add

Эпштейннинг шарпаси Американи таъқиб қилмоқда

Kecha 08:185 daqiqa

Узоқ кутилган Эпштейн файллар дунёни ларзага солди. Билл Гейтснинг «рус қизлари» билан боғлиқ сирлари, Илон Маскнинг Эпштейн оролига бўлган интилишлари ва шаҳзода Эндрюнинг Букингем саройига таклифи ошкор бўлди. Бу ҳужжатлар машҳурлар ва сиёсатчиларни фош қилди, лекин ҳали ҳам жамоатчиликнинг «чанқоғи» босилмаган.

Эпштейннинг шарпаси Американи таъқиб қилмоқда

Уч миллион саҳифа. Минглаб исмлар. Юзлаб фотосуратлар. Аммо асосий саволга ҳамон жавоб йўқ: Жеффри Эпштейннинг жиноий империяси ортида аслида ким турган?

30 январ куни АҚШ Адлия вазирлиги одам савдосида айбланган жиноятчи иши бўйича навбатдаги — расмийларнинг таъкидлашича, охирги — ҳужжатлар тўпламини эълон қилди. Ушбу ҳужжатлар барча саволларга нуқта қўйиши керак эди. Бироқ аксинча, бу ҳужжатлар жамоатчиликни жунбишга келтириб, эҳтиросларни янада алангалатиб юборди.

Машҳур ваъда

2024 йилги сайловолди кампанияси давомида Дональд Трамп Эпштейн ва унинг шериги Гислен Максвеллга тегишли барча материалларни ошкор қилишга ваъда берган эди. Консерватив сайловчиларнинг катта қисми учун бу муҳим масала бўлган: кўпчилик ушбу ҳужжатлар машҳурлар ва сиёсатчиларнинг глобал фитнасини фош этишига ишонарди.

Бироқ, ҳокимият тепасига келганидан сўнг, Трамп файлларнинг фақат кичик бир қисмини эълон қилди, ушбу ишга бўлган қизиқишни эса «демократларнинг провокацияси» деб атади. Натижада Конгресс қолган ҳужжатларни ошкор қилишни мажбурий этиб белгиловчи икки партиявий қонунни қабул қилишга мажбур бўлди. Трампни уни икки ойдан кўпроқ вақт олдин имзолади, бироқ сиёсий зарар етиб бўлган эди.

CNN телеканали томонидан ўтказилган сўнгги сўровномага кўра, америкаликларнинг учдан икки қисми — ва республикачиларнинг 42 фоизи — федерал ҳукумат маълумотларни қасддан яшираётганига ишончи комил.

«Бу унинг энг катта хатоси бўлди. Эпштейн файллари, унда нима бўлишидан қатъи назар, дарҳол эълон қилиниши керак эди», — деди консерватив радиобошловчи Жон Фредерикс.

Саволларни кўпайтираётган таҳрирлар

Эълон қилинган ҳужжатлар нафақат ўз мазмуни, балки қайта ишланган шакли туфайли ҳам кескин танқидлар тўлқинини келтириб чиқарди. NPR журналистлари жинсий зўравонлик қурбонларининг исмлари очиқ қолдирилган, бироқ суратлардаги эркакларнинг юзлари синчковлик билан хиралаштирилган кўплаб ҳолатларни аниқлади.

Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Стив Бэннон ва Эпштейн ўртасидаги ёзишмалардан бирида, ҳатто газета парчасидаги Трампнинг юзи ҳам қора квадрат билан тўсиб қўйилган. Бунинг устига, архивда айнан битта ҳужжат турли даражадаги таҳрирлар билан олти мартагача такрорланган.

Эпштейнга қарши судда кўрсатма берган жабрланувчилардан бири Энни Фармер ушбу «хатоларни» қасддан қилинган деб атади: «Бунчалик сифатсиз ишни оқлайдиган ҳеч қандай важ йўқ».

Конгресс аъзоси Александрия Окасио-Кортес ҳам вазиятга кескин муносабат билдирди: «Бу файлларнинг фақат кичик бир қисми, холос. Улар барча ҳужжатларни эълон қилишни талаб қилувчи қонунни бузган ҳолда, фақат ўзлари рози бўлган қисминигина кўрсатишди. Пэм Бонди раҳбарлигидаги Адлия вазирлиги ҳамон ҳужжатларнинг асосий қисмини яшириб келмоқда».

Исмлар қалқиб чиқмоқда, ҳужжатлар эса — ғойиб бўляпти

Эълон қилинган файллар орасида ФҚБ томонидан бевосита Трамп ва Эпштейнга тегишли ўндан ортиқ маълумотлар жамланган ҳисобот ҳам бор. Айбловлар ўзининг оғирлиги билан кишини ҳайратга солади: Нью-Жерсида 13 ёшли қизнинг зўрланиши, Мар-а-Лагодаги базмларда вояга етмаганлар иштирокидаги «аукционлар», Калифорниядаги гольф-курортда ташкил этилган одам савдоси тармоғи.

ФҚБ ушбу даъволарнинг аксариятини тасдиқлай олмади — уларнинг бир қисми асоссиз деб топилган бўлса, қолганларини ариза берувчилар билан боғланиш имкони бўлмагани сабабли текширишнинг иложи бўлмаган. Адлия вазирлиги ушбу айбловларни 2020 йилги сайловлар арафасида келиб тушганини таъкидлаб, уларни «асоссиз ва ёлғон» деб атади. Идоранинг расмий баёнотида, «агар бу гапларда заррача ҳақиқат бўлганида, аллақачон президентга қарши ишлатилган бўларди», — дейилади.

