Россия мигрантларнинг фарзандлари учун янги талаб жорий этмоқда
18 ёшга тўлганлар 30 кун ичида мамлакатни тарк этиши ёки патент расмийлаштириши шарт қилиб белгиланмоқда.

Россия Давлат думаси меҳнат мигрантлари фарзандларининг мамлакатда бўлиш тартибини ўзгартиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Ҳужжатга кўра, мигрантларнинг фарзандлари 18 ёшга тўлганидан сўнг 30 кун ичида Россиядан чиқиб кетиши ёки қонуний равишда ишлаш учун патент расмийлаштириши лозим бўлади. Акс ҳолда, уларнинг мамлакатда қолиши ноқонуний ҳисобланади.
Шунингдек, патент асосида ишлаётган ва қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бўлган чет ел фуқаролари учун мамлакатда қолиш муддатини узайтириш механизмига аниқлик киритиш таклиф етилмоқда.
Бундан ташқари, чет ел фуқаросининг ҳар бир фарзанди учун жисмоний шахслар даромад солиғи бўйича белгиланган олдиндан тўлов (аванс) амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
«Бунда 18 ёшга тўлган шахслар, агар мамлакатда қолиш учун бошқа қонуний асослар бўлмаса, 30 кун ичида Россиядан чиқиб кетиши ёки белгиланган тартибда патент олиш учун ариза топшириб, аванс тўловини амалга ошириши лозимлиги кўзда тутилган», — деб ёзади нашр.





