Humans’нинг собиқ топ-менежери Беҳзод Ботиров ҳибсга олинди
У қимор ўйинларини ноқонуний ташкил этганлик айблови билан 4 июл куни ҳибсга олинган. Суд уни 2026 йил февралгача қамоқда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди.

PayWay тўлов ташкилоти ҳаммуассиси ва кузатув кенгаши аъзоси Беҳзод Ботиров Ўзбекистонда қимор ўйинларини ноқонуний ташкил этгани учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда Spot хабар берди.
Қайд этилишича, Humans гуруҳига тегишли UPay тўлов ташкилотининг 6,5 йилдан ортиқ вақт давомида бош директори лавозимида ишлаган ва илгари Humans топ-менежери бўлган Ботиров 4 июл куни Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди қарори билан ҳибсга олинган. У Жиноят кодексининг 278-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари — «қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш»ни бузганликда айбланмоқда.
«Суд унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллади. Сентабр ойида суд «терговдан яшириш ва далилларни йўқ қилиш хавфи борлиги»ни асос қилиб, ҳибсга олиш муддатини 2026 йилнинг февралигача узайтирди. Тадбиркорга 7 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин», - дейилади хабарда.
Нашрга кўра, Ботировнинг ҳимоясида апелляция берилган, бироқ у рад этилган ва қарор ўзгаришсиз қолдирилган. Humans маълумотларига кўра, тергов давомида собиқ топ-менежер бир неча бор сўроқ қилинган, адвокатлар эса терговга «айбловларни рад этувчи барча ҳужжатларни» тақдим этган.
Humans'нинг маълум қилишича, ишнинг қўзғатилишига лотереялар, бутунжаҳон интернет тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар ва букмекерлик фаолиятини тартибга солиш бўйича ваколатли орган бўлган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг сўрови сабаб бўлган.
Агентлик маълумотларига кўра, UPay қонуний операциялар ниқоби остида қимор ўйинлари учун тўловларни қабул қилган, Беҳзод Ботиров эса жиноий синдикат ташкилотчиси бўлган ҳамда ноқонуний фаолият учун барча инфратузилмани яратиш билан шуғулланган. ИЛМА материаллари асосида тергов органлари ҳибсга олиш тўғрисидаги илтимоснома билан судга мурожаат қилган.
Humans тадбиркор Беҳзод Ботировнинг қамоққа олинишини «ишнинг номутаносиб ва асоссиз ҳолатлари»деб атаб, ҳуқуқий амалиётда бу турдаги иқтисодий ишлар маъмурий ёки молиявий чоралар билан ҳал қилинишини таъкидлаган.
«Компания Ўзбекистонга қарши халқаро даъво қўзғатилгандан сўнг давлат органлари томонидан ўз бизнес тузилмаларига «босим сезиларли даражада кучайганини» таъкидламоқда. Humans гуруҳига тегишли компанияларга нисбатан текширувлар ўтказилмоқда, жиноий ишлар қўзғатилмоқда ва топ-менежерларга нисбатан «айбланаётган қилмишларнинг оғирлигига мос келмайдиган» эҳтиёт чоралари қўлланилмоқда, ходимлар сўроққа чақирилмоқда», - дейилади хабарда.

Киберхавфсизлик
Интернетда янги таҳдидлар сони кўпаймоқда.





