Ўзбекистон ислом молиясининг глобал марказларидан бирига айланиши мумкин — TIIF-2026
Тошкент халқаро инвестиция форумида ислом молиясини ривожлантириш, унинг ҳуқуқий базаси, Форс кўрфази давлатларидан инвестицияларни жалб этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
© Foto: ISSV16 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТМИФ-2026) доирасида ўтказилган панель сессияда Ўзбекистонда ислом молияси бозорини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда шариат тамойилларига асосланган молиявий хизматларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Vaqt.uz мухбири хабар бермоқда.
Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носировнинг маълум қилишича, мамлакатда ислом молиясини жорий этиш уч босқичда амалга оширилмоқда. Дастлабки босқичда шариат тамойиллари асосидаги маҳсулотлар микромолия секторида йўлга қўйилган бўлса, кейинги босқичларда ушбу механизмларни капитал бозори ва банк тизимига татбиқ этиш режалаштирилган.
Ҳозирда 12 та микромолия ташкилоти мудораба, муробаҳа, мушорака ва ижара каби молиявий маҳсулотларни таклиф қилмоқда. Таққослаш учун, 2025 йилда бундай хизматларни атиги саккизта ташкилот кўрсатган ва уларнинг умумий операциялари ҳажми 21 млрд сўмни ташкил этган.
Жорий йилнинг дастлабки беш ойида эса ушбу кўрсаткич 22 млрд сўмдан ошди. Операцияларнинг асосий қисми — 63 фоизи муробаҳа, яъни белгиланган устама билан бўлиб-бўлиб сотиш тамойили асосида амалга оширилган. Мудораба битимлари улуши 17 фоизни, мушорака битимлари эса 14 фоизни ташкил этди.
Қайд этилишича, шариат асосидаги молиялаштиришни тартибга солувчи қонун 29 июндан кучга киради. Ҳужжат махсус лицензиялаш тизимини жорий этиш, тўлиқ ислом банклари ва амалдаги банклар таркибидаги “исломий дарчалар” фаолиятини йўлга қўйишни назарда тутади.
Соҳани бошқариш икки поғонали тизим асосида ташкил этилади. Марказий банк ҳузуридаги кенгаш норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш ва секторни мувофиқлаштириш билан шуғулланса, молиявий ташкилотларнинг ўзида алоҳида назорат органлари шариат талабларига риоя этилишини таъминлайди.
Марказий банк 2025 йилда хорижий ҳамкорлар билан ишлаш ва ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш мақсадида махсус лойиҳа офисини ташкил этган. Жорий йилда эса AAOIFI халқаро стандартлари асосида еттитагача янги меъёрий ҳужжатни тасдиқлаш, пруденциал назорат тизимини жорий этиш ҳамда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича дастурларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Форум иштирокчилари Ўзбекистоннинг ислом молияси бозорида юқори ўсиш салоҳиятига эга эканини ҳам таъкидладилар.

Inception Elite Group президенти Рамона Манескунинг фикрича, транспорт, энергетика ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, норматив базадаги ислоҳотлар Ўзбекистонни узоқ муддатли хорижий инвесторлар учун жозибадор бозорга айлантирмоқда. У хусусий капитал оқимини таъминлаш учун тартибга солишнинг барқарорлиги, шаффофлик ва молиявий институтлар ишончлилиги муҳим эканини қайд этди.
AD Wealth бошқарувчи ҳамкори Алишер Жуманов эса Aqua Power, Masdar ва TAQA каби компаниялар аллақачон Ўзбекистон иқтисодиётининг йирик хорижий инвесторларига айланганини, яқин йилларда уларга Форс кўрфази давлатларининг ислом банклари ва инвестиция фондлари ҳам қўшилиши мумкинлигини билдирди.
Унинг баҳолашича, профиль қонун қабул қилинганидан кейин кейинги 10 йил ичида Ўзбекистон ҳамкорлик молияси сегменти бўйича дунёдаги энг юқори ўсиш суръатларини намоён этиши мумкин. Бироқ бунинг учун бозордаги барча иштирокчилар учун тенг рақобат шароитларини сақлаш ва сиёсий барқарорликни таъминлаш муҳим ҳисобланади.
IMAN финтех компанияси асосчиси Рустам Раҳматовнинг қайд этишича, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 95 фоизи ислом динига эътиқод қилади ва фуқароларнинг муайян қисми анъанавий кредит маҳсулотларидан фойдаланишни истамайди. Шу сабабли шариат тамойилларига асосланган молиявий инструментларни жорий этиш банк хизматларидан четда қолаётган аҳолини расмий иқтисодиётга жалб қилиш имконини беради.
Панель муҳокамалари давомида Ислом тараққиёт банки ва бошқа ихтисослашган халқаро институтлар вакиллари Марказий банк билан ҳамкорлик ва маслаҳатлашувларни бошлагани ҳам маълум қилинди. Бу эса Ўзбекистоннинг минтақадаги ислом молияси марказларидан бирига айланиш салоҳиятини янада кучайтириши мумкин.





