
Илон Маск «Starlink»ка уланадиган смартфонини чиқаришни режалаштирмоқда
«SpaceX» сунъий йўлдош интернетини мобил қурилмаларга тўғридан тўғри улаш орқали янги бозорга киришни кўзламоқда.

Илон Маскка тегишли «SpaceX» компанияси «Starlink» сунъий йўлдош интернети асосида ишлайдиган ўз смартфонини ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Reuters» манбаларига таяниб хабар қилди.
Манбаларга кўра, янги смартфон бошиданоқ «Starlink» сунъий йўлдош тармоғига интеграция қилинган бўлиши мумкин ва интернет трафигини узатиш учун анъанавий мобил операторлар хизматларини талаб қилмайди. Қурилманинг дизайни ва бозорга чиқиш муддатлари ҳозирча очиқланмаган.
Лойиҳа «Starlink»нинг «T-Mobile» билан мавжуд ҳамкорлигидан мустақил равишда ривожлантирилмоқда. Ушбу ҳамкорлик доирасида мавжуд смартфонларни сунъий йўлдошларга тўғридан тўғри улаш технологияси синовдан ўтказилмоқда.
Янги мобил стратегия
Илон Маск бунгача ҳам ижтимоий тармоқларда «Starlink» смартфони чиқиши истисно этилмаслигини айтган. Унинг таъкидлашича, бундай қурилма нейротармоқлар билан ишлашга мослаштирилган, юқори энергия самарадорлигига эга мутлақо янги форматда бўлиши мумкин.
«Starlink» ҳозирда «SpaceX» учун асосий даромад манбаи ҳисобланади. «Reuters» маълумотларига кўра, ўтган йили компания тахминан 15–16 млрд доллар тушум олган бўлиб, соф фойда 8 млрд доллар атрофида шаклланган. Даромаднинг 50–80 фоизи айнан сунъий йўлдош интернет хизматлари ҳиссасига тўғри келган.
Компания мобил алоқа инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида «EchoStar»дан сунъий йўлдош спектрини 19,6 млрд долларга сотиб олган.
Хатарлар ва рақобат
Шу билан бирга, таҳлилчилар «SpaceX» учун мобил қурилмалар бозорига кириш осон бўлмаслигини таъкидламоқда. «Summit Ridge Group» раҳбари Арманд Мюзининг фикрича, смартфон ишлаб чиқариш ва мобил операторлар билан рақобат компания учун жиддий стратегик чақириқ бўлиши мумкин.
Анъанавий операторлар — «Verizon» ва «AT&T» ҳам «Starlink»нинг эҳтимолий рақобатига нисбатан хавотир билдирган. Бироқ «SpaceX» ўз хизматларини мавжуд тармоқларга қўшимча сифатида позицияламоқда.
Аввалроқ Тожикистонда Starlink сунъий йўлдош интернети ишга тушгани ҳақида хабар берган эдик.





