add

Ўзбекистон ЖЧ-2026дан қанча маблағ олиши маълум қилинди

Bugun 18:5515822 daqiqa

ФИФА 2026 йилги Жаҳон чемпионати иштирокчилари учун рекорд соврин жамғармасини белгилади ва ҳар бир терма жамоага кафолатланган минимал тўлов ажратди.

Ўзбекистон ЖЧ-2026дан қанча маблағ олиши маълум қилинди

Халқаро футбол федерацияси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган терма жамоалар учун молиявий тўловлар миқдорини тасдиқлади. Қарор ФИФА Кенгашининг Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида қабул қилинди. Унга кўра, мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 727 миллион доллар этиб белгиланди ва бу ташкилот тарихидаги энг йирик маблағ ҳисобланади.

Ушбу сумма 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати соврин жамғармасидан қарийб 50 фоизга кўпроқ. Маблағлар турнирда иштирок этадиган миллий футбол ассоциациялари ўртасида тақсимланади. Асосий қисм, яъни 655 миллион доллар жамоаларнинг спорт натижаларига қараб мукофот сифатида тўланади.

Тасдиқланган тартибга кўра, чемпион жамоа 50 миллион долларга эга бўлади. Финалда мағлуб бўлган жамоага 33 миллион доллар ажратилади. Учинчи ўрин учун ўйинда ғалаба қозонган терма жамоа 29 миллион, тўртинчи ўринни эгаллаган жамоа эса 27 миллион доллар олади. Чорак финалда тўхтаган жамоаларга 19 миллион доллардан тўланади.

1/8 финалда мағлуб бўлган жамоалар 15 миллион доллар, 1/16 финалда мағлуб бўлганлар 11 миллион доллар билан тақдирланади. Гуруҳ босқичидан чиқа олмаган терма жамоалар эса 9 миллион доллар олади. Бундан ташқари, саралашдан ўтган ҳар бир жамоага турнирга тайёргарлик харажатларини қоплаш учун қўшимча 1,5 миллион доллар ажратилади.

Шу тариқа, 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи ҳар бир терма жамоа учун минимал кафолатланган тўлов 10,5 миллион доллардан кам бўлмайди. Ўзбекистон ҳам бошқа давлатлар каби энг камида 10,5 млн доллар олади. ФИФА президенти Жанни Инфантино мазкур чемпионат молиявий жиҳатдан ҳам глобал футбол ҳамжамияти учун янги босқич бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этади. Терма жамоа «К» гуруҳида Колумбия, Португалия ҳамда Ямайка, Янги Каледония ва Конго ДР ўртасидаги плей-офф ғолиби билан беллашади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ФИФА 2026 йилги жаҳон чемпионати учун 60 долларлик чипталар чиқариши ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid