Фарғона аэропортида перрон 35 йилдан сўнг илк бор капитал таъмирланмоқда

Bugun 15:451 daqiqa

Фарғона аэропортида перронни тўлиқ янгилаш ишлари бошланди, реконструкция натижасида самолётлар учун туриш жойлари сони 9 тагача оширилади.

Фарғона аэропортида перрон 35 йилдан сўнг илк бор капитал таъмирланмоқда

Фарғона халқаро аэропортида перронни капитал таъмирлаш ишлари бошланди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» компанияси маълум қилди. Лойиҳа доирасида мавжуд инфратузилмани тўлиқ янгилаш ва уни замонавий талабларга мослаштириш кўзда тутилган.

Таъкидланишича, таъмирлаш ишлари доирасида эскирган асфалт-бетон қопламаси тўлиқ алмаштирилади ва мустаҳкамланади. Бу эса перроннинг узоқ муддатли ва хавфсиз эксплуатациясини таъминлашга хизмат қилади.

Таъмирлаш ишлари нималарни ўз ичига олади?

Шунингдек, перроннинг барча элементлари халқаро авиация хавфсизлиги ва фойдаланиш стандартларига мувофиқ ҳолатга келтирилади. Лойиҳа доирасида муҳандислик коммуникациялари, жумладан, сув чиқариш тизимлари ҳам тўлиқ янгиланади.

Бундан ташқари, перрон ёритиш тизими ҳам модернизация қилинади. Янги энергия тежамкор ва замонавий ускуналар ўрнатилиб, ёритиш сифати ва самарадорлиги оширилади. Ёритиш мачталари жойлашувини ўзгартириш ҳам умумий самарадорликни яхшилашга хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, мазкур объектда охирги бор реконструкция ишлари 1991 йилда амалга оширилган бўлиб, шундан бери капитал таъмирлаш ишлари ўтказилмаган.

Таъмирлаш ишлари якунига етгач, перронда самолётлар учун туриш жойлари сони 9 тагача оширилади. Бу мавжуд майдонни қайта режалаштириш, белгиларни янгилаш ва ҳаво кемалари жойлашувини оптималлаштириш орқали амалга оширилади.

Teglar

Mavzuga oid