Корея орзуси ортидаги фирибгарлик: 90 минг доллар пора олган собиқ амалдор қўлга олинди
Жанубий Кореяга ишга юбориш ваъдалари ортида яна йирик фирибгарлик ҳолатлари аниқланди. Биргина Фарғона вилоятининг ўзида ўнлаб минг долларлик фирибгарлик схемалари фош этилди.
© freepik.comБош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳудудларда фуқароларни Жанубий Кореяга иш ва ўқишга юбориш билан боғлиқ бир қатор фирибгарлик ҳолатларини фош қилди.
Энг йирик ҳолатлардан бири Фарғона вилоятида қайд этилди. Тергов маълумотларига кўра, Миграция агентлигининг Фарғона вилояти филиали собиқ раҳбари Б.Х. 8 нафар фуқарони имтиҳондан ўтказиб, Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилган ҳамда улардан жами 90 минг доллар олган.
Фарғона туманида эса А.К. исмли шахс миграция тизимидаги танишлари орқали Кореяга юборишни ваъда қилиб, фуқародан 10 минг доллар олган. Кейинчалик маблағнинг 3 минг доллари қайтарилган.
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида икки нафар шахс 22 нафар фуқарога Кореядан иш топиб беришни ваъда қилиб, жами 34,2 минг доллар ҳамда 79,3 млн сўмни қўлга киритган.
Шу каби ҳолатлар Жиззах, Сирдарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳам аниқланган.
Департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро И.А. (муқаддам судланган) 6 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни Корея давлатига ишга юборишини айтиб, 32 250 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган. Яна бир ҳолатда эса фуқаро Р.А. фуқаро О.Б.нинг ишончига кириб, уни Корея давлатига юбориши учун 7 000 АҚШ долларини фирибгарлик билан қўлга киритганлиги аниқланиб, ушбу пуллар ҳисобидан 100 АҚШ доллари ва 3,8 млн сўмнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган. Вилоятнинг Фориш туманида Н.Э.ни Корея давлатига ишга юборишини айтиб, 4 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида эса фуқаро Х.Х. 6 нафар фуқарони Корея давлатга ишга юбориши учун 19 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланиб, фуқаро Ж.М.дан олган 6 000 АҚШ доллари ҳисобидан 700 минг сўмнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро З.М. фуқаро А.Ғ.ни Корея давлатига ишга юбориши учун 12 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида муқаддам судланган фуқаро Б.И. гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқаро Л.Н.ни Корея давлатига ўқишга ва ишга юборишини айтиб, 5 600 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ миграция ва бандлик тизимида фаолият юритган шахслардан иборат уюшган гуруҳ фош этилгани, 800 дан ортиқ жабрланувчининг мурожаати ўрганилаётгани хабар қилинган эди.
Шу билан бирга, Миграция агентлигининг собиқ бўлим бошлиғи Азизбек Тоштемиров ҳам Интерполнинг «қизил билдиришнома»си орқали халқаро қидирувга берилган. У фирибгарликда айбланмоқда.





