Logo

Дебют: муносиб ўйин, тарихий гол ва мағлубият

Bugun 16:152 daqiqa

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Жаҳон чемпионатидаги дебютини ўтказди. FIFA рейтингида 13-ўринни эгаллаб турган, таркиби 4 баробардан қимматроқ бўлган Колумбияга қарши баҳс осон ўтмади, аммо дебютант кўп эпизодларда ўз тишини кўрсата олди.

Мехикодаги тарихий "Атстека" стадионида ўтган ўйинда биринчи бўлимнинг дастлабки ярми анча эҳтиёткор тарзда кечди. Иккала жамоа ҳам асосан разведка ишлари билан шуғулланди. Аммо "Cooling break", яъни салқинлаб олишга берилган паузадан сўнг Лотин Америкаси вакиллари босимни оширишди ва Ўткир Юсупов дарвозаси олдида бирин-кетин хавфли ҳужумлар ташкил этишди. Дастлаб омад келди — Луис Диаснинг зарбаси устунга тегиб қайтди. Лекин 40-дақиқага келиб, класс ўз сўзини айтди. Диаснинг ажойиб узатмасидан сўнг ҳужум марказида пайдо бўлган ўнг қанот ҳимоячиси Даниэл Муньос чиройли гол урди ва ҳисобни очди — 0:1. Шу тариқа Ўзбекистон биринчи бўлимни зарбасиз якунлади.

Чап қанотдан қониқмаган Фабио Каннаваро иккинчи бўлимни қўшалоқ ўзгариш билан бошлади. Шерзод Насруллаев ва Остон Ўриновнинг ўрнига Фаррух Сайфиев ҳамда Достон Ҳамдамов майдонга туширилди. Ўзгаришлардан сўнг аста-секин хавфли ҳужумлар пайдо бўла бошлади. Биринчи бўлимда ўнг қанотда ўйнаган Аббос Файзуллаев иккинчи бўлимда ўзига қулайроқ чап қанотда ҳаракат қилиб, рақиб ҳимоясига хавф сола бошлади. 60-дақиқага келиб, Ўзбекистон тарихидан ўрин олган гол юзага келди. Чап қанотдан узатилган тўпни Элдор Шомуродов дарвозага йўллади, устун ва дарвозабонга тегиб қайтган тўпни эса Файзуллаев очиқ дарвозага киритиб миллий жамоанинг мундиаллардаги илк голи муаллифига айланди — 1:1.

Аммо хурсандчилик узоққа чўзилмади. Ҳисобни тенглаштирганидан кейин ҳам ортга чекинмаган "оқ бўрилар" 65-дақиқада марказда Элдор Шомуродовнинг тўп йўқотишидан сўнг қарши ҳужумда жазоланишди. Луис Диас биринчи бўлимдаги assistдан сўнг ўз ҳисобига гол ҳам ёздириб қўйди — 1:2.

Шундан кейин жамоа қолган дақиқаларда ҳисобни тенглаштириш учун олдинга ўтди. Акмал Мозговойда яхши имконият юзага келди. Бир қанча стандарт вазиятлар бўлди, аммо уларнинг бирортасидан мақсадли фойдаланилмади. Стандартлар бўйича ишлаш — замонавий футбол талаби. Айниқса, ўзидан кучли жамоаларга қарши гол уриш қийин пайтда стандартларга таянишга тўғри келади. Шу жиҳат бўйича камчиликлар кўринди.

Қўшиб берилган дақиқаларда Колумбия ҳужумга ўтиб кетган Ўзбекистонни яна бир бор жазолади — заҳирадан тушган Кампас боши билан гол уриб, ўйинга нуқта қўйди — 1:3. Шундан сўнг Ўзбекистон иккинчи голини уришга яқин келди — мағлуб жамоадаги энг ёрқин футболчилардан бири, 18 ёшли Беҳруз Каримов узоқ масофадан супер зарба йўллади, аммо тўп тўсинга тегиб қайтди ва ҳисоб ўзгармай қолди — Каннаваро жамоаси икки тўп фарқидаги мағлубиятни қабул қилиб олди.

Умуман олганда, Ўзбекистон дебютант сифатида муносиб қаршилик кўрсатишни уддалади, иложсиз жамоадек кўринмади. Энди 2-турдаги рақиб — аламзада Португалия. Роналду жамоаси 1-турда Конго билан дурангдан сўнг танқидлар остида қолди. Шунинг учун Ўзбекистонга қарши ишончли ғалаба учун ўйнаши аниқ. "Yevropa Braziliyasi"га қарши баҳс 23 июнь куни Тошкент вақти билан соат 22:00да бўлиб ўтади.

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 103

Barchasi

Mavzuga oid

Дебют: муносиб ўйин, тарихий гол ва мағлубият | Vaqt.uz