Уч ҳудуддаги бешта кондан янги газ оқими аниқланди
Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Бухоро вилоятидаги жами бешта кондан газ чиқди, битта кон қайта тикланди.
© Фото: Kun.uz«Ўзбекнефтгаз» Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида жами 6 та қудуқдан саноат миқёсида табиий газ оқими олинганини маълум қилди. Ҳозирда қудуқларда газнинг дебити ва таркиби бўйича таҳлил ишлари олиб борилмоқда.
Компания ахборотига кўра, Қорақалпоғистонда янги юқори босимли кон аниқланган. Бу ҳудудда олинган дастлабки натижалар коннинг саноат аҳамияти юқори бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Мутахассислар қудуқ параметрларини аниқлаш ишларини давом эттирмоқда.
Қашқадарё вилоятида учта, Бухоро вилоятида эса битта қудуқдан газ оқими қайд этилди. Бу натижалар мамлакатнинг жанубий ва ғарбий ҳудудларида қидирув-қазиш ишлари фаоллашганини англатади. Қудуқлардан олинаётган газ ҳажми ва сифат кўрсаткичлари якунлангач, уларни ишлаб чиқариш занжирига улаш масаласи кўриб чиқилади.
Қайта таъмирланган кон
Шу билан бирга, Устюрт ҳудудида жойлашган ва аввал ўз вазифасини бажариб бўлган Шимолий Бердақ конининг 7-сон қудуғи қайта таъмирланди. Таъмирлаш ишларидан сўнг мазкур қудуқдан ҳам саноат миқёсида газ оқими олингани маълум қилинди. Бу эса мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш орқали қўшимча ресурс жалб этиш имконини беради.
Аввалроқ, январ ойида Устюрт минтақасидаги «Мўйноқ» кони яқинида жойлашган қудуқда ҳам саноат миқёсида табиий газ оқими аниқланган эди. Сентябр ойи ўрталарида эса президент Шавкат Мирзиёев Устюрт платосида 6,5 километр чуқурликда жуда йирик газ кони топилганини эълон қилган. Сўнгги топилмалар мамлакат газ захираларини ошириш ва ички таъминот барқарорлигини таъминлашда муҳим омил сифатида баҳоланмоқда.





