Logo

Пойтахтда тунги автобуслар қачон ишга туширилади? Ҳокимлик изоҳи

2025 йил якунигача Тошкентда тунги автобуслар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилиб, лойиҳага 33 млрд сўмлик бюджет тасдиқланган эди. Бироқ янги қатновлар 2026 йилга келиб ҳам жорий қилинганича йўқ. Vaqt.uz лойиҳа нега ҳануз ишга тушмаганига аниқлик киритиш мақсадида масъул идоралар билан боғланиб, вазиятни ўрганди.

Тошкентда тунги иқтисодиётни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб улгурди. Хусусан, ўтган йилда жами 26 та кўча тун-у кун фаолият юритаётган бўлса, 2026 йилда 18 та янги гастрономик кўчалар ташкил қилиниши ва 500 та янги объектни ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Бироқ ярим тунда пойтахтдаги жамоат транспортлари – метро ва автобус қатновлари бутунлай тўхтайди. Аҳоли бундай вақтларда такси хизматларидан фойдаланишга мажбур.

Бу муаммони ҳал этиш учун 2025 йил охиригача тунги автобуслар тармоғини ишга тушириш режалаштирилган эди. Аммо орадан ярим йил ўтган бўлса-да, лойиҳа ҳануз амалиётга жорий қилинмоқда. Хўш, бунга нималар тўсқинлик қилмоқда?

Тунги автобус қатновларини жорий қилиш ҳақидаги таклифлар

Аслида, пойтахтни 24 соатлик транспорт режимига ўтказиш ғояси кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Президентнинг 2022 йилдаги 232-сонли қарори билан ички туризмни диверсификация қилиш вазифаси белгиланган эди. Ушбу ҳужжатга таяниб, 2024 йилнинг ноябрида Стратегик ислоҳотлар агентлиги тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун жамоат транспортини тун-у кун ишлатиш таклифини ишлаб чиққан.

Тунги автобуслар ҳақидаги лойиҳа маъқулланди

2025 йилнинг августига келиб эса лойиҳа Тошкент шаҳри транспорт бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Оллоёр Норбўтаев томонидан Халқ депутатлари шаҳар кенгашига тақдим қилинди.

Таклиф қилинган режага кўра, пойтахтда 22:00 дан 06:00 гача ҳаракатланадиган 15 та йўналиш ишга туширилиши учун 33,3 млрд сўмлик бюджет ҳисобланган.

Оллоёр Норбўтаевнинг ўша вақтда биринчи босқичда 8 та йўналишдаги қизил автобуслар қатнови жами 136 км йўлни қамраб олишини маълум қилганди. Бу йўналишларда оралиқ интервали 30 минут бўлган 31 та автобус ҳаракати йўлга қўйилиб, 19,1 млрд сўм маблағ талаб этиларди. Йўналишлар қуйидагича:

  • T1: Қўйлиқ деҳқон бозори — Ҳусайн Бойқаро кўчаси;

  • T2: Қипчоқ кўчаси — Ўзгариш метроси;

  • T3: Чилонзор буюм бозори — Гулханий кўчаси;

  • T4: Маҳаллий аэропорт (Terminal 3) — Чорсу савдо маркази;

  • T5: Шифобахш сувлар кўчаси — Чорсу АШБ;

  • T6: Юнусобод мавзеси 6-даҳа — Юнусобод мавзеси 17-даҳа;

  • T8: Тошкент вокзали АШБ — Шофайз маҳалласи.

1

Иккинчи босқичда эса 7 та йўналиш бўлиб, умумий 98 километрлик йўлдан ўтади. 23 та автобус жалб этиладиган бу босқич учун 14,2 млрд сўм сарфланиши режа қилинган. Йўналишлар:

  • T9: Ғишткўприк чегара пости — Амир Темур хиёбони;

  • T10: TTZ АШБ — Амир Темур хиёбони

  • T11: Food city мажмуаси — Амир Темур хиёбони;

  • T12: Қипчоқ метро бекати — Амир Темур хиёбони;

  • T13: Чилонзор буюм бозори — Чорсу савдо маркази;

  • T14: Назарбек маҳалласи — Чорсу АШБ;

  • T15: Келес шаҳарчаси — Чорсу АШБ.

