Logo

Ўзбекистоннинг янги энергетика вазири президент олдида тақдимот қилди

Bugun 19:432 daqiqa

Янгийўл тажрибаси асосида энергетика соҳасидаги янги бошқарув тизими яна 13 та туманга жорий этилади.

Ўзбекистоннинг янги энергетика вазири президент олдида тақдимот қилди © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёевга энергетика тармоғи олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 27 июл куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида электр ва газ таъминоти барқарорлиги, авариялар, энергия йўқотишларини қисқартириш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинган.

Тақдимотда Энергетика вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва Ўзэнергоинспекция янги раҳбариятининг мазкур топшириқлар ижросини ташкил этиш борасида олиб бораётган ишлари ҳамда келгуси режалари кўриб чиқилди.

Янгийўл тажрибаси кенгайтирилади

Ҳозирда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида электр ва газ таъминотини яхшилаш бўйича махсус штаб фаолият юритмоқда. У ерда аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, электр узилишлари, қувват етишмаслиги, газ босимининг пасайиши, техник шартлар ва қарздорлик билан боғлиқ мурожаатлар жойида ўрганилмоқда.

Ушбу тажриба асосида яна 13 та туманда ҳам худди шундай бошқарув тизимини жорий этиш режалаштирилган. Кейинчалик мазкур ёндашув мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам босқичма-босқич татбиқ этилади.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига улашда техник шартларни расмийлаштириш жараёнининг шаффофлиги ва қонунийлигини таъминлаш, коррупция хавфларини камайтириш чоралари кучайтирилмоқда.

Куз-қишга тайёргарлик

Қайд этилишича, куз-қиш мавсуми олдидан муаммоли электр тармоқлари ва ускуналарни янгилаш, энергия йўқотишларини қисқартириш ва авариявий узилишлар сабабларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, соҳада вазифаларни электрон тизим орқали бошқариш, ижрони рақамли назорат қилиш ва ходимлар фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.

Топшириқлар берилди

Энергетика вазирлигига тармоқда ягона ва самарали бошқарув тизимини шакллантириш, соҳа корхоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини тизимли ташкил этиш вазифалари юклатилди.

«Ҳудудий электр тармоқлари»га жойларда электр таъминоти барқарорлигини ошириш, инфратузилмани босқичма-босқич модернизация қилиш, авариявий узилишларни камайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш топширилди.

Ўзэнергоинспекция зиммасига энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш, техник талабларга риоя этилишини таъминлаш, йўқотишларни қисқартириш ва йирик истеъмолчиларни энергия аудитидан ўтказишни жадаллаштириш вазифалари қўйилди.

Тақдимотда табиий газ етказиб бериш имконияти чекланган маҳаллаларни мавсумга тайёрлаш, суюлтирилган газ таъминотига хусусий секторни кенг жалб қилиш, соҳадаги жараёнларнинг мониторингини юритишда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбари барча чораларни манзилли ва аниқ ҳисоб-китоблар асосида амалга ошириш, аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқларини электр ва газ билан барқарор таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid