Logo

АҚШ ва Эрон тинчлик битимини имзолади

Bugun 13:052 daqiqa

Доналд Трамп ва Масъуд Пезешкиён урушни тўхтатишга қаратилган вақтинчалик келишувни имзолади. Бироқ Трамп Теҳрон мажбуриятларни бузса, ҳужумлар қайта бошланишини айтди.

АҚШ ва Эрон тинчлик битимини имзолади © thecsrjournal.in

АҚШ ва Эрон президентлари икки давлат ўртасидаги урушга якун ясашга қаратилган вақтинчалик келишув матнини имзолади. Келишув 60 кун давомида амал қиладиган сулҳ режимини назарда тутади ва томонларга якуний тинчлик битими бўйича музокаралар олиб бориш имконини беради. Бу ҳақа Reuters хабар берди.

Маълумотларга кўра, Эрон битим шартларига амал қилмаса, Вашингтон ҳарбий зарбаларни қайта бошлайди.

«Келишув бузилса, яна бомбардимон қиламиз. Мен буни истамайман, лекин улар мажбуриятларига риоя қилиши керак», — деди Трамп.

Трамп, шунингдек, Эронга ҳужум қилиш учун аввал келтирган сабабларидан биттасидан воз кечди. У аввалроқ Теҳроннинг баллистик ракеталарини йўқ қилишга ваъда берган бўлса-да, энди Эроннинг бундай ракеталарга эга бўлмаслигини «адолатсизлик» дея баҳолади.

Эрон томони эса келишувни тарихий қадам сифатида баҳоламоқда

«Музокаралар орқали ҳарбий ҳаракатлар билан эришмоқчи бўлганимиздан кўпроғига эришдик; буни ҳатто таққослаб ҳам бўлмайди»,

— деди Эроннинг бош музокарачиси Муҳаммад Боқир Қолибоф давлат телевидениесига берган интервюсида. Маълумот учун, ушбу келишув Эроннинг музлатилган миллиардлаб долларлик активларини блокдан чиқаришни ҳам ўз ичига олади.

АҚШ ва Исроил 28-феврал куни Эронга қарши уруш бошлаб, биринчи куннинг ўзидаёқ 86 ёшли Олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий ва ҳарбий етакчиларни ўлдирган эди. Бу тез орада минтақавий можарога айланиб, асосан Эрон ва Ливанда 7000 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлди; энергия нархларининг ошишига олиб келди; инфлятсия босимини кучайтирди ҳамда ривожланаётган мамлакатларда жиддий озиқ-овқат инқирози бўйича хавотирларни келтириб чиқарди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вашингтон ва Теҳрон ўртасида имзоланиши кутилган 14 бандлик келишувнинг матни ҳақида маълумот берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid