
Сентябр ойида Тошкентда уй-жой ижараси нархи ошди — ИТИМ
Сентябр ойида пойтахтда уй-жой ижараси бир квадрат метр учун ўртача 8,5 долларгача кўтарилди, айниқса Мирабод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида энг йуқори ўсиш кузатилган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) маълумотларига кўра, 2025 йил сентябр ойи якунига келиб, Ўзбекистоннинг кўчмас мулк бозорида барқарор ўсиш тенденцияси сақланиб қолди. Республика бўйича уй-жой олди-сотди шартномалари сони сентябр ойининг ўзида 24,2 мингтани ташкил этди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,7 фоизга кўпдир.
Энг юқори йиллик ўсиш Сирдарё (+35,6 фоиз), Бухоро (+20,2 фоиз) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (+31,2 фоиз) қайд этилган. Жорий йилнинг учинчи чорагида мамлакат бўйлаб 75,5 мингта уй-жой битими расмийлаштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 13,6 фоизга, иккинчи чоракка нисбатан эса 11 фоизга кўп.
Иккиламчи бозорда сентябр ойида уй-жой нархлари ўртача 0,6 фоизга ошган бўлса, йиллик ҳисобда 4,6 фоиз ўсиш кузатилди. Энг катта ўсиш Сурхондарё (+19 фоиз), Сирдарё (+15,8 фоиз) ва Жиззах (+14,5 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Тошкентда иккиламчи бозор нархлари ойликда 0,6 фоизга ошган, аммо ўтган йилга нисбатан 1,7 фоизга пасайган.
Бирламчи бозорда эса нархлар ўртача 3 фоизга ўсган. Энг катта ўсиш Мирабод, Бектемир ва Яккасарой туманларида қайд этилиб, ўсиш 5,8 фоизга етди.
Пойтахтда сентябр ойида уй-жой ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 8,5 долларни ташкил этди. Энг қиммат ижаралар Мирабод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида кузатилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ижара баҳолари 1,4 фоизга ошган бўлиб, энг юқори ўсиш Юнусобод, Олмазор ва Мирабод туманларида (ўртача 4,4 фоиз) қайд этилган.





