Трамп «Форс девори»га урилди

Kecha 22:353 daqiqa

Доналд Трамп маъмурияти икки ўт — ўзлари ваъда қилган «тезкор ғалаба» ва тобора чуқурлашиб бораётган уруш орасида қолди. Оқ уй келишувга тайёрлигини билдираётган бир пайтда, Теҳрон Яқин Шарқдаги хавфсизлик тизимини тубдан ўзгартиришни талаб қилиб, кутилмаган ва кескин геосиёсий шартларни ўртага ташламоқда.

Трамп «Форс девори»га урилди

Жар ёқасидаги дипломатия

Дипломатик манбаларга кўра, Туркия, Миср ва Покистон вакиллари яқин 48 соат ичида АҚШ ва Эрон ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш илинжида тинимсиз ҳаракат қилмоқда. Президент Трамп Покистоннинг воситачилигини очиқдан-очиқ маъқуллаб, ижтимоий тармоқларда Теҳрон «келишув тузишни жуда ҳам истаётганини» ёзиб қолдирди.

Бироқ бундай оптимистик баёнотлар ортида катта жарлик яширинган. Вашингтон таклиф қилган 15 банддан иборат режа, аслида, Трампнинг биринчи президентлик давридаги ўша эски, кескин талабларнинг шунчаки такрори холос. Энг қизиғи, бу шартлар ўз вақтида республикачилар танқид қилган «Обаманинг ядровий битими»дан ҳам ёмонроқ кўринмоқда.

Бунга жавобан, бошқарув тизгинлари бутунлай Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «лочинлари» қўлига ўтган Эрон шундай талабларни ўртага ташладики, Давлат департаменти уларни аллақачон «ақлга сиғмайдиган» деб баҳолашга улгурди.

1

Эрон томони илгари сураётган асосий талаблар:

· Форс кўрфазидан АҚШ ҳарбий базаларини бутунлай олиб чиқиб кетиш;

· Берилган зарбалар ва етказилган зарар учун товон пули тўлаш;

· Ҳўрмуз бўғозини Теҳроннинг мутлақ назорати остидаги «пуллик канал»га айлантириш;

· Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиш.

Минтақавий иттифоқ

Теҳроннинг энг залворли қадами — Эрон Қуролли кучлари Бош штабининг янги мудофаа иттифоқини тузиш ҳақидаги баёноти бўлди. Бу иттифоқдан АҚШ ва Исроил очиқчасига четлатилди.

«Минтақа давлатларининг минглаб километр узоқликдан келганлар иштирокисиз ўз иттифоқини тузиш вақти келди», — дея таъкидлади Эрон ҳарбий идораси.

Шу орқали Теҳрон Кўрфаз монархияларини АҚШнинг «хавфсизлик соябони»дан воз кечишга очиқчасига чақирмоқда.

Бу ташаббус давом этаётган ҳужумлар фонида янграмоқда. Яқинда Эрон дронларининг Қувайт аэропортидаги ёқилғи терминалига берган зарбаси АҚШ иттифоқчилари учун уруш баҳоси тобора қимматлашиб бораётганидан яққол дарак берди.

Трамп «Эпик ғазаб» амалиётини якунлаш учун «яхши баҳона» қидираётган бир пайтда, унинг минтақавий шериклари — Саудия Арабистони ва БААнинг хавотири кучаймоқда. Манбаларга кўра, араб етакчилари Вашингтонни шошилинч қарор чиқармасликка ундамоқда. Улар шошқалоқлик билан тузилган битим ўзларини мағлуб бўлмаган ва дарғазаб Эрон билан юзма-юз қолдиришидан қўрқмоқда.

2

Вашингтондаги сиёсий ҳолат

Вашингтоннинг ўзида эса сиёсий кураш ҳамон кескинлигича қолмоқда. Сенат демократлар томонидан президентнинг ҳарбий ваколатларини чеклаш бўйича тақдим этилган (Крис Мёрфи резолюцияси) учинчи уринишни ҳам рад этди. Овоз беришда 53 га қарши 47 нисбати билан устунликка эришган республикачилар Трампга Эронга нисбатан якуний босим ўтказиш масаласида мутлақ ҳаракат эркинлигини («карт-бланш») таъминлаб берди.

Дипломатик чекинишми ёки ҳарбий пўписа?

Пентагон 82-десант дивизиясининг 3000 нафар сара аскарини юборишга ҳозирлик кўриб, ўз «кучини» кўз-кўз қилишда давом этмоқда. Бироқ таҳлилчилар бир ғалати зиддиятга эътибор қаратишяпти: кучларнинг оширилиши Оқ уйнинг ўз «обрўсини сақлаб қолиш» ва фаол ҳарбий ҳаракатларни тезроқ тугатиш истаги билан бир вақтда юз бермоқда.

«Трамп "аср келишуви"ни тузиб, бу ердан кетмоқчи. Аммо Эрон уни чексиз уруш ва шармандали чекиниш орасида танлов қилишга мажбурлаяпти», — дея вазиятни изоҳлайди АҚШ Давлат департаментининг Яқин Шарқ бўйича собиқ эксперти.

Яқин 48 соат ичида ҳаммаси ҳал бўлади: ё воситачилар томонларни музокаралар столига ўтқаза олади, ёки минтақани кескинликнинг янги тўлқини кутмоқда. Бу галги «ўйинда» гап нафақат ядровий дастур, балки АҚШнинг сайёрамизнинг асосий энергетика марказида қолиш-қолмаслиги ҳақида кетмоқда.

Teglar

Mavzuga oid