Logo

Ўзбекистон сунъий интеллект хизматлари ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказмоқчи

Bugun 20:402 daqiqa

Мамлакат сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро рейтингда 25 поғона юқорилаб, 62-ўринга кўтарилди. Республика 2030-йилгача дунёдаги энг илғор 50 та давлат қаторига киришни мақсад қилган.

Ўзбекистон сунъий интеллект хизматлари ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказмоқчи © Foto: president.uz

Ўзбекистонда сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, инфратузилмани кенгайтириш ҳамда 200 дан ортиқ янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевга қилинган тақдимотда айтилди.

Давлат раҳбари соҳадаги технологиялар шиддат билан ўзгараётганини таъкидлаб, жаҳон ва минтақадаги тенденцияларни мунтазам таҳлил қилиш, илғор ишланмаларни тезкор ўзлаштириш ва янги ташаббусларни илгари суриш зарурлигини айтди. Тақдимотга кўра, жорий йилнинг июль ойида «Рақамли ҳукумат» дата-марказида АҚШнинг «Nvidia» технологиялари асосидаги суперкомпютер ишга туширилган. У қуввати бўйича жаҳон рейтингида 321-ўринни эгаллади. Бир ой ичида кластер юкламасининг 90 фоизга етгани мамлакатда ҳисоблаш қувватларига талаб юқори эканини кўрсатмоқда.

Қайд этилишича, бугунги кунгача 24 миллион долларлик замонавий ҳисоблаш инфратузилмаси ишга туширилган. Мавжуд кластерни кенгайтириш учун яна 70 миллион доллар йўналтириш таклиф қилинди.

Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг ўзида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект асосида амалга ошириладиган лойиҳалар сонини 100 тадан ошириш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Тиббиёт, энергетика, транспорт, божхона, ҳуқуқий хизматлар, жамоат хавфсизлиги, экология ва геология йўналишларида ишлаб чиқилаётган ечимлар тақдим қилинди.

Бу борада IT-Park резидентлари, стартаплар ва 20 дан ортиқ сунъий интеллект лабораториялари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди. Жорий йилда ушбу йўналишда фаолият юритаётган резидентлар сонини 300 тага, улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 2 триллион сўмга, экспортни эса 160 миллион долларга етказиш кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ нега йирик СИ лабораториялари шунчалик кўп файласуфларни ишга ёллаётгани ҳақида ёзган эдик.

Россия - Украина уруши

Сунъий интеллект

AI технологияларининг ўсиши ва хавфлари.

Teglar

Mavzuga oid