Шавкат Мирзиёев АҚШ Эксимбанки раиси билан учрашди
Учрашувда энергетика, инфратузилма, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
© prezident.uzТошкент халқаро инвестиция форуми тадбирлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Эксимбанки президенти ва раиси Жон Ёванович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (ДФC) бош ижрочи директори Бен Блек билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмонлар Мирзиёевга АҚШ Президенти Доналд Трампнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Музокаралар давомида мазкур институтларнинг Ўзбекистонда инфратузилмани ривожлантириш, муҳим минералларни ўзлаштириш, энергетика, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда рақамлаштириш каби юқори технологияли стратегик лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этиши билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
АҚШ Эксимбанки билан ҳамкорлик йўналишида энергетика тармоғини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан келишувга эришилди.
Маҳаллий тадбиркорларнинг устувор соҳалардаги ташаббуслари учун экспорт кредитларини тақдим этишни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
«ДФC» корпорациясининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, энергетика тармоғи ва инфратузилмани модернизация қилишга қаратилган қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Тошкентда янги халқаро аэропортни қуриш, Фарғона вилоятида замонавий тиббиёт мажмуасини ташкил этиш, рақамли банкни ишга тушириш, дата-марказлар ва қуруқ портларни барпо қилиш каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг амалий босқичига ўтиш зарурлиги таъкидланди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган инвестициявий ва технологик лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказгани ҳақида маълумот берган эдик.





