никел, нодир ер элементлари ва бошқа муҳим минераллар бўйича барқарор миллий қазиб олиш ва қайта ишлаш имкониятларини яратиш сиёсати устида йиллар давомида қийналиб келмоқда.
Апрел ойида Хитойга ташриф буюриши кутилётган Трамп кеча, 4 феврал куни эрталаб Хитой раиси Си Жинпинг билан «жуда аъло» телефон суҳбати бўлганини «Truth Social» тармоғида ёзди. Суҳбатда соядан тортиб Эронгача бўлган савдо ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилинган, бироқ минераллар ҳақида гап очилмаган.
Хитойнинг муҳим минераллар бўйича таъсир кучи октябр ойида яққол намоён бўлди. Ўшанда Трамп Хитой товарларига тарифларни қисқартиришга рози бўлиб, эвазига Пекин нодир ер элементлари экспортига янада қаттиқ чекловлар жорий этмасликка ваъда берган эди.
4 феврал куни бўлиб ўтган йиғилиш Трампнинг кенг қамровли «America First» тариф сиёсатлари билан иттифоқчиларни норози қилган бир пайтда, АҚШнинг ҳамкорлар билан биргаликда сиёсий воситаларни мувофиқлаштириб, Хитойнинг соҳадаги устунлигига қарши курашишга қаратилган кенгроқ ҳаракатларини акс эттиради.

«Менимча, бу АҚШ Хитой таъминот устунлиги мавжуд бўлган соҳаларда ўз заифлигини камайтириш учун бошқалар билан ҳамжиҳат ҳаракат қилиши шартлигини англаб етганини кўрсатади», – деди Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг Хитой бизнеси ва иқтисодиёти дастури раҳбари Скотт Кеннеди.
Ички ишлар вазири Дуг Бургум 3 феврал куни бу ҳафта муҳим минераллар бўйича савдо клубига яна 11 та давлат қўшилишини маълум қилди. Улар АҚШ, Австралия, Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони ва Таиландга қўшилади. Унинг айтишича, яна 20 та давлат ушбу коалицияга қўшилишга «катта қизиқиш» билдирган.
Ҳукуматлар олдида турган очиқ саволлар
Табиий ресурсларни бошқариш институти таҳлилчиларининг айтишича, ривожланаётган минерал ишлаб чиқарувчи ҳукуматлар олдида бир қатор очиқ саволлар турибди. Шулардан бир ошкоралик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш масаласи.
Аввалги икки томонлама саъй-ҳаракатлар шуни кўрсатдики, минерал ҳамкорлик шартлари бўйича ошкоралик ва маслаҳатлашув етишмаслиги жамоатчилик қаршилигига олиб келиши ва оқибатда амалга ошириш жараёнини кечиктириши мумкин. Масалан, атиги саккиз ҳафта олдин келишиб олинган АҚШ–Конго Демократик Республикаси стратегик шериклик келишуви ҳозирда КДР Конституциявий судида ҳуқуқий даъвога дуч келмоқда. Конголик юристлар гуруҳи ушбу келишувни табиий ресурслар устидан суверенитетга оид конституциявий қоидаларни ва ресурс алмашинувига доир шартномаларни парламент томонидан тасдиқлаш талаби бузилгани асосида бекор қилишни талаб қилмоқда.
Янги кўп томонлама ташаббуснинг кўлами катта экани сабабли ошкоралик ва назорат механизмларини жорий этиш янада муҳим аҳамият касб этади. Чунки иштирок этишни кўриб чиқаётган мамлакатлар фуқаролари ўз ҳукуматлари қандай иқтисодий шартларга рози бўлаётганини аниқ тушуниб олишни истайди.