2

Барча таклифлар Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашида маъқулланиб, йўлкира ҳақи пойтахтнинг жамоат транспортлари йўналишлари билан бир қийматда белгиланиши қайд этилган.

Лойиҳа гастрономик кўчалар битгач кўриб чиқилади — ҳокимлик

Бироқ, лойиҳанинг биринчи босқичи жорий қилиниши режалаштирилган муддатдан ярим йил ўтиб ҳам тунги автобуслар қатнови жорий қилинмади.

Vaqt.uz танишган Халқ депутатлари қарорида қайд этилишича, қарор ижросини таъминлашни назорат қилиш Тошкент шаҳар Кенгашининг Қурилиш, коммунал, сув хўжалиги, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссияси раиси ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарларига юклатилган.

Шу сабабли Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимова билан суҳбатлашдик.

Унинг таҳририятга маълум қилишича, пойтахтнинг сайёҳлик ва гастрономик кўчалари ўртасида тунги автобус йўналишларини йўлга қўйиш масаласи ҳалигача ишлаб чиқилмоқда.

«Ушбу ташаббусни амалга ошириш шаҳар барча туманларида гастрономик кўчаларни яратиш ишлари якунлангач кўриб чиқилади. Бу энг мақбул йўналиш тармоғини, йўловчи оқимини, ҳаракат оралиқларини ва хизмат кўрсатишнинг иқтисодий моделини белгилаб олиш учун зарур», – деди Қосимова.

Шунингдек, айни пайтда масъул ташкилотлар ташувларни ташкил этишнинг мумкин бўлган шаклларини, жумладан, брутто-шартнома ёки бошқа механизмларни ўрганмоқда.

Шартнома модели қўлланилган тақдирда, молиялаштириш ҳажмини, ташувчилар хизматлари учун ҳақ тўлаш тартибини ва тегишли шартнома шартларини аниқлаш керак бўлади. Муқобил шакл танланса, эксплуатацион харажатларни қоплаш манбаларини алоҳида ишлаб чиқиш талаб этилади. Масаланинг бу қисми эса Транспорт вазирлигига тегишли.

«Ҳозирги босқичда масала муҳокама қилинмоқда. Турли вариантлар, уларнинг афзалликлари, хатарлари ва молиявий-ташкилий оқибатлари кўриб чиқилмоқда. Якуний қарор комплекс баҳолашдан сўнг ва масъул идоралар билан келишилган ҳолда қабул қилинади», – дея ҳолатни изоҳлади ҳокимлик матбуот котиби.

Лойиҳани Халқ депутатлари кенгашига тақдим қилган Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Оллоёр Норбўтаев лавозимидан кетгани ва ҳозир бошқа ташкилотда фаолият юритаётгани сабабли ундан қўшимча маълумот олиш имкони бўлмади.

Тунги қатновларни жорий қилишда нималарга эътибор бериш керак?

Тунги қатновларни жорий қилишда нималарга эътибор бериш керак?

Урбанист Ҳусан Мукимовнинг маълум қилишича, асосий масала хавфсизлик ёки логистикадан ҳам кўра, тизимни тўғри ташкил этиш ва молиялаштиришга бориб тақалади.

Бошланишига йўловчилар сони кам бўлиши табиий, аммо қатновлар ҳақида аҳолига маълумот бериш, лойиҳани тарғиб қилиш орқали уни оммалаштириш мумкин.

«Албатта, лойиҳанинг ишга туширилиши, йўловчиларни қатновлардан фойдаланишга ўргатиш етарлича катта сарф-харажатни талаб қилади. Бунинг учун эса жараённи вақтинча кам сонли маршрутлардан бошлаш, кейин эса талаб ва статистикага қараб босқичма-босқич ривожлантириш керак», — дейди у.

Эксперт, шунингдек, режалаштирилган 15 та йўналиш ва 54 та автобус бутун Тошкент эҳтиёжини қопламаслигини, аммо лойиҳа учун биринчи босқич учун етарли эканини таъкидлади.

