Logo

Ўзбекистонда Amazon Leo интернети ишга тушади

Bugun 10:582 daqiqa

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Amazon Leo ва «UZ-SAT» ўртасида Ўзбекистонда юқори тезликдаги сунъий йўлдош интернетини жорий этиш бўйича келишув имзоланди.

Ўзбекистонда Amazon Leo интернети ишга тушади © spacelaunchnow.me

16–18 июн кунлари пойтахтда ўтаётган V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида АҚШнинг Amazon Leo компанияси ҳамда «UZ-SAT» қўшма корхонаси ўртасида стратегик ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Ҳужжат Ўзбекистон ҳудудида юқори тезликдаги сунъий йўлдош интернет хизматларини йўлга қўйишни назарда тутади. Лойиҳа, аввало, телекоммуникация инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаган ёки умуман мавжуд бўлмаган олис ҳудудларни интернет билан қамраб олишга хизмат қилади.

Интернет чекка ҳудудларгача етиб боради

Amazon Leo тармоғи фойдаланувчиларга нафақат йирик шаҳарлар, балки тоғли ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида ҳам кенг полосали интернетдан фойдаланиш имконини беради.

Бу лойиҳа мамлакатда рақамли хизматлар қамровини кенгайтириш, масофавий таълим, электрон хизматлар ва бизнес имкониятларини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

3 мингдан ортиқ сунъий йўлдошдан иборат тизим

Маълумотларга кўра, Amazon Leo тизими 3 мингдан ортиқ паст орбитал сунъий йўлдошлар гуруҳи асосида ишлайди. Улар оптик алоқа каналлари орқали ўзаро боғланган бўлиб, ер усти станциялари, оптик толали тармоқлар ва интернет алмашув нуқталари билан интеграция қилинган.

Фойдаланувчилар тармоққа Amazon Leo Nano, Amazon Leo Pro ва Amazon Leo Ultra қурилмалари орқали уланади. Ушбу ихчам антенналар дунёнинг деярли исталган нуқтасида юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имконини беради.

Рақобат кучайиши мумкин

Amazon Леўнинг Ўзбекистон бозорига кириши сунъий йўлдош интернети сегментида рақобатни кучайтириши, хизматлар сифати ва қамровини яхшилаши мумкин.

Шунингдек, лойиҳа мамлакатнинг рақамли трансформацияси ва чекка ҳудудларни интернет билан таъминлаш дастурларига қўшимча туртки бериши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Starlink'нинг нега Ўзбекистонда ишга тушмаётганлиги ҳақида маълумот берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда Amazon Leo интернети ишга тушади | Vaqt.uz