add

Нодирбек Абдусатторов «Tata Steel Chess 2026» ғолиби бўлди

Kecha 10:502 daqiqa

Ўзбекистонлик шахматчилар дунёдаги энг нуфузли мусобақада биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаб, тарихий натижа қайд этишди.

Нодирбек Абдусатторов «Tata Steel Chess 2026» ғолиби бўлди

Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиладиган дунёдаги энг нуфузли мусобақалардан бири — Tata Steel Chess 2026 турнири ғолиби бўлди. Ушбу муваффақиятга у тўртинчи уринишда эришди ва илк бор Masters гуруҳи чемпиони сифатида тарихга кирди.

Турнир давомида Абдусатторов асосий рақибларига қарши партияларни ишончли ўтказиб, барқарор ва мазмунли ўйин намойиш этди. Якуний тур олдидан у мусобақа жадвалида якка пешқадамлик қилди ва 1 февраль куни ҳал қилувчи партияда ҳиндистонлик гроссмейстер Аржун Эригайсини мағлуб этди.

Мусобақа якунида Абдусатторов 13 имкониятдан 9 очко жамғарди. У олти ғалаба, олти дуранг ва бир мағлубият билан турнирни биринчи ўринда якунлади. Бунгача у 2023 йилда иккинчи, 2024 ва 2025 йилларда эса учинчи ўринни эгаллаган эди.

«Қанчалик бахтли эканимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Бу жуда узоқ йўл бўлди. Ҳар сафар ғалабага яқин келардим ва йилдан-йилга мақсадга етишимга озгина етмай қоларди. Ва мана, ниҳоят, ушбу турнирда ғалаба қозонишга муваффақ бўлдим — бунинг устига жуда чиройли услубда. Бу фаолиятимдаги энг муҳим пайтлардан биридир», — деди Абдусатторов.

У ушбу турнирда ғолиб чиқишни болалигидан орзу қилганини таъкидлаб, ниҳоят мақсадига эришганини айтди.

photo_2026-02-02_10-28-05

Турнирда иккинчи ўринни Ўзбекистоннинг яна бир вакили Жавоҳир Синдаров эгаллади. У 13 партиядан 8,5 очко жамғариб, Мастерс гуруҳида мағлубиятга учрамаган ягона иштирокчи бўлди. Синдаров охирги турда ғалаба қозониб, чемпионлик учун интригаларни мусобақа охиригача сақлаб қолди.

Онлайн-рейтинг натижаларига кўра, Нодирбек Абдусатторов дунё рейтингида бешинчи ўринни эгаллади, Жавоҳир Синдаров эса илк бор 11-ўринга кўтарилди.

Teglar

Mavzuga oid