
Бозорда «коррекция»: Қора олтин яна қимматлашмоқда
Кетма-кет икки ҳафталик пасайишдан сўнг, душанба куни эрталаб нефт нархи кўтарила бошлади.

Тошкент вақти билан соат 9:15 ҳолатига кўра, Лондоннинг ICE Futures биржасида Brent маркали нефтнинг феврал ойи учун фючерслари 0,48 долларга ёки 0,79 фоизга қимматлашиб, бир баррели 60,95 долларга етди. Биржа маълумотларига кўра, ўтган жума куни ҳам Brent нархи ўсишни қайд этган бўлиб, у 0,65 долларга ёки 1,1 фоизга ошган ҳолда 60,47 доллардан савдоларни якунлаган эди.
Ню Йорк товар биржасининг NYMEX электрон савдоларида эса WTI маркали нефтнинг феврал ойи учун фьючерслари ушбу вақтга келиб 0,46 долларга ёки 0,81 фоизга қимматлашиб, бир баррели 56,98 долларни ташкил қилди. Аввалги савдо сессиясида мазкур шартнома нархи 0,58 долларга ёки 1 фоизга ўсиб, 56,52 доллар даражасида ёпилган эди.
Бозор иштирокчилари фикрича, жорий ўсиш қисқа муддатли тузатиш характерига эга бўлиб, у олдинги икки ҳафта давомидаги пасайишдан кейин шаклланди. Ўтган ҳафтада ҳар икки асосий нефт маркаси нархи келгуси йилда нефт бозорида таклиф ҳажмларининг ортиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабабли тахминан 1 фоизга арзонлаган эди. Ундан бир ҳафта олдин эса пасайиш янада сезиларли бўлиб, Brent ва WTI нархлари қарийб 4 фоизга тушган.





