Кескин арзонлаган олтин, президент Брюсселда имзолайдиган ўта муҳим битим ва Тошкентда ошган ижара нархлари — 22 октябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Олтин нархи кескин тушиб, 6 фоизга арзонлашди
Ню Йорк товар биржаси (COMEX) маълумотларига кўра, 21 октябр савдоларида олтин нархи 6 фоизга пасайиб, бир трой унсияси учун 4100 долларни ташкил этди. Бу 2013 йилдан буён кузатилган энг катта бир кунлик пасайишдир.
Кумуш нархи ҳам арзонлашди, «Newmont» каби йирик кон компаниялари акциялари кескин тушди. Bloomberg агентлиги ёзишича, бу ҳолат асосан инвесторларнинг фойда олиш мақсадида олтин сотиши билан боғлиқ.
Ўзбекистонда алоқа операторлари сохта рақамлардан қўнғироқларни блоклай бошлади
Ўзбекистонда мобил операторлар телефон фирибгарлигига қарши «anti-spoofing» (антиспуфинг) тизимини жорий этди. Бу технология Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида ишлаб чиқилган бўлиб, сохта рақамлардан келаётган қўнғироқларни автоматик блоклайди. Beeline 17 октябрда, Mobiuz эса 21 октябрда тизимни ишга туширганини маълум қилди. Барча абонентларда у автоматик ишлайди ва бепул ҳисобланади.
Тизим рақамнинг ҳақиқийлигини текшириб, «998» префикси билан сохталаштирилган ёки хориждан келаётган фирибгар қўнғироқларни блоклайди. Шу билан бирга, роботли ва роуминг орқали амалга оширилган сохта қўнғироқлар ҳам автоматик рад этилади. Янги тизим мамлакатда киберхавфсизликни кучайтириш ва рақамли муҳитда ишончли алоқани таъминлашга қаратилган.
Ўзбекистон ташқи савдоси 9 ойда 23 фоизга ошди
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида мамлакат ташқи савдо айланмаси 59,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 11,1 миллиард долларга ёки 22,9 фоизга кўпдир.
Шу даврда экспорт ҳажми 26,68 миллиард долларни ташкил этди ва 33,3 фоизга ўсди. Импорт эса 33,11 миллиард долларга етиб, 15,6 фоизга ошди. Натижада ташқи савдо сальдоси 6,43 миллиард доллар манфий бўлди. Ўзбекистон ҳозирда 206 давлат билан савдо алоқаларини амалга оширмоқда.
Сентябр ойида Тошкентда уй-жой ижараси нархи ошди — ИТИМ
Сентябр ойида Тошкентда уй-жой ижараси нархи ўсди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) маълумотларига кўра, пойтахтда бир квадрат метр учун ўртача ижара баҳоси 8,5 долларга етди. Энг қиммат ижаралар Мирабод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида қайд этилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ижара баҳолари 1,4 фоизга ошган, айниқса Юнусобод, Олмазор ва Мирабод туманларида ўсиш 4,4 фоизга етган.
Иккиламчи бозорда сентябр ойида уй-жой нархлари ўртача 0,6 фоизга ошди, йиллик ҳисобда эса 4,6 фоиз ўсиш кузатилди. Бирламчи бозорда нархлар 3 фоизга кўтарилди. ИТИМ маълумотларига кўра, республика бўйича уй-жой олди-сотди битимлари сони ҳам 13,7 фоизга ошган бўлиб, кўчмас мулк бозорида умумий ўсиш тенденцияси сақланиб қолмоқда.
Мирзиёев Брюсселда неча кун бўлиши айтилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг таклифига биноан 23-24 октябр кунлари расмий ташриф билан Брюссель шаҳрида бўлади.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши кўзда тутилган.