Иккинчи масала қиймат қўшишни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдир. Таклиф этилаётган нарх қуйи чегаралари ва тарифлар тизимининг ишлаш механизмлари, жумладан, улар клубдан ташқари манбалардан келаётган мавжуд лойиҳалар ва янги инвестицияларга қандай таъсир кўрсатиши ҳали аниқ эмас. Кам ва ўрта даромадли ишлаб чиқарувчи мамлакатлар учун асосий савол – бу ташаббус қиймат занжири бўйлаб юқори босқичларга кўтарилиш бўйича мақсадларга қандай таъсир қилади? Ҳатто нарх қуйи чегаралари клубга аъзо кам ва ўрта даромадли мамлакатларда кончилик лойиҳаларига инвестицияларни оширишга эришган тақдирда ҳам, қўшимча чораларсиз, масалан, энергия инфратузилмасининг етарли эмаслиги ва молиялаштириш харажатларининг юқорилиги каби қиймат қўшиш лойиҳалари олдидаги доимий тўсиқлар бартараф этилмас экан, бу қуйи оқим (downstream) ривожланишни қай даражада илгари суриши номаълумлигича қолмоқда.
Минтақавий қиймат занжирларини ривожлантириш ва умумий музокара кучини оширишда марказий аҳамиятга эга бўлган минтақавий ҳамкорлик саъй-ҳаракатларига бўлган эҳтимолий таъсир алоҳида эътиборни талаб қилади. Масалан, агар клуб ичидаги қиймат қўшиш корхонаси минералларни бозор нархидан юқорироқ нархда харид қилса, ўз фаолиятини барқарор сақлаш учун маҳсулотини ҳам юқори нархда сотишига тўғри келади. Бу эса минтақадаги клубга аъзо бўлмаган давлатлар учун ушбу маҳсулотларни кейинги қуйи оқим ишлаб чиқариш босқичлари учун харид қилишни қийинлаштириши мумкин. Амалда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш қанчалик мушкул экани ҳисобга олинса, бундай ташаббус бу жараённи янада қийинлаштириши эҳтимолдан холи эмас.
Европа Иттифоқи ушбу хавфни англаган кўринади. ОАВ хабарларига кўра, эълон арафасида АҚШ ЕИга аъзо айрим давлатларни икки томонлама келишувлар имзолашга ундаган, бироқ Еврокомиссия Иттифоқ мамлакатларини якдилликни сақлашга чақирган.
Кейинги қадам сифатида, ривожланаётган ишлаб чиқарувчи мамлакатлар минтақавий институтлардан, масалан, Африка мисолида Африка минералларини ривожлантириш маркази, Африка тараққиёт банки ва Африка ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ҳамда бошқа ёрдам механизмларидан фойдаланиб, минерал дипломатия бўйича мувофиқлашувни кучайтиришлари, оқибатларни баҳолаш учун техник салоҳиятни оширишлари ва музокара стратегияларини шакллантиришлари мумкин.

Бошқарув ва экологик ҳимоя механизмларини интеграция қилиш ҳам ҳали очиқ турибди. Рухсатнома бериш жараёнларини жадаллаштириш АҚШнинг ички минерал ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш салоҳиятини ривожлантириш стратегиясининг асосий устунларидан бири ҳисобланади ва эҳтимол, таклиф этилаётган икки томонлама келишувлар ҳамда савдо битимларининг бир қисми бўлади. Фуқаролик жамияти эса кончилик рухсатномаларини тезлаштириб бериш масаласида узоқ йиллар давомида эҳтиёткорликка чақириб келмоқда, чунки бу соҳада ижтимоий, экологик ва бошқарувга оид хатарларни эътибордан четда қолдириш эҳтимолини оширади. Таҳлилчиларнинг айтишича, лицензиялаш ва шартномалаш жараёнларида ҳимоя механизмларини қисқартириш орқали ишлаб чиқаришни тезлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар акс таъсир бериши мумкин. Бунда ишлаб чиқариш суд жараёнлари, фаолиятни тўхтатиш, намойишлар ва иш ташлашлар сабабли секинлашиши ёки бутунлай тўхтаб қолиши эҳтимоли ортиб кетади.
Мустаҳкам бошқарув стандартлари ва ижтимоий-экологик ҳимоя чораларини таъминлаш барқарор минераллар савдо тизимини барпо этишнинг ҳал қилувчи асоси бўлади. Бугунги қўшма матбуот баёнотида Европа Иттифоқи, АҚШ ва Япония кейинги қадамлар бўйича «G7»ни ўз ичига олган тегишли халқаро майдонларда» ҳамкорлик қилишини маълум қилди. Бу эса таклиф этилаётган савдо механизмига яқинда қабул қилинган «G7»нинг муҳим минераллар учун стандартларга асосланган бозорларни рағбатлантириш бўйича йўл харитасига боғлиқ мезонларни киритиш имконини очади. Ушбу йўл харитасида «G7» мамлакатларининг кончилик соҳасида халқаро меҳнат ва инсон ҳуқуқлари, маҳаллий жамоалар билан маслаҳатлашув, қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши чоралар, шунингдек, экологик ҳимоя бўйича иш натижаларига асосланган стандарт мезонларни ишлаб чиқишга оид мажбури
Teglar






