50 йилга нол солиқ ставкаси ва инглиз ҳуқуқи: Тошкент халқаро молия маркази қандай ишлайди?
Тошкент халқаро молия марказида молия компаниялари учун алоҳида солиқ ва ҳуқуқий режим жорий этилмоқда. Иштирокчилар 2076 йилгача айрим солиқлардан озод қилинади, тижорат муносабатлари эса Англия ва Уэлс умумий ҳуқуқи асосида тартибга солинади. Хўш, марказ амалда қандай ишлайди?

Президент Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида Тошкент халқаро молия маркази иштирокчилари учун фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ва божхона божларини нол фоиз этиб белгилаш режасини маълум қилди.
Давлат раҳбарининг айтишича, мазкур имтиёзлар дастлабки босқичда 50 йил давомида амал қилади. Марказ иштирокчиларига капитални эркин олиб чиқиш, исталган валютада ҳисоб-китоб қилиш, молиявий технологиялар, рақамли активлар ва «яшил» молия воситаларидан фойдаланиш имконияти берилади.
Марказда Англия ҳуқуқига асосланган махсус тартиб жорий қилиниши, мустақил молиявий регулятор ҳамда хорижий судьялар ва экспертлар фаолият юритадиган Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.
Аммо Тошкент халқаро молия маркази оддий солиқ имтиёзлари бериладиган эркин иқтисодий зона эмас. У ўзининг тартибга солиш тизими, ҳуқуқий қоидалари, лицензиялаш органлари ва низоларни кўриб чиқадиган судига эга алоҳида молиявий юрисдикция сифатида шакллантирилмоқда.
Марказда кимлар фаолият юритиши мумкин?
Тошкент халқаро молия маркази фақат анъанавий банклар учун мўлжалланмаган. Президентнинг 2026 йил 30 мартдаги фармонига кўра, марказ ҳудудида қуйидаги йўналишларда фаолият юритишга рухсат берилади:
банк ва инвестиция фаолияти;
суғурта ва қайта суғурта хизматлари;
қимматли қоғозлар ва капитал бозори;
тўлов тизимлари ва молиявий технологиялар;
рақамли ва криптоактивлар;
исломий ва «яшил» молия;
аудиторлик, консалтинг ва юридик хизматлар.
Марказ иштирокчиси бўлиш учун компания унинг ҳудудида рўйхатдан ўтиши, тегишли лицензия ёки рухсатномани олиши ва марказ регулятори белгилайдиган талабларга жавоб бериши керак бўлади.
Шунинг учун имтиёзлар Тошкент шаҳрида ишлаётган барча компанияларга автоматик равишда татбиқ этилмайди. Нол солиқ режимидан фақат марказ иштирокчиси мақомини олган ва белгиланган фаолият билан шуғулланувчи ташкилотлар фойдаланиши мумкин.
Марказ Tashkent City мажмуаси ҳудудида — Ислом Каримов кўчаси, Янги Тошкент йўли ва Ўқчи кўчаси оралиғида жойлашади. Бу ерда Hilton Tashkent City, Халқаро конгресс маркази, NestOne мажмуаси ҳамда Lukoil офиси жойлашган.
«Нол солиқ» амалда нимани англатади?
Президент форумдаги нутқида фойда солиғи, ҚҚС, мол-мулк солиғи ва божхона божларини нол фоиз этиб белгилашини айтди. Амалдаги Президент фармонида эса имтиёзларнинг аниқ қўлланиш доираси батафсилроқ кўрсатилган.
Фармонга мувофиқ, марказ органлари ва иштирокчиларининг марказ ҳудудида кўрсатган хизматларидан олган даромадлари фойда солиғи ва ижтимоий солиқдан озод қилинади. Бунда рақамли активлар биржалари мазкур имтиёздан мустасно қилинган.
Марказ органлари ва иштирокчилари кўрсатадиган хизматлар қўшилган қиймат солиғидан ҳам озод этилади.
Марказ ҳудудида фойдаланиш ёки истеъмол қилиш учун импорт қилинадиган товарлар бўйича божхона тўловлари ундирилмайди.
Мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёз эса фармон матнида марказ органлари тасарруфидаги ёки улар фойдаланадиган объектларга нисбатан белгиланган.
Бундан ташқари, марказ фонд биржасининг расмий рўйхатига киритилган қимматли қоғозларни сотишдан олинган даромадлар, улар бўйича дивиденд ва фоизлар ҳам солиқлардан озод қилинади.
Марказ иштирокчиси бўлган компанияларнинг акциялари ёки устав капиталидаги улушларини сотишдан олинадиган даромадларга ҳам солиқ имтиёзи берилиши кўзда тутилган.
Мазкур имтиёзлар 2076 йил 1 январгача, яъни қарийб 50 йил давомида амал қилиши белгиланган.
Марказ ходимлари ҳам солиқ имтиёзи оладими?
Марказда ишлайдиган чет эл фуқароларига тўланадиган меҳнат даромадлари жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилинади.
