Санъаткорлар солиқдан қўрқяпти: Нега улар ҳамма каби солиқ тўламаслиги керак?

Bugun 21:405 daqiqa

1 сентябрдан бошлаб санъат вакиллари 2,5 йил давомида бир хизматидан максимум 100 доллар солиқ тўлаши кутилмоқда.

Санъаткорлар солиқдан қўрқяпти: Нега улар ҳамма каби солиқ тўламаслиги керак?

Санъаткорларнинг солиқ тўлаш масаласи бир неча йилдан бери жамоатчилик томонидан муҳокама қилиб келинади.

Ҳукумат ниҳоят 2026-йилга келиб уларга берилган имтиёзларни камайтириб, барча каби солиқ тўлаш масаласини кўриб чиқмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасида санъаткорлардан ҳар бир тўй ва концерт учун алоҳида солиқ ундириш таклиф қилинмоқда.

Унга кўра, 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб ижрочилар ва ижодий жамоаларнинг ижодий фаолияти билан боғлиқ барча хизматлари «Soliq» мобил иловасида рўйхатга олинади.

Санъаткорлар 2026-йил 1-сентябрдан 2029-йил 1-январга қадар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашни «бир хизмат — бир тўлов» тамойили асосида иловага мувофиқ қатъий миқдорларда амалга оширади.

Улардан мобил иловада хизмат кўрсатиш жойи, санаси тўғрисидаги маълумотларни акс эттириш талаб қилинади. Иловада ижрочилар томонидан тегишли маълумотлар киритилгандан ва белгиланган миқдордаги тўлов амалга оширилгандан сўнг автоматик тарзда электрон маълумотнома шакллантирилади.

Солиқ қанча бўлади?

Санъат вакиллари томонидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тартиби қолганларникидек 12 фоиз кўринишида бўлмайди. Ҳукумат бу учун ҳам тизим таклиф қилмоқда.

3

Унга кўра, 2026-йил 1-сентябрдан 2029-йил 1-январга қадар «бир хизмат – бир тўлов» миқдорлари ҳудудларга қараб фарқ қилади ва санъаткорлар рейтинг тоифаларига бўлинади.

I рейтинг гуруҳи санъаткорлар қишлоқ жойларда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 баробари — 412 минг сўм солиқ тўласа, шаҳар жойларда БҲМнинг 3 баробари миқдорида — 1 млн 236 минг сўм бюджетга тўлов қилади. Бу чет эл валютасида 100 долларга ҳам бормайди.

III рейтинг гуруҳи вакиллари эса қишлоқ жойларда БҲМнинг 0,25 баробарида, 103 минг сўм миқдорида солиқ тўлаши керак бўлади.

Бунда тўловлар бепул асосда хизмат кўрсатилган тақдирда ҳам ундирилади. Бироқ, Маданият вазирлиги томонидан давлат тадбирларига бепул жалб қилинган ҳоллар бундан мустасно.

Таклиф қилинаётган тизимда ҳудудлардаги иқтисодий ҳолат ва санъат вакилларининг рейтинги, бу орқали топадиган даромади инобатга олинган. 

Ҳамма каби 12 фоизли даромад солиғи 2029-йил 1-январдан бошлаб кучга киради. Унгача санъат вакилларида мослашиш учун бир неча йил вақт бўлади.

Санъаткор солиқ тўламаслиги керакми?

Энг қизиғи, қонун лойиҳасида санъаткорларнинг солиқ тўлаш тартиби бошқа соҳа вакилларига нисбатан енгилроқ белгиланган. Бироқ, шунда ҳам айрим санъат вакиллари бу тартибни амалда қўллашга қарши бўлиб, чиқишлар амалга оширмоқда.

Улардан бири хонанда Самандар Ҳамроқулов санъаткорларнинг пул топиш манбаи фақат тўй эканини таъкидлаб, уларнинг аксарияти йиллаб қарз тўлаши, кредити борлигини айтиб ўтди.

«Бунақа солиқни қўяётган пайтда ҳисобга олиш керакда ҳар томонлама. Бечора санъаткорларни ҳайдаб юрган ялтироқ машиналари — кредит. Кўпчилигининг қарзи жуда кўп. Шунинг учун мен шахсан илтимос қилардим, санъаткорларга озгина енгиллик қилиб берилса яхши ижод маҳсуллари бўларди… Санъаткорлар инсонларни тарбия қилади», — дейди у ўз мурожаатида.

