Кремлга оид махфий ҳужжатларда Ўзбекистон номи ҳам чиқди

Bugun 10:552 daqiqa

Сизиб чиққан ҳужжатларда Ўзбекистон Россия билан боғлиқ медиа тармоқлар фаолияти қамраб олган ҳудудлар қаторида қайд этилган.

Кремлга оид махфий ҳужжатларда Ўзбекистон номи ҳам чиқди © sun'iy intelekt

Россия Президенти Администрацияси билан боғлиқ деб айтилган махфий ҳужжатлар халқаро журналистик суриштирув натижасида оммага маълум қилинди. «OCCRP» ва «Delfi Estonia» журналистлари эълон қилган материалларда Россия билан боғлиқ ахборот таъсири механизмлари ҳақида маълумотлар келтирилган.

Ҳужжатларга кўра, АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи санкцияларига тушган «Social Design Agency» PR компанияси турли давлатларда ахборот ва таъсир операцияларини амалга оширган. Ушбу жараёнлар айрим ҳужжатларда «когнитив зарбалар» сифатида қайд этилган.

Тақдимот материалларида бу каби лойиҳалар орқали турли аудиторияларга таъсир ўтказиш, ахборот кун тартибини шакллантириш ҳамда муайян сиёсий ва ижтимоий қарашларни илгари суриш мақсад қилингани айтилади.

Ўзбекистон бўйича қайдлар

photo_2026-05-25_10-01-09


Сизиб чиққан материаллардан бирида «СНГ-МЕДИА» деб номланган медиа тармоғи ҳақида маълумот берилган. Ҳужжат муаллифлари ушбу ташаббус мақсадини СССР парчаланганидан кейин узилган алоқаларни қайта тиклаш сифатида таърифлаган.

Ҳужжатда Арманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ҳамда Каспий минтақаси лойиҳа фаолияти қамраб олинган ҳудудлар сифатида кўрсатилган.

Эътиборли жиҳати шундаки, тармоқ таркибида Ўзбекистонга йўналтирилган «Toshkent Today» нашри ҳам тилга олинган. У мамлакатдаги воқеаларни ёритувчи ресурс сифатида тасвирланган. Шу билан бирга, бутун тармоқнинг вазифаси постсовет ҳудудида умумий ахборот майдонини сақлаш экани қайд этилган.

Таъсир воситаси


Таҳлилларга кўра, ушбу нашр 2022 йилдан фаолият бошлаган. Шунингдек, у 2021 йилда Россиянинг «Роскомнадзор» идорасида оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтгани ва муассиси «СНГ-МЕДИА» экани аниқланган.

Материалда Арманистон мисоли ҳам келтирилган. Унга кўра, тармоққа кирувчи платформалардан бири маҳаллий сиёсий муҳитга таъсир қилиш вазифасини ҳам бажарган.

Ҳужжатларда Ўзбекистон алоҳида ахборот операцияси объекти сифатида тилга олинмаган. Бироқ мамлакат лойиҳа йўналтирилган ҳудудлар рўйхатига киритилгани ахборот майдони геосиёсий рақобатнинг муҳим қисми бўлиб бораётганини кўрсатмоқда.

Teglar

Mavzuga oid