add

Ўзбекистонда IT хизматлари ҳажми 22,5 фоизга ўсди

Bugun 13:152281 daqiqa

2025 йилнинг ўн ойида дастурлаш хизматлари бозори кескин кенгайиб, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида етакчи йўналишга айланди.

Ўзбекистонда IT хизматлари ҳажми 22,5 фоизга ўсди

Ўзбекистонда 2025 йил январ–октябр ойларида компютер дастурлаш хизматлари ҳажми 24,9 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 22,5 фоизга ошган. Бу IT хизматларига бўлган талабнинг ортиб бораётгани, шунингдек, рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёни жадаллашаётганини кўрсатади.

Дастурлаш хизматлари алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари умумий ҳажмида энг катта улушни эгаллаб, 40,6 фоизни ташкил этган. Мазкур сегментнинг нафақат технологик, балки иқтисодий аҳамияти ортиб бормоқда.

Ҳудудлар кесимида энг катта ҳажм Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Пойтахтда компютер дастурлаш хизматлари ҳажми 22,2 трлн сўмга етган бўлиб, бу мамлакат бўйича умумий кўрсаткичнинг асосий қисмини ташкил этади.

Вилоятлар орасида Фарғона 419,9 млрд сўм билан етакчи бўлса, Самарқандда эса ушбу хизматлар ҳажми 382 млрд сўмни ташкил этган. Тошкент вилоятида 331,3 млрд сўм, Хоразмда эса 269,1 млрд сўмлик дастурлаш хизматлари кўрсатилган.

Қолган ҳудудларда ҳам ўсиш динамикаси кузатилмоқда. Жиззахда 231,9 млрд сўм, Сурхондарёда 190,1 млрд сўм, Навоийда 177,7 млрд сўм, Қашқадарёда 173,9 млрд сўмлик хизматлар амалга оширилган. Энг паст кўрсаткич Сирдарё вилоятида қайд этилган бўлиб, у 52,4 млрд сўмни ташкил этган.

Teglar

Mavzuga oid