Ўзбекистон резиденти бўлган ходимлар учун эса марказ органлари ва иштирокчиларидан олинадиган иш ҳақи бўйича даромад солиғи ставкаси 7 фоиз этиб белгиланади.
Марказ органлари ва иштирокчиларига хорижий фуқароларни алоҳида меҳнат фаолияти тасдиқномасини олмасдан ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилади.
Чет эллик ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун беш йилгача амал қиладиган махсус виза тартиби ҳам жорий этилиши режалаштирилган.
Бу халқаро банклар, юридик компаниялар, инвестиция фондлари ва аудиторлик ташкилотларига хориждан тажрибали мутахассисларни жалб қилишни осонлаштириши мумкин.
Инглиз ҳуқуқи Ўзбекистонда қандай ишлайди?
Марказнинг энг муҳим хусусиятларидан бири — унинг ҳудудида Англия ва Уэлс умумий ҳуқуқи ҳамда адолат тамойилларини тўғридан-тўғри қўллаш режасидир.
Бу марказ ҳудуди Буюк Британия юрисдикциясига ўтади ёки Ўзбекистон қонунлари умуман ишламайди дегани эмас.
Англия ҳуқуқи, асосан, марказдаги фуқаролик, корпоратив, тижорат, банк ва молиявий муносабатларга татбиқ этилади. Марказ тўғрисидаги Конституциявий қонун ёки марказнинг ўз ҳужжатларида бошқа қоида белгиланган бўлса, ўша махсус нормалар устун туради.
Масалан, компаниялар ўртасидаги инвестиция битими, акциядорлик келишуви, облигация чиқариш, қарз мажбурияти ёки компанияни сотиб олиш билан боғлиқ низо инглиз ҳуқуқи тамойиллари асосида ҳал қилиниши мумкин.
Инглиз ҳуқуқининг танланиши халқаро инвесторлар учун тушунарли ва олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган ҳуқуқий муҳит яратиш мақсади билан изоҳланади.
Халқаро кредитлар, облигациялар, инвестиция фондлари, қўшилиш ва сотиб олиш битимлари ҳамда йирик акциядорлик келишувларида инглиз ҳуқуқи кенг қўлланади.
Натижада хорижий инвестор Ўзбекистондаги лойиҳасида ўзи халқаро битимларда ишлатиб келган ҳуқуқий воситалардан фойдаланиши мумкин бўлади.
Англия ва Уэлс ҳуқуқи айнан қандай тартибда ишлаши ҳозирча якуний белгиланмаган. Бу марказ тўғрисидаги Конституциявий қонуннинг охирги таҳририда назарда тутиладиган нормаларга боғлиқ бўлади.
Президентнинг 30 мартдаги фармонида марказ ҳудудида махсус ҳуқуқий режим Конституциявий қонун билан ўрнатилиши белгиланган. Шу билан бирга, фармонда ушбу режим доирасида Англия ва Уэлс умумий ҳуқуқи ҳамда адолат тамойилларини тўғридан-тўғри қўллаш назарда тутилган. Бунда Конституциявий қонун ва марказнинг ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган истиснолар ҳисобга олинади.
Конституциявий қонун лойиҳасининг Қонунчилик палатасида қабул қилинган таҳририда эса марказ ҳудудида Ўзбекистон Конституцияси, Конституциявий қонун ва марказ қарорларига зид бўлмаган ҳолда Англия ва Уэлс ҳуқуқининг принциплари, қонунчилиги ҳамда суд прецедентларини қўллаш таклиф қилинган эди.
Бироқ мазкур ҳужжат ҳали якуний қабул қилинмаган. Шу сабабли Англия ҳуқуқининг қайси муносабатларга татбиқ этилиши, Ўзбекистон қонунчилиги билан коллизия юзага келганда қайси норма устун бўлиши, инглиз суд прецедентларидан қандай фойдаланилиши ва Тошкент халқаро тижорат судининг бу борадаги ваколатлари якуний Конституциявий қонунга боғлиқ.
Демак, ҳозирча Англия ҳуқуқи марказда тўлиқ ва шаклланган тартибда ишлай бошлаган, деб айтиш нотўғри. Ҳозир мавжуд бўлган фармон умумий моделни белгилайди, унинг амалий механизмлари эса Конституциявий қонун ва кейинчалик марказ органлари қабул қиладиган ҳужжатлар орқали аниқлаштирилиши керак.
Алоҳида тижорат суди қандай ишлайди?
Марказ таркибида Тошкент халқаро тижорат суди ташкил қилинади. У биринчи инстанция ва апелляция босқичларидан иборат бўлиши режалаштирилган.
Суд марказ фаолияти билан боғлиқ низоларни, тарафлар мазкур суд юрисдикциясини танлаган шартномалардан келиб чиқадиган ишларни ҳамда айрим халқаро арбитраж масалаларини кўриб чиқиши мумкин бўлади.
