
Ўзбекистон ташқи савдоси 9 ойда 23 фоизга ошди
2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 59,8 миллиард долларга етди — бу ўтган йилга нисбатан 22,9 фоиз кўпдир.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида мамлакат ташқи савдо айланмаси 59,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 11,1 миллиард долларга ёки 22,9 фоизга кўпдир.
Шу даврда экспорт ҳажми 26,68 миллиард долларни ташкил этди ва 33,3 фоизга ўсди. Импорт эса 33,11 миллиард долларга етиб, 15,6 фоизга ошди. Натижада ташқи савдо сальдоси 6,43 миллиард доллар манфий бўлди.
Ўзбекистон ҳозирда 206 давлат билан савдо алоқаларини амалга оширмоқда. Савдо ҳажми бўйича етакчи ҳамкорлар — Хитой (19,1 фоиз), Россия (15,7 фоиз), Қозоғистон (5,8 фоиз), Туркия (3,6 фоиз) ва Корея Республикаси (2,2 фоиз) ҳисобланади.
Экспорт таркибида товарлар улуши 74,7 фоизни ташкил этган. Шулардан саноат маҳсулотлари 10,7 фоиз, озиқ-овқат ва тирик ҳайвонлар 7,7 фоиз, кимёвий маҳсулотлар 5,7 фоиз, турли тайёр маҳсулотлар 4,7 фоизни ташкил этди.
Йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистондан 1,6 миллион тонна мевa-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди, бу ўтган йилга нисбатан 7,5 фоиз кўпдир. Унинг қиймати 1,45 миллиард доллар бўлиб, умумий экспортнинг 5,5 фоизини ташкил этди.
Текстиль маҳсулотлари экспорти эса 1,85 миллиард долларни ташкил этди — бу ўтган йилга нисбатан 16,6 фоизга кам. Шу билан бирга, хизматлар экспорти 6,76 миллиард долларга етди ва 31,6 фоизга ўсди. Унинг ярмидан кўпроғини туризм (52,9 фоиз) ва транспорт хизматлари (31,7 фоиз) ташкил этди.
Импорт таркибида машиналар ва транспорт ускуналари 33,9 фоиз, саноат маҳсулотлари 15,9 фоиз, кимёвий маҳсулотлар 12,3 фоизни ташкил қилди. Импорт хизматлари ҳажми 3,65 миллиард доллар бўлиб, 34,9 фоизга ошган. Асосий импорт йўналишлари — Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия, Корея, Германия ва Ҳиндистон.
Аввалроқ Ўзбекистондаги хорижий компанияларнинг катта қисми хитойликлар томонидан очилганлиги ҳақида хабар берган эдик. Маълумот учун, сўнгги беш йилда Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони қарийб икки бараварга кўпайди — жорий йил 1октябр ҳолатига кўра, уларнинг умумий сони 17 мингдан ошди.





