Logo

«Самарканд-2028» сунъий йўлдоши космосга учирилди

Bugun 10:552 daqiqa

«STAR.VISION» компанияси Хитойнинг Шандун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз платформасидан «Самарканд-2028» ва «Lampung-1» гиперспектрал сунъий йўлдошларини муваффақиятли орбитага олиб чиқди.

«Самарканд-2028» сунъий йўлдоши космосга учирилди © Videodan kadr

Бугун, 5-август куни «STAR.VISION» компанияси томонидан Хитойнинг Шандун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз старт платформасидан «Самарканд-2028» ва «Lampung-1» гиперспектрал сунъий йўлдошлари космосга учирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон тарихидаги энг йирик халқаро космик ташаббуслардан бири сифатида баҳоланмоқда. Қайд этилишича, миссия миллий космик дастур ривожида янги босқични бошлаб бериш билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида «Ўзбеккосмос» агентлиги мутахассислари сунъий йўлдош борти учун махсус сунъий интеллект модулини ишлаб чиқди. Мазкур технология гиперспектрал маълумотларни бевосита орбитанинг ўзида қайта ишлаш имконини бериб, маълумотларни узатиш ва таҳлил қилиш самарадорлигини оширади.

Вазирлик хабарига кўра, «Самарканд-2028» миссияси қишлоқ хўжалиги, экология, табиий ресурсларни мониторинг қилиш, сув ресурсларини бошқариш, фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишларда космик технологиялардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Номнинг рамзий маъноси

Сунъий йўлдошга «Самарканд-2028» номи рамзий маънода берилган. Бу ном 2025-йил Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгрессида қабул қилинган қарорга мувофиқ, 2028-йилги конгресс Самарқанд шаҳрида ўтказилиши белгиланганига ишора қилади.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг жаҳон космик ҳамжамиятидаги иштирокини кенгайтириш, миллий муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект ва космик технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Фазога учириш жараёнини тўлиқ қуйидаги ҳаволаларда томоша қилишингиз мумкин:

YouTube
Linkedin

Teglar

Mavzuga oid