Logo

Нега Хоразм ва Қорақалпоғистонда Korzinka йўқ?

Bugun 19:213 daqiqa

Korzinka асосчиси тармоқ нега ҳануз Хоразм ва Қорақалпоғистонга кирмаганини тушунтирди. Компания Нукусда супермаркет очишни 2018-йилдаёқ кўриб чиққан, бироқ ҳисоб-китоблардан кейин бу амалга ошмаган.

Нега Хоразм ва Қорақалпоғистонда Korzinka йўқ?

Korzinka асосчиси Зафар Ҳошимов “Lolazor” подкастига берган интервьюсида Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда тармоқ супермаркетлари нега йўқлигини тушунтирди.

Ундан бошловчилар супермаркетлар тармоғининг бу ҳудудларга ҳали кириб бормагани тўлов тизими ёки бозорнинг кичиклиги сабаб бўлганми, деб сўради. Ҳошимов саволга: “Йўқ, масофа билан”, деб жавоб берди.

Унинг айтишича, Нукусда Korzinka супермаркетини очиш масаласи 2018-йилдаёқ кўриб чиқилган. Ҳатто маҳаллий ҳамкор тармоқ учун бино қуришни бошлаган. Бироқ кейинги ҳисоб-китоблар дўкон фойдасининг сезиларли қисми йўл ва логистика харажатларига сарфланишини кўрсатган.

Муаммонинг яна бир томони — нархлар. Korzinka мамлакатнинг турли ҳудудларида маҳсулотларни имкон қадар бир хил нархда сотишга ҳаракат қилади. Аммо Тошкентдан узоқ ҳудудга етказилган маҳсулот нархига транспорт харажатлари қўшилса, уни қимматроқ сотишга тўғри келади.

Ҳошимовнинг қайд этишича, Қорақалпоғистонда Тошкент орқали олиб бориладиган айрим импорт маҳсулотлари ҳозир ҳам транспорт харажатлари ҳисобига қимматроқ сотилади. Бироқ йирик миллий тармоқнинг айни маҳсулотни Нукусда Тошкентдагидан қиммат таклиф қилиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлиши мумкин.

Шу боис у узоқ ҳудудларга кираётган миллий савдо тармоқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий дастурлар керак бўлишини айтди. Бундай механизмлар логистика харажатининг бир қисмини енгиллаштириб, йирик тармоқларнинг чекка ҳудудларга киришини тезлаштириши мумкин.

Масала фақат юк машинасининг босиб ўтадиган масофаси билан чекланмайди. Супермаркетнинг кенг ассортиментини доимий таъминлаш учун етарли савдо ҳажми, омборлар ва маҳсулотларни сақлаш ҳамда тайёрлаш инфратузилмаси ҳам зарур.

Ҳошимов бунга авокадо ва банан мисолини келтирди. Масалан, бир контейнер авокадони Хоразм ёки Нукуснинг ўзида қисқа муддат ичида сотиш қийин. Шу сабаб компания маҳсулотни марказлашган ҳолда импорт қилиб, кейин уни бутун тармоқ бўйлаб тақсимлайди.

Банан эса Ўзбекистонга яшил ҳолатда олиб келинади ва сотувга чиқарилишидан олдин махсус омборларда етилтирилади. Бунинг учун катта ҳажм ва алоҳида инфратузилма керак. Маҳаллий бозор ҳажми кичик бўлса, фақат битта ҳудуд учун шундай тизим яратиш маҳсулот таннархини кескин оширади.

Маҳсулотларни кичик партияларда турли нуқталар орқали импорт қилиш ва ҳар бир жойда алоҳида расмийлаштириш ҳам қўшимча харажат туғдиради. Шу сабаб Korzinka импорт ва тақсимотни ҳозирча асосан марказлаштирган.

Ҳошимовнинг айтишича, компания айни пайтда Бухоро ва Самарқанддаги фаолиятини кенгайтирмоқда. Суҳбат вақтида сўнгги уч ойда Бухорода тўртта янги супермаркет очилгани, Самарқандда ҳам янги дўконлар очилиши режалаштирилгани маълум қилинди.

Агар Бухоро, Самарқанд ва Навоий атрофидаги савдо ҳажми Тошкентдаги кўрсаткичнинг қарийб учдан бирига етса, ушбу ҳудудда алоҳида тақсимлаш марказини ташкил этиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши мумкин.

Бухорода тақсимлаш марказининг пайдо бўлиши маҳсулотларни аввал Тошкентга олиб келиб, кейин яна мамлакат ғарбига қайтариш заруратини камайтиради. Бу эса келажакда Korzinka’нинг Хоразм ва Қорақалпоғистонга киришини осонлаштиради.

Vaqt.uz аввал ёзганидек, Korzinka супермаркетлари сони уч ярим йил ичида 2,5 бараварга ошиб, 250 тадан кўпайган. Компаниянинг 2025-йилдаги даромади 12 трлн сўмдан ошган, зарари эса 245 млрд сўмдан кўпроқни ташкил этган. 2025-йил ёзида Европа тикланиш ва тараққиёт банки тармоққа 110 млн доллар сармоя киритган.

Teglar

Mavzuga oid