«Самарқанд – Ургут» янги темир йўл линияси ишга тушди
Ушбу лойиҳа доирасида 2 та вокзал, «Ургут» иқтисодий зонасида иккита юк станцияси ҳамда бир қатор кўприклар барпо этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев «Самарқанд – Ургут» янги темир йўл линиясида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: president.uz
Қайд этилишича, ушбу темир йўл қурилиши жорий йил феврал ойида бошланган бўлиб, умумий узунлиги 55 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида иккита вокзал, «Ургут» иқтисодий зонасида иккита юк станцияси ҳамда бир қатор кўприклар барпо этилди. Эътиборлиси, мазкур линияни келгусида тўлиқ электрлаштириш режалаштирилган.

Фото: president.uz
Янги йўналиш икки жуфт шаҳарлараро поезд ва тўққиз жуфт юк поезди қатновини таъминлаш имкониятига эга. Лойиҳани шу йил якунига қадар якунлаш кўзда тутилган. Поездлар қатнови йўлга қўйилиши орқали йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имкони яратилади.

Фото: president.uz
Шунингдек, бу йўналиш Самарқанд шаҳри, Жомбой, Пастдарғом, Тойлоқ ва Ургут туманлари аҳолиси учун хавфсиз ва замонавий транспорт хизмати тақдим этади.
Темир йўл инфратузилмаси иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири бўлиб, ушбу лойиҳа «Ургут» эркин иқтисодий зонаси салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Янги йўналиш ишга тушиши натижасида 130 та янги иш ўрни яратилади.
Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан бирга мазкур йўналишда ҳаракатланувчи поездда Ургутга борди.
Ургут вокзали янги йўналишнинг асосий нуқталаридан бири. Президент вокзал инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш тизими ва йўловчилар ҳаракатини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратди. Туристлар учун қулайликларни яхшилаш муҳимлиги қайд этилди.





