Можтаба Хаменеи соғломми? Эрон олий раҳбарининг ғойиб бўлишига изоҳ берилди
Эроннинг БМТдаги вакили Можтаба Хаменеининг соғлиғи ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Янги олий раҳбар нима учун оммага кўриниш бермаётгани ва унинг ҳозирги ҳолати ҳақида батафсил маълумот.

9-март куни Америка-Исроил қўшма зарбалари оқибатида ҳалок бўлган отаси Али Хоманаийнинг вориси сифатида Эроннинг янги олий раҳбари этиб сайланган 56 ёшли Мўжтабо Хоманаий соғлом ва мамлакатни муваффақиятли бошқармоқда. Бу ҳақда Эроннинг БМТдаги вакили Али Баҳрейни маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, олий раҳбарнинг жамоатчилик олдида кўринмаётгани фақат хавфсизлик чоралари билан боғлиқ.
«Унинг оммага кўриниш бермаётганига сабаб — ҳозирги алоҳида шароитлар туфайли хавфсизлик чораларига риоя қилинаётганидир», — деди Али Баҳрейни.
Маълумотларга кўра, Мўжтабо Хоманаий ўтган ойда отаси ҳалок бўлганидан бери халқ орасида кўринмаган. У ҳозиргача фақат ёзма баёнотлар эълон қилиш билан чекланмоқда.
Янги раҳбар сайланганидан сўнг, тез орада унинг яралангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бу маълумотни аввалига мамлакат президентининг ўғли рад этди. Бироқ кейинроқ Ислом республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Эсмаил Багаи янги олий раҳбар ҳақиқатан ҳам жароҳат олгани, аммо ўзини яхши ҳис қилаётганини билдирганди.
17-март куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги янги раҳбар тез орада халққа мурожаат билан чиқишини маълум қилди. Шунга қарамай, 20-март куни АҚШ миллий разведкаси раҳбари Тулси Габбард Мўжтабо Хоманаий оғир жароҳат олгани ҳақида баёнот берди.





