Logo

Сирдарёда айрим шаҳар ва туманларнинг чегаралари ўзгартирилиши мумкин

Вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарининг айтишича, ерлардан фойдаланишда уларнинг белгиланган мақсади, қонунчилик талабларига риоя қилинади. Янги ўтказиладиган 1748 гектар ер майдонларидан ҳеч қайси бирининг тоифаси ўзгармайди.

Сирдарёда айрим шаҳар ва туманларнинг чегаралари ўзгартирилиши мумкин © parliament.gov.uz

Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарлари, Гулистон, Боёвут, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё, Ховос туманлари чегараларини ўзгартириш режа қилинмоқда. Бу бўйича 18-август куни парламентнинг қуйи палатасида қарор лойиҳаси маъқулланди.

Таклиф этилаётган чегара ўзгартиришларига мувофиқ, Гулистон туманидан 527,23 гектар ва Боёвут туманидан 582 гектар ер майдонини Гулистон шаҳри таркибига ҳамда Боёвут туманидан 638,77 гектар ер майдонини Ширин шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Гулистон ва Ширин шаҳарлари вилоятдаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Депутатларга кўра, чегараларнинг кенгайиши шаҳарда аҳоли зичлигини камайтиришга, транспорт қатновини яхшилашга, ҳудудда йирик лойиҳалар учун замин яратиб, хорижий ва маҳаллий инвестициялар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

«Шунингдек, ҳудудда янги саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этишга, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида ўн минглаб янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли даромадларини оширишга қаратилган чора-тадбирларни белгилашга шароит яратади», — дейилади хабарда.

Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари ҳамда вилоят кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқуллангани қайд этилди.

Вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Фахриддин Кушаков Боёвут туманининг «Қарапчи» ва «Янги авлод» маҳаллалари, шунингдек, Гулистон туманининг «Мевазор» ва «Ишонч» маҳаллалари ҳудудларини Гулистон таркибига, Боёвут туманидаги «Ширин» маҳалласини эса Ширин шаҳри таркибига киритиш таклиф этилаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, «Янги авлод» ва «Қарапчи» маҳаллалари Гулистон шаҳрига туташ ҳудудлар, Боёвут тумани марказидан қарийб 50 километр узоқликда жойлашган. Гулистон туманидаги «Ишонч» ҳамда «Мевазор» маҳаллалари ҳам худди шундай Гулистон шаҳри билан туташ ҳудудлар, туман марказидан 30 километрдан олисроқда жойлашган. Боёвут туманидаги «Ширин» маҳалласи эса Ширин шаҳри билан туташ, Ширин шаҳри ҳудудидан ўтиб, «Ширин» маҳалласига борадиган ҳудуд бўлгани учун асосий масала қилиб аҳолига қулайликлар яратиш белгилаб олинган.

Ҳоким ўринбосарининг урғулашича, ерлардан фойдаланишда уларнинг белгиланган мақсади, қонунчилик талабларига риоя қилинади. Янги ўтказиладиган 1748 гектар ер майдонларидан ҳеч қайси бирининг тоифаси ўзгармайди. Қишлоқ хўжалиги асраш, экологик мувозанатни сақлаш масаласи асосий эътиборга олинган, шунинг учун тоифалар ўз ҳолича қолдирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятидаги 4 та тумандан жами 17 минг 226,5 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилаётгани ҳақида ёзган эдик. Бунда маъмурий-ҳудудий бошқарувни оптималлаштириш мақсадида Самарқанд тумани тугатилади.

Teglar

Mavzuga oid