Logo

Сотувчилар «Wildberries» ва «Ozon»ни оммавий равишда судга бермоқда

Bugun 20:451 daqiqa

Россиянинг энг йирик маркетплейслари — «Wildberries» ва «Ozon» омборларига қилинган дрон ҳужумларидан сўнг, ушбу платформалар устидан оммавий суд даъволари бошланди. 400 мингдан ортиқ сотувчи жабр кўрган мазкур ҳолатда умумий зарар 800 миллиард рублгача баҳоланмоқда.

Сотувчилар «Wildberries» ва «Ozon»ни оммавий равишда судга бермоқда

Россиянинг «Wildberries» ва «Ozon» маркетплейслари устидан сотувчилар оммавий равишда судга шикоят қилмоқда. Бунга платформаларнинг омборларига қилинган дрон ҳужумлари ва оқибатда кўрилган миллиардлаб зарар сабаб бўлган. Бу ҳақда «Коммерсант» нашри маълум қилди.

«СПАРК» тизими маълумотларига кўра, 15 июлдан 15 сентябрга қадар «Wildberries» («РВБ» МЧЖ) устидан 599 та ариза келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53,6 фоизга кўп. Ўз навбатида, «Ozon» («Интернет Решения» МЧЖ) га нисбатан 236 та янги даъво аризаси киритилган бўлиб, бу ўтган йилги кўрсаткичдан икки баробар зиёд.

Йўқотилган товарлар ва мураккаб суд жараёнлари

Қайд этилишича, шикоятларнинг асосий қисми онлайн-савдо билан шуғулланувчи кичик бизнес вакилларидан тушмоқда. Маркетплейслар ва тадбиркорларни ривожлантириш халқаро ассоциацияси маълумотларига кўра, ҳужумлар оқибатида 400 мингдан ортиқ сотувчи жабр кўрган. Етказилган умумий зарар эса 600–800 миллиард рубл атрофида баҳоланмоқда.

Маркетплейс сотувчилари уюшмаси вакилларининг айтишича, «Wildberries» ва «Ozon»га қарши даъволар асосан товарларнинг йўқотилиши ортидан кўпайган.

«Сотувчиларнинг зарарни ундириш бўйича даъволари маркетплейсларга бунгача қилинган эътирозлардан кўра анча мураккаб», — дейди Тадбиркорлик ва иқтисодиётни ривожлантириш институти директори Артур Гафаров.

Экспертнинг қайд этишича, суд жараёнларида платформалар вазиятни форс-мажор ҳолатлари билан изоҳлашга уринмоқда. Бу эса уларни товон пули тўлаш мажбуриятидан озод қилиши мумкин.

Teglar