Logo

Шавкат Мирзиёев Хитой ва Непал раҳбарларига ҳамдардлик билдирди

Бугун Тибет мухтор райони ҳамда Непалда юз берган ҳалокатли сув тошқинлари ва музлик кўчиши оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлди.

Шавкат Мирзиёев Хитой ва Непал раҳбарларига ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Жинпинга ҳамда Непал Президенти Рам Чандра Пауделга мазкур давлатлар ҳудудида юз берган кучли сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Давлат раҳбарининг мактубларида Хитойнинг Тибет мухтор районидаги Шигадзе шаҳар округида, шунингдек, Непалнинг Тибет билан чегарадош ҳудудларида юз берган кенг кўламли табиий офатлар кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлиши, жароҳатланиши ҳамда улкан иқтисодий талафотларга олиб келгани қайд этилган.

«Давлатимиз раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади», — дейилади расмий хабарда.

Непал ва Тибетдаги табиий офатнинг сўнгги тафсилотлари

Сўнгги маълумотларга кўра, жорий йилнинг 26 август куни эрталаб Непал ва Хитой (Тибет) чегарасидаги Ҳимолай тоғларида улкан музлик кўчиши юз берган. Дастлаб 4,4 магнитудали зилзила сифатида қайд этилган, кейинроқ эса АҚШ Геология хизмати (USGS) томонидан 5,2 магнитудали сейсмик силкиниш сифатида баҳоланган ушбу музлик кўчиши оқибатида ҳалокатли сув тошқинлари ва лой кўчкилари келиб чиққан.

Ушбу ҳодиса оқибатида Тришули, Бхоте Коши ва Лхенде Кхола дарёларида сув сатҳи ярим соат ичида 9 метргача кўтарилиб, атрофдаги аҳоли пунктларини ювиб кетган. Маҳаллий ОАВ ва расмийларнинг хабар беришича, Непалдаги тошқинлар оқибатида камида 353 киши ҳалок бўлган, 800 дан ортиқ киши (шу жумладан маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар) бедарак йўқолган дея баҳоланмоқда.

Табиий офат ҳудудидаги бир нечта қишлоқлар, автомобил йўллари, кўприклар ҳамда гидроэлектр станциялари бутунлай вайрон бўлган. Шунингдек, Непал ва Тибет ўртасидаги асосий чегара ўтказиш пункти бўлган Гиронг порти инфратузилмасига ҳам жиддий зарар етган. Айни пайтда энг кўп зарар кўрган Нувакот ва Расува округларида кенг кўламли қидирув-қутқарув операциялари давом эттирилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid