Электрон тижорат соҳасидан зарар кўрган фуқароларга 7,3 млрд сўм қайтариб берилди
Рақобат қўмитасига фуқаролардан ўтган 2025 йилда электрон тижорат соҳасида 3 100 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Ҳуқуқлари бузилган 9,6 млн нафар истеъмолчига 7,3 млрд сўм миқдорида етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган.

2025 йил давомида электрон тижорат соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 7,3 млрд сўм маблағ фуқаролар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.
Қўмитага ўтган йили мазкур йўналишда 3 100 га яқин мурожаат келиб тушган. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, эътирозларнинг асосий қисми йирик маркетплейс ва онлайн хизматлар улушига тўғри келади.
Хусусан:
— 842 та (27,6 foiz) — Uzum Nasiya;
— 329 та (10,8 foiz — Yandeks;
— 168 та (5,5 foiz) — Texnomart;
— 166 та (5,4 foiz) — Ishonch;
— 150 та (4,9 foiz) — Alif shop (alif moliya, alif nasiya);
— 115 та (3,8 foiz) — Uzum Tezkor;
— 56 ta (1,8 foiz) — Openshop.uz;
— 54 та (1,8 foiz) — ZoodMall;
— 46 та (1,5 foiz) — Idea энг кўп шикоят қайд этилган ташкилотлар қаторига кирган.
Ўрганишлар жараёнида шартнома шартлари, кафолат муддатидаги сервис хизматлари, нуқсонли товарни алмаштириш, рекламада нотўғри маълумот бериш, тўлов ва етказиб бериш хизматлари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Қўмита маълумотига кўра, мурожаатларда қайд этилган ҳолатларни бартараф этиш даражаси ўртача 84,8 фоизни ташкил этган. Энг юқори кўрсаткич IDEA (84,8 фоиз), Uzum Tezkor (82,6 фоиз) ва Ишонч (81,3 фоиз) ҳиссасига тўғри келади. Энг паст натижа эса Yandeks (63,5 фоиз) томонидан қайд этилган.
Ўрганишлар натижасида ҳуқуқлари бузилгани аниқланган 9,6 млн нафар истеъмолчига 7,3 млрд сўм миқдорида етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.