Бироқ айнан кейинги содир бўлган воқеалар оловга мой сепди: эълон қилинганидан кўп ўтмай, Трампга қарши айбловлар акс этган ҳужжатлар Адлия вазирлиги сайтидан олиб ташланди. Ҳозирда ушбу саҳифалар «топилмади» деган хатоликни кўрсатмоқда, ваҳоланки уларнинг нусхалари ижтимоий тармоқларда тарқалиб улгурган.

Маъмурият танқидчилари учун бу воқеалар танловли ёндашувнинг яна бир исботи бўлди: қурбонларнинг исмлари очиқ қолаётган бир пайтда, нуфузли эркакларнинг юзлари беркитилмоқда, президентнинг ўзига нисбатан айбловлар эса расмий манбалардан бутунлай ғойиб бўлган.

Ҳужжатлар, шунингдек, Эпштейннинг бутун бир нуфузли шахслар гуруҳи билан алоқаларига ойдинлик киритади. Уларнинг аксарияти молиячи билан муносабатларни у 2008 йилда судланганидан кейин ҳам давом эттирган.

Илон Маск Эпштейн билан бир неча йил давомида хат алмашиб турган. 2012 йилда у «оролингдаги энг дахшатли базм қайси куни бўлади?», деб сўраган. Маск мазкур оролга борганини инкор этса-да, ёзишмалар у ерга ташриф буюриш бўйича бир неча бор уринишлар бўлганидан далолат беради.

Microsoft асосчиси Билл Гейтс Эпштейн билан ёзишмаларида пандемия симуляциясини муҳокама қилган. Баъзи хатларда Гейтс «рус қизларидан» жинсий йўл билан юқадиган касаллик юқтириб олгани ва буни яширишга урингани айтилади.

Эпштейн билан алоқаларни 2005 йилдаёқ узганини иддао қилган Савдо вазири Говард Лютник эса, ҳужжатларга кўра, 2012 йилда унинг оролига боришни режалаштирган.

Британиялик миллиардер Ричард Брэнсон 2013 йилда Эпштейнга шундай деб ёзган: «Кеча сени кўрганимдан жуда хурсанд бўлдим. Исталган вақтда келавер — фақат ҳарамингни ҳам бирга олиб келишни унутма!».

Шаҳзода Эндрю эса Эпштейнни 2010 йилда — у жинсий жиноятлар учун жазо муддатини ўтаб бўлганидан кейин ҳам — Букингем саройига таклиф қилган.

Чок-чокидан сўкилаётган партия

Эпштейн файллар билан боғлиқ жанжаллар фонида Трампнинг рейтинги пасайишда давом этмоқда. Pew Research Center маълумотларига кўра, ҳозирда уни қўллаб-қувватловчилар қарийб 37 фоизни ташкил этяпти — бу кузги кўрсаткичдан уч фоизга паст. Республикачиларнинг орасида ҳам унинг ғояларини маъқуллаш даражаси 67 фоиздан 56 фоизга тушиб кетган.

Бироқ Оқ уй учун энг хавотирли белги сенатор Тед Крузнинг донорлар билан ўтказган ёпиқ учрашувлари ёзиб олинган аудиофайлларнинг сизиб чиқиши бўлди. 2028 йилги президентлик пойгасига кўз тикаётган техаслик республикачи ушбу ҳужжатларда ҳам Трампни, ҳам вице-президент Вэнсни кескин танқид қилган.

«Агар 2026 йилнинг ноябригача одамларнинг пенсия жамғармалари 30 фоизга камайса, супермаркетлардаги нархлар эса 10–20 фоизга кўтарилса, бизни сайловларда ҳақиқий қирғинбарот кутмоқда», — дея огоҳлантирган Круз Трамп билан телефон суҳбатида. Унинг сўзларига кўра, ушбу суҳбат «жуда ёмон кечган».

Трампнинг жавоби эса ўта қисқа бўлган: «Йўқол, Тед».

Чекинишни истамаётган соя

Эпштейн иши аллақачон шунчаки жиноий тергов доирасидан чиқиб кетган. Миллионлаб америкаликлар учун бу нуфузли шахслар мутлақо бошқа қоидалар асосида яшайдиган, адолат эса танлаб амалга ошириладиган тизимнинг тимсолига айланди.

Эълон қилинган уч миллион саҳифалик ҳужжатлар жавоблардан кўра кўпроқ саволларни келтириб чиқармоқда. Таҳрирлаш ишлари ўта шубҳали: баъзиларнинг юзи яширилган, бошқаларнинг исмлари эса очиқ қолдирилган. Оқ уй тергов якунланганини таъкидлаётган бўлса-да, жамоатчилик уни давом эттиришни талаб қилмоқда. Бу қарама-қаршилик давом этар экан, Эпштейннинг шарпаси ҳам Трампни, ҳам бутун Республикачилар партиясини таъқиб қилаверади.

Конгрессга оралиқ сайловлар ўтказилишига бир йилдан камроқ вақт қолди. Республикачиларнинг ўзлари ҳам тан олаётганидек, имкониятлар эшиги шиддат билан ёпилиб бормоқда.

 

Teglar

Mavzuga oid