add

Трамп нодир металлар стратегик захирасини яратиш учун фонд тузяпти

Kecha 11:352 daqiqa

Лойиҳа учун дастлабки молиялаштириш ҳажми 12 млрд долларни ташкил этади. Фонд тузишдан асосий мақсад миллий иқтисодиётнинг Хитойдан металлар импортига бўлган қарамлигини сезиларли даражада камайтиришдир.

Трамп нодир металлар стратегик захирасини яратиш учун фонд тузяпти

АҚШ президенти Доналд Трамп муҳим аҳамиятга эга минераллардан стратегик захира яратиш бўйича йирик ташаббусни ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда. Лойиҳа учун дастлабки молиялаштириш ҳажми 12 миллиард долларни ташкил этади. Лойиҳанинг асосий мақсади – Америка ишлаб чиқарувчиларини таъминот занжирларидаги кескин узилишлардан ҳимоя қилиш ҳамда миллий иқтисодиётнинг Хитойдан нодир ер металлари ва бошқа металлар импортига бўлган қарамлигини сезиларли даражада камайтиришдир. Бу ҳақда кеча, 2 феврал куни «Bloomberg» агентлиги хабар қилди.

«Project Vault» деб ном олган янги тузилма 1,67 миллиард доллар хусусий капитални ҳамда АҚШ Экспорт-импорт банки (Ex-Im Bank) томонидан ажратиладиган рекорд даражадаги 10 миллиард долларлик кредитни бирлаштиради. Банк директорлар кенгаши ушбу 15 йиллик кредитни тез орада тасдиқлаши кутилмоқда. Ушбу молиялаштириш ҳажми «Ex-Im Bank» тарихидаги энг йирик битимдан икки баробардан ортиқдир.

Лойиҳага аллақачон ўндан ортиқ саноат гигантлари қўшилган. Улар орасида:

«General Motors Co.»;

«Stellantis NV»;

«Boeing Co.»;

«Corning Inc.»;

«GE Vernova Inc.»;

«Google (Alphabet Inc.)».

Хомашё хариди билан эса учта етакчи савдо уйи шуғулланади: «Hartree Partners LP», «Traxys North America LLC» ва «Mercuria Energy Group Ltd».

Захирада нима сақланади?

Моҳиятан, ташаббус АҚШ Стратегик нефт захирасини эслатади, бироқ у фақат мудофаа эҳтиёжлари учун эмас, балки фуқаролик соҳаси учун мўлжалланган. Омборларда «iPhone», аккумуляторлар, реактив двигателлар каби юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ресурслар жамланади. Гап камёб ер металлари, шунингдек, галлий, кобалт ва нархлари юқори даражада ўзгарувчан бўлган бошқа элементлар ҳақида бормоқда.

Фонд ташкил этилиши ҳақидаги хабар аллақачон Америка кончилик компаниялари акцияларининг олдинги савдоларда ўсишига сабаб бўлди. Хусусан, «USA Rare Earth Inc.», «Critical Metals Corp.», «United States Antimony Corp.» ва «NioCorp Developments Ltd.» акциялари қимматлашди.

Бизнесни ҳимоя қилиш механизми

«Project Vault» иштирокчи компанияларга ўз хавф-хатарларини суғурталаш имконини беради, бунинг учун уларга улкан шахсий омборларни сақлаш шарт бўлмайди. Дастлабки бадални тўлаб, хизмат ҳақи тўлайдиган ишлаб чиқарувчилар зарур материаллар учун ариза топширишлари мумкин бўлади.

Механизмга кўра, компаниялар омбордан материалларни олишлари мумкин, бироқ кейинчалик захирани тўлдириш мажбурияти сақланиб қолади. Агар глобал таъминот занжирларида жиддий узилишлар юз берса, улар захираларга тўлиқ кириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу эса нархларни барқарорлаштиришга ва Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсда бостириб киришидан кейин никел нархларида кузатилган кескин сакрашга ўхшаш ҳолатлардан корпорациялар молиявий ҳолатини асрашга хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid