Logo

Ҳусановнинг «Манчестер Сити»даги янги маоши маълум қилинди

Bugun 13:552 daqiqa

Футболчи кафолатланган маошидан ташқари бонуслар орқали ҳафтасига яна 33,6 минг доллар, йилига 1,75 миллион доллар қўшимча ишлаб топиши мумкин.

Ҳусановнинг «Манчестер Сити»даги янги маоши маълум қилинди © Mancity

Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англиянинг «Манчестер Сити» клуби билан янги шартнома имзолач, йиллик маоши 5,2 миллион фунт стерлинг (салкам 7 миллион доллар) бўлди. Бу ҳақда «Capology» портали маълумотларида келтирилган.

Унга кўра, Ҳусанов ҳафтасига 100 минг фунт стерлинг (салкам 135 минг доллар) олади. Беш йилга мўлжалланган шартнома бўйича футболчининг кафолатланган жами даромади 26 миллион фунтга (35 миллион доллар) тенг.

Шунингдек, келишувда спорт натижаларига қараб бериладиган қўшимча бонуслар ҳам белгиланган. Ушбу бонуслар орқали футболчи ҳафтасига яна 25 минг фунт (33,6 минг доллар), йилига 1,3 миллион фунт (1,75 миллион доллар) қўшимча даромад олиши мумкин. Барча бонуслар қўшиб ҳисобланганда, ҳимоячининг энг юқори йиллик маоши 6,5 миллион фунтгача (8,75 миллион доллар) етади.

Маълумот учун, Ҳусанов 2025-йилнинг январь ойида Франциянинг «Ланс» клубидан «Манчестер Сити»га ўтган. Англия клубидаги дастлабки 1,5 йил ичида ўзбекистонлик футболчи 47 та ўйинда иштирок этган ва жамоа асосий таркибида мустаҳкам ўрин эгаллаган.

2025/2026-йилги мавсумда ҳимоячи «Манчестер Сити»нинг Премьер-лигадаги сўнгги 19 та ўйинидан 16 тасида иштирок этган. Шунингдек, у Англия Кубоги ва Англия Лига Кубоги финалларида ғолиб чиққан жамоа таркибида майдонга тушган. Мавсум якунига кўра, у клубнинг энг яхши футболчиси совринига даъвогар бўлган уч нафар номзод қаторига кирган. Унинг янги беш йиллик шартномаси 2031-йил ёзигача амал қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг нархи 15 миллион еврога ошиб, Осиёнинг энг қиммат футболчисига айланганди.

Teglar

Mavzuga oid