«15 та йўналиш ҳамма жойни қамраб олмайди. Лекин йўқдан кўра бор. Энг муҳими — бошлаш керак. Ишга туширилгандан кейин маълумотлар йиғилади, таҳлил қилинади ва йўналишларни ўзгартириш ёки кенгайтириш мумкин бўлади».

Биринчи навбатда, йўналишлар аэропорт, вокзаллар, гастрономик кўчалар ва шаҳарнинг асосий транспорт нуқталарини боғлаши лозим.

«Одамлар концертга, театрга, кафега боради, маданий ҳордиқ чиқаради. Бундай ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлаш учун транспорт керак. Бу ўз-ўзидан шаҳарнинг тунги иқтисодиёти ривожланишига таъсир қилади», — дейди Мукимов.

Бундан ташқари, пойтахтда кўпчилик тунги вақтларда жамоат транспортларидан кўра, такси “чақиришни” афзал кўради, бу Ўзбекистонда такси хизматлари нисбатан арзонлиги билан боғлиқ.

Аммо эксперт фикрича, келгусида ҳолат бундай бўлмаслиги мумкин.

«Масалан, Россияда газ, бензин каби автомобиль учун зарур бўлган ёнилғилар инқирози мавжуд. Геосиёсий урушлар оқибатида экспорт-импорт жараёнлари тўхтатилиб, нархлар рекорд даражада қиммалашига ҳам гувоҳ бўляпмиз», – дея сўзида давом этади эксперт:

«Газ, бензиннинг қимматлашуви такси хизматлари нархига ҳам таъсир қилади, албатта. Шунинг учун, жамоат транспортлари, айниқса, тунги автобус қатновларига эҳтиёж ҳозирча сезилмаса ҳам, узоқ муддатли даврда талаб ошади, деб ўйлайман».

Биринчи навбатда, йўналишлар аэропорт, вокзаллар, гастрономик кўчалар ва шаҳарнинг асосий транспорт нуқталарини боғласин.

«Агар гастрономик кўчалар ташкил қилинаётган бўлса, одамлар у ердан кеч қайтишини ҳам ўйлаш керак. Шу ҳудудлардан ўтадиган асосий тунги маршрутларни яратиш зарур», — дейди Мукимов.

Метрополитен фаолияти ҳам узайтирилиши керакми?

Мукимовнинг фикрича, метро фаолият вақтини, айниқса дам олиш кунлари узайтириш ҳам самарали ечимлардан бири бўлиши мумкин.

Мисол сифатида Германиянинг Мюнхен шаҳри тажрибасини олайлик.

«Мюнхенда охирги йилларда жума, шанба ва якшанба кунлари автобуслар, метро ва трамвайлар тун бўйи ишлайдиган тизим йўлга қўйилди. Фақат қатнов оралиғи узаяди. Тунги йўналишлар одатда “N” (инглизча — night ёки немисча — Nacht) белгиси билан ажратилади», — дейди урбанист.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳам Тошкентда метро иш вақтини соат 01:00 гача узайтириш таклифи билан чиққанди. Хусусан, Сергели, Учтепа, Бектемир каби туманларни марказ билан боғловчи махсус тунги автобус йўналишларини йўлга қўйиш тавсия этилган.

Институт таҳлилига кўра, пойтахтда тунги фаолликнинг асосий қисми гастрономик масканлар ҳиссасига тўғри келади: кафелар (20,6 фоиз), ресторанлар (17,3 фоиз) ва фастфуд шохобчалари (14,6 фоиз).

Бироқ шаҳардаги 164 та автобус йўналишининг 108 таси соат 23:00 гача ишлайди, метрополитен эса соат 00:00 да ўз фаолиятини тўхтатади. Бу тунги ишчилар ва истеъмолчилар учун арзон транспорт имкониятини йўққа чиқаради.

Мафтуна Яхшиликова тайёрлади

Teglar

null null

MaftunaMaqolalar soni: 53

Barchasi

Mavzuga oid

Пойтахтда тунги автобуслар қачон ишга туширилади? Ҳокимлик изоҳи | Vaqt.uz