
Ўзбекистонда алоқа операторлари сохта рақамлардан қўнғироқларни блоклай бошлади
Мобил операторлар Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида сохта рақамлардан қўнғироқларни автоматик блоклайдиган «anti-spoofing» тизимини ишга туширди. Бу янгилик абонентларни телефон фирибгарлигидан ҳимоя қилади.

Ўзбекистонда мобил алоқа операторлари телефон фирибгарлигининг олдини олиш ва шахсий маълумотларнинг сизиб чиқишини чеклаш мақсадида «anti-spoofing» (антиспуфинг) технологиясини жорий этди. Лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги ташаббуси ва кўмагида амалга оширилди.
Beeline компанияси 17 октябрь куни, Mobiuz эса 21 октябрда тизим ишга туширилганини маълум қилди. Рақамли технологиялар вазирлиги (РТВ) барча мобил операторлар ушбу технологияни жорий этаётганини тасдиқлади. Янгилик барча абонентларда автоматик тарзда ишлайди ва мутлақо бепул ҳисобланади.
Beeline’нинг маълумот беришича, тизим рақамнинг ҳақиқийлигини текширади. Агар хориждан келаётган қўнғироқ Ўзбекистондаги ҳақиқий рақамни «998» префикси билан сохталаштириб йўлланса, система уни блоклайди. Шунингдек, гўёки роуминг рақамларидан амалга оширилган қўнғироқлар ҳам автоматик рад этилади.
Тизим SIM-карта орқали қурилманинг аниқ жойлашувини текширади ва абонент уй тармоғида рўйхатдан ўтган бўлса, фирибгар қўнғироқлар абонентга етиб боргунча тўхтатилади.
Mobiuz маълумотларига кўра, «anti-spoofing» тизими сентябр ойида ишга туширилган ва шундан бери халқаро фирибгарлардан келаётган қўнғироқлар самарали блокланмоқда. Шунингдек, роботли қўнғироқларни автоматик аниқлаш ва блоклаш тизимлари ҳам жорий қилинган.
Янги технология РТВнинг телефон фирибгарлигига қарши кенг кўламли дастурининг бир қисми бўлиб, у абонент хавфсизлигини таъминлаш ва рақамли муҳитда ишончли алоқани кафолатлашни кўзда тутади.





