
Ўзбекистон Афғонистонга 390 тонна гуманитар ёрдам юборди
Ўзбекистон Афғонистонга 390 тонна озиқ-овқат, дори-дармон ва тиббий ускуналардан иборат гуманитар ёрдам етказди.

29 декабр куни Ўзбекистон раҳбарияти номидан Афғонистон халқига навбатдаги гуманитар ёрдам топширилди. Маросим Балх вилоятида жойлашган Ҳайратон шаҳрида бўлиб ўтди ва унда икки томон расмийлари иштирок этди.
Умумий оғирлиги қарийб 390 тоннани ташкил этган гуманитар юк Termez Cargo Centre майдончасида шакллантирилди. Юк таркиби аҳолининг энг зарур эҳтиёжларини қондиришга қаратилган озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ҳамда тиббий ускуналардан иборат экани маълум қилинди.

Топшириш маросимида Балх вилояти ҳокими М. Вафo сўзга чиқиб, Афғонистон халқига кўрсатилаётган доимий ёрдам учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, ушбу кўмак Ўзбекистон раҳбариятининг афғон халқини қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил сиёсати ва амалий саъй-ҳаракатларининг ифодасидир.
Қайд этилишича, мазкур гуманитар акция 2025 йил давомида Афғонистонга йўналтирилган тўртинчи ёрдам ҳисобланади. Аввалги ташаббуслар ҳам аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилган.
Шунингдек, тадбирда икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда афғон маҳсулотлари экспорти ҳажмларининг ўсиши, ижтимоий-иқтисодий шароит яхшиланиши ва аҳоли фаровонлиги ошиши қайд этилди.