Суд фаолиятига хорижий судьялар ва халқаро экспертларни жалб қилиш кўзда тутилган.
Унинг қарорлари тарафлар учун мажбурий бўлади ва Ўзбекистон судлари ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда ижро қилиниши режалаштирилган.
Бундай тизимнинг мақсади — инвесторларни Ўзбекистондаги битим бўйича низо юзага келганида Лондон, Дубай ёки Сингапур судлари ва арбитраж марказларига мурожаат қилишга мажбур қилмаслик.
Капитални чексиз олиб чиқиб кетиш
Фармонда марказ иштирокчиларига унинг ҳудудидаги фаолиятдан олинган капитал ёки даромадни чекловларсиз репатриация қилиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилган.
Яъни хорижий инвестор киритган капиталини, олган фойда ва дивидендларини ёки компаниядаги улушини сотишдан тушган маблағни хорижга олиб чиқиши мумкин бўлади.
Марказ иштирокчилари пул мажбуриятларини шартномаларда белгиланган хорижий валютада, айрим ҳолатларда эса криптоактивларда ҳам бажариши мумкин.
Бироқ бу тартиблар компанияларни молиявий мониторинг, санкциялар, пул ювишга қарши кураш ва маблағларнинг келиб чиқишини текшириш талабларидан озод қилмайди.
Марказнинг ташкилий бошқарувида кимлар бор?
ТХММ фаолиятини президент бошчилигидаги кенгаш бошқаради. Президент Шавкат Мирзиёев кенгаш раиси ҳисобланади.
Кенгаш таркибига қуйидаги амалдорлар киради:
Жамшид Қўчқоров — Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири
Жамшид Хўжаев — Бош вазир ўринбосари
Шерзод Озодзода — Президент администрацияси раҳбарининг тадбиркорлик лойиҳалари бўйича ўринбосари
Лазиз Қудратов — инвестициялар, саноат ва савдо вазири
Акбар Тошқулов — адлия вазири
Тимур Ишметов — Марказий банк раиси
Дмитрий Ли — Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори
Шунингдек, кенгаш таркибига ТХММ бошқарувчиси, молиявий хизматлар бошқармаси бошлиғи ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги мустақил эксперт киради.
Бундан ташқари, халқаро молия марказлари, капитал бозорлари ва банк соҳаси бўйича уч нафар мустақил халқаро эксперт ҳам тайинланади. Кенгашнинг мустақил аъзолигига номзодлар танлов асосида аниқланади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан уч йил муддатга лавозимга тайинланади.
Оддий компаниялар марказдан қандай фойдаланиши мумкин?
Марказнинг бевосита иштирокчилари асосан молиявий ва профессионал хизмат кўрсатувчи компаниялар бўлади. Аммо унинг хизматларидан бошқа маҳаллий корхоналар ҳам фойдаланиши мумкин.
Масалан, Ўзбекистон компанияси марказ орқали облигация чиқариши, акцияларини инвесторларга таклиф қилиши ёки халқаро инвестиция фондидан капитал жалб қилиши мумкин.
Энергетика компаниялари «яшил» облигациялар, исломий молия воситалари орқали эса сукук ва бошқа муқобил молиялаштириш инструментларини чиқариш имкониятига эга бўлиши мумкин.
Маҳаллий компаниялар марказдаги банк, суғурта, аудиторлик, юридик ва консалтинг хизматларидан ҳам фойдаланади.
Шу маънода, Тошкент халқаро молия маркази фақат хорижий компаниялар учун солиқ зонаси эмас, балки Ўзбекистон бизнесининг халқаро капитал бозорига чиқиш майдони сифатида кўрилмоқда.
Ҳуқуқий асос ҳали тўлиқ шаклланмаган
Тошкент халқаро молия марказини ташкил қилиш бўйича ҳуқуқий асос умуман мавжуд эмас, деб бўлмайди. Президентнинг 30 мартдаги ПФ–48-сонли фармони кучга кирган ва унда марказнинг тузилиши, фаолият йўналишлари, режалаштирилган имтиёзлари ҳамда умумий ишлаш модели белгиланган.
Бироқ фармоннинг ўзида марказ ҳудудидаги махсус ҳуқуқий режим алоҳида Конституциявий қонун билан ўрнатилиши қайд этилган.
«Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган эди. Аммо Сенат 13 июнь куни ҳужжатни маъқулламади ва такомиллаштириш учун қуйи палатага қайтарди.
Сенаторлар, хусусан, Тошкент халқаро тижорат суди судьяларига қўйиладиган талабларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдирди.
Шунингдек, суднинг халқаро арбитражга оид ишларни, маъмурий-ҳуқуқий низоларни кўриш ҳамда Конституция ва қонунларга шарҳ бериш ваколатларини аниқроқ белгилаш таклиф қилинди.
Ҳужжатни қайта ишлаш учун Сенат ва Қонунчилик палатаси вакилларидан иборат келишув комиссияси тузилиши белгиланган.
Teglar