Таклиф қилинаётган лойиҳага қарши санъат вакиллари кўп бўлишига қарамай, бу тартибни қўллаб-қувватловчилар ҳам топилмоқда.

Хонанда Даврон Эргашев санъаткорлар халқнинг аксарият қисмидан кўп даромад қилишини таъкидлаб, солиқ тўлашга ижобий қарашини билдириб ўтди.

«Халқимиз орасида анча-мунча инсонлардан яхши топамиз, худога шукур. Тўйларга борсак халқимиз бизни чиройли кутволишади, айтган пулимиздан ортиғини ҳам беришади керак бўлса. Уларга катта раҳмат дейман. Нега бу мавзу муҳокама бўляпти? Санъаткорлар шунчалик бечора бўлиб қолдингларми? Солиқ тўларканмиз, у қиларканмиз, бу қиларканмиз. Вой тўлаймизда, ҳамма тўляптию», — дейди хонанда.

Даврон Эргашев сўзининг давомида санъат вакилларининг ижтимоий тармоқлардаги бундай чиқишлари уят эканини, уларга кредитни ҳеч ким мажбурлаб олдирмаганини айтиб ўтди.

Фақат санъаткорлар кредит оладими?

Шу ўринда, Ўзбекистонда қайси соҳа вакиллари кредит олмайди деган ўринли савол пайдо бўлади. Бунга бемалол кредит олмайдиган соҳа йўқ деб жавоб бериш мумкин.

Аксинча, санъат вакилларига нисбатан кам даромадли аҳоли кредитга кўпроқ эҳтиёж сезади.

2025-йилда мамлакат аҳолиси 156,9 млрд сўмлик кредит олган. Бу 2024-йилга нисбатан 50 фоизга кўпроқ. Ажратилган кредитларнинг деярли ярми микрокарзларга тўғри келган.

Бу банкдан олинган қарзнинг аксарияти тўй, машина олиш, қарзларни тўлаш каби исталган мақсадлар учун ишлатилаётганини билдиради.

Кредитга бўлган эҳтиёж соҳа танламайди ва ўзбекистонликлар санъат вакилларидан тортиб ўқитувчи ва шифокоргача бирдек кредит олишни сезиларли кўпайтирмоқда.

Фақат Ўзбекистонда санъаткорлар солиқ тўлайдими?

Ривожланган давлатларда санъаткорлар оддий аҳоли каби солиққа тортилади. Масалан, Европа Иттифоқида улар даромадига нисбатан 30 фоизгача, айрим ҳолларда 40 фоиздан кўпроқ солиққа тортилиши мумкин.

Дейлик, маълум санъаткор концертдан 100 минг евро топадиган бўлса, бунинг тахминан 40 минг долларини (Франция, Испания каби) давлатга топширади.

АҚШда эса санъат вакилларига солиқ ставкаси 20–30 фоиз атрофида бўлиб, айрим ҳолларда 35 фоиздан ҳам ошади.

Ривожланган давлатларда эмас, Ўзбекистонга яқинроқ бўлган Қозоғистонда ҳам санъаткорларни солиққа тортиш бошлаб юборилган. 2026-йил 31-мартгача қозоғистонлик санъат вакиллари ўтган йил давомида олган даромадларини декларация қилди. Улар бундан 10 фоиз миқдорида даромад солиғи тўлайди.

Хулоса ўрнида санъат имтиёз эмас, масъулият эканини эслатиб ўтиш керак. Тўй ва концертлардан яхши даромад қилаётган санъат вакиллари солиқ тўлаш масаласида жамиятдан алоҳида бўлиб қолиши йиллар давомида нотўғри бўлиб келган. Буни ўзгартириш вақти аллақачон ўтиб кетиб бўлганди.

Кредит эса фақат санъаткорларнинг муаммоси эмас — бугун ўқитувчидан тортиб шифокоргача, оддий ишчидан тортиб талабага қадар кўпчиликда қарз мажбуриятлари бор.

Шунинг учун янги тартиб кимнидир жазолаш эмас, балки соҳани тартибга солиш ва очиқ қилишга қаратилган қадам сифатида кўрилиши керак. Агар санъат жамиятни тарбиялайди десак, унда у жамият олдидаги масъулиятни ҳам олд қаторларда ҳис қилиши шарт.

Teglar

Mavzuga oid