Тошкент вилоятида авиаҳалокат бўйича симуляцион машғулотлар бўлиб ўтди
Сценарийга кўра, Истанбул–Тошкент йўналишида парвоз қилаётган йўловчи самолёти Тошкентга қўнишга яқинлашган вақтда алоқа узилиб, авиаҳалокат юз берди. Йўловчилар эвакуация қилинди, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди ва улар шифохоналарга етказилди.

7-август куни Тошкент халқаро аэропорти ташаббуси билан Ўрта Чирчиқ туманида парвозларни қидирув-қутқарув фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича идоралараро комплекс ўқув машғулоти ташкил этилди. Бу ҳақда аэропорт матбуот хизмати хабар берди.
Машғулот сценарийсига кўра, Истанбул–Тошкент йўналишида парвоз қилаётган йўловчи самолёти Тошкентга қўнишга яқинлашган вақтда алоқа узилиб, авиаҳалокат юз бергани симуляция қилинди. Шундан сўнг самолётни қидириш, қутқарув ишларини ташкил этиш ва фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди. Унга 250 га яқин мутахассис ва 25 та махсус техника жалб этилди.
Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Тошкент халқаро аэропорти мутахассислари ҳамкорлигида ёнғинни ўчириш, йўловчиларни эвакуация қилиш, жабрланганларни ҳолатига қараб саралаш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва шифохоналарга етказиш, самолёт бортидаги хавфли юкни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш бўйича амалий машқлар бажарилди.
Қайд этилишича, бундан кўзланган асосий мақсад — авиаҳалокат содир бўлган тақдирда қатор вазирлик ва идоралар, Тошкент аэропортининг бўлинмалари ўртасида ўзаро ҳамкорликда ҳаракатланишни таъминлаш, авиаҳалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш ҳамда ходимларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини оширишдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексикада самолёт қулаб тушиши оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлганди.





