add

Давлат банкларини хусусийлаштириш нега кечикмоқда?

Бугун 16:551563

Fitch Ratings cўнгги ҳисоботида Ўзбекистонда банкларни хусусийлаштириш сиёсати ўзгарганига изоҳ берди.

Давлат банкларини хусусийлаштириш нега кечикмоқда?

Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлигининг ноябрь ойидаги ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда банкларни хусусийлаштириш жараёни энди оммавий эмас, балки аниқ йўналтирилган ва мақсадли босқичга ўтмоқда. Дастлаб давлат активларини кенг кўламда сотиш назарда тутилган бўлса, ҳозирда ҳукумат ишончли ва барқарор тижорат моделларига эга бўлган банкларни бозорга тайёрлашга эътибор қаратмоқда.

2017 йилга қадар Ўзбекистон банк тизими давлат сиёсатининг молиявий воситаси эди. Банк активларининг 80 фоиздан ортиғи давлат назоратида бўлиб, кредитлар «тармоқ устуворлиги» асосида тақсимланарди. Банклар рақобатчи эмас, балки давлат лойиҳаларини молиялаштирувчи институтлар сифатида ишлар эди. Аммо мазкур тизим банкларнинг самарадорлигини ва мустақиллигини пасайтириб, кўп ҳолларда барқарорлик бюджет маблағлари билан таъминланиб келди.

Шундай шароитда 2020 йилда 2020-2025 йилларга мўлжалланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси қабул қилинди. Стратегиянинг асосий мақсади — банкларни маъмурий институтдан тижорат субъектига айлантириш, рақобат ва инвестиция муҳитини яратишга қаратилди.

Оммавий эмас, босқичма-босқич хусусийлаштириш

Дастлабги режага кўра, давлат олтита йирик банк Asakabank, SQB, Ipoteka Bank, Aloqabank, Turonbank ва Biznesni rivojlantirish banki (собиқ Qishloqqurilishbank) ни хусусийлаштиришни мўлжаллаган бўлса-да, тажриба чуқур трансформацияни амалга оширмай туриб оммавий сотув самара бермаслигини кўрсатди. Чунки хорижий инвесторлар фақат корпоратив бошқаруви, хатарни бошқариш тизими ва тижорат салоҳияти шаклланган банкларга қизиқиш билдиришди.

Шундан сўнг стратегия қайта кўриб чиқилди. Натижада ҳар бир банк учун алоҳида трансформация дастури ишлаб чиқилди, хусусийлаштириш босқичма-босқич амалга оширилиши, давлатнинг роли молиялаштиришдан эмас, бошқарув ва тартибга солишдан иборат бўлиши белгиланди.

Fitch Ratings ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистондаги банкларни хусусийлаштириш дастури «янги босқичга — аниқ ва мақсадли йўналишга» ўтган. Таъкидланишича, давлат банклари орасида Саноатқурилишбанк (SQB) биринчи бўлиб тўлиқ тижорат моделига ўтган ва хусусийлаштириш учун намунали кейс сифатида кўрилмоқда.

«SQB’нинг муваффақиятли хусусийлаштирилиши бошқа давлат банклари учун намуна бўлади. Бу давлат кафолатлари ўрнига корпоратив бошқарув орқали ишонч яратишнинг янги босқичидир», дея таъкидламоқда Fitch таҳлилчилари.

Янги молиявий архитектура

Банкларни хусусийлаштириш сари бошланган сўнгги ислоҳотларда сотуви истиқболли деб кўрилаётган молия муассасалари улушининг Franklin Templeton халқаро молия гуруҳи бошқарувидаги Ўзбекистон миллий инвестиция жамғармасига ўтказилиши муҳим воқелик сифатида кўрилмоқда. Жумладан, яқинда Саноатқурилишбанк 30 фоиз акциясининг мазкур жамғармага ўтказиб берилиши, таҳлилчилар фикрича, нафақат акциялар ротацияси, балки институционал инвесторлар учун «очиқ эшик» механизмидир.

Fitch маълумотига кўра, жамғарма 2026 йилда IPO ўтказгандан сўнг, SQB’нинг назорат пакети хусусий инвесторларга таклиф этилиши мумкин. Бу жараён муваффақиятли ўтса, Aloqabank ва Asakabank учун ҳам йўл харитасига айланади.

Хулоса ўрнида Агентлик ўз ҳисоботида учта муҳим тезисни белгилайди:

1. Оммавий эмас, мақсадли хусусийлаштириш. Давлат ресурсларни бир нечта муҳим банкларга йўналтирмоқда.

2. Сотувдан олдин трансформация. Ҳар бир банк аввало самарали тизимга айланиши керак.

3. Хорижий инвесторлар учун очиқлик. Миллий инвестиция жамғармаси ва Franklin Templeton иштирокининг ўзи ишонч сигнали сифатида баҳоланади.

Маълумот учун: Franklin Templeton Сингапурдаги «Franklin Templeton Capital Holdings Private Limited» компанияси томонидан ташкил этилган. Ўз навбатида, ушбу компания Америка Қўшма Штатларида 1947 йилда ташкил топган ва бугунги кунда 30 тадан ортиқ мамлакатларда фаолият юритаётган «Franklin Templeton Investments, Inc.» шўъба корхонаси ҳисобланади.

Ўзбекистонда Franklin Templeton Миллий инвестиция жамғармасига тегишли бўлган 15 та давлат корхонаси ва тижорат банклари акцияларидан иборат инвестицион портфелни бошқариб, уларнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган трансформация дастурларини амалга оширади ва мазкур корхона ва банклар акцияларини маҳаллий ва халқаро фонд биржаларига олиб чиқилади.

Теглар

Мавзуга оид

Давлат банкларини хусусийлаштириш нега кечикмоқда? | Vaqt.